Жамият | 12:22 / 30.03.2024
14864
3 дақиқада ўқилади

“Қишлоқ ёшларини бир жойга жамладим” – 18 ёшли ўқув маркази раҳбари

Ҳожиакбар Мухторжонов Фарғона вилояти Риштон туманида ўқув маркази очиб 16 кишини иш билан таъминлаган. Марказда айни пайтда 400 нафарга яқин ўқувчи турли фанлардан таҳсил оляпти. “18 ёшимда ўқув маркази очиб мустақил даромадга киришимга отам ишонмаган эди”, дейди Ҳожиакбар.

Ҳожиакбар Мухторжонов ўқув маркази очишдаги қийинчиликлар, отасининг доимий қўллаб тургани, раҳбар бўлиш масъулияти ҳақида сўзлаб берди:

“Бундан 8-9 йил аввал отамнинг иши пойтахтда бўлгани учун Тошкентга кўчиб кетганмиз. Танишларимдан бири ўқув марказ очаётгани, ташкилий ишларда ёрдам беришимни сўради. Дўстим билан соҳа ичига кириб бориб ўзим ҳам қизиқиб кетдим.

Ўтган йили водийга келиб, инглиз тилидан ўқитувчи излаб кўп ўқув марказларига кирдим. Мен кўрган ўқув марказларининг шароитлари унчалик яхши эмасди. Ҳолат билан танишиб ўзим шу Фарғонада яхши шароитли, хизмат кўрсатиш ҳам қониқарли бўлган ўқув марказ очсам-чи, деб ўйлаб қолдим. Қилинадиган ишлар, харажатларни ёзиб, ҳисоб-китоб қилдим. Тошкентга боргач, отам билан маслаҳатлашдим, таклифим ёқди, қўллаб-қувватладилар. Риштон туманининг Зоҳидон қишлоғи марказида амакимнинг икки қаватли бўш турган биносини кўриб, шу ерда ташкил қиладиган бўлдик. Усталар топиб, ўзим ҳам қўшилиб ишлай бошладим. Ўтган йилнинг август ойида ўқув марказимиз очилди. Шароитларини қўлдан келганча ёз-қиш мавсумларига мослаб, жиҳозларни ҳам яхши қилдик.

Ҳозирги пайтда марказда 400 нафарга яқин ўқувчи ўқийди. 16 нафар ходимни иш билан таъминладим. Кўпроқ чет тиллари ўтилади марказимизда, масалан, турк, араб, инглиз, рус, корейс тиллари. Бундан ташқари, математика, тарих, ҳуқуқ, кимё, биология каби фанлардан ҳам дарс бўлади.

Бошланишида отамга 10 минг доллар билан очсак бўлар экан, деб айтганман. Бердилар айтган пулимни. Ишни бошладик, лекин ҳали таъмирлаш ниҳоясига етмасдан пул тугади. Ҳар 2-3 кунда отамга пул керак деб телефон қилардим. Бошидан мақсадим бу ердаги бошқа ўқув марказлардан шароити яхшироқ бўлиши эди. Шунинг учун ҳам пул кўпроқ кетди. Мана, энди ҳар ой 10-15 млн сўм беряпман отамга ҳам. Ҳали 18 ёш, эплаб кетоладими, йўқми, деб ўтирмасдан, ишониб пул топиб берганлари жуда катта иш бўлди.

Бошланишида ўқувчи йиғиш қийин бўлди, кўп рекламалар қилдик. Нархни ҳам бошқа ўқув марказларга нисбатан пастроқ қилганмиз, чунки кўпчилик қишлоқ одамлари, баъзиларнинг шароити кўтармаслиги мумкин. Шунча ишлари, деҳқончилигидан ортиб ўқиш учун келишади, илмли йигит-қизлар кўп.

Ҳозир ўзимнинг бошқарув тажрибам ҳам бирмунча ошган. Бошида ўзимдан катта ўқитувчилар билан қандай ишлашни унча билмасдим. Энди битта бу марказ билан чекланмоқчи эмасмиз, келажакда чекка ҳудудларда ҳам филиалларимизни очмоқчимиз”.

Сарвар Зиёев, Kun.uz
Монтаж устаси: Шоҳрузбек Абдурайимов

Мавзуга оид