Ўзбекистон | 15:52 / 28.01.2020
16048
4 дақиқада ўқилади

«Корея 30 йилда қилган ишни биз бир неча ойда қилишимиз зарур» — Касбий таълимда янги тизим яратилмоқда

Ўзбекистонда миллий квалификация рамкаси, касб ва мутахассисликлар бўйича профессионал стандартлар ва табақалаштирилган таълим дастурлари ишлаб чиқилмоқда.

Янги рамка стандартлар 2020-2021 ўқув йилидан амалга татбиқ этилиши зарур. Бу ҳақда Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси бошлиғи Улуғбек Тошкенбаев маълум қилди, деб хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

«Ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистон профессионал таълим дастурлари ЮНЕСКО ташкилоти томонидан қабул қилинган Таълимнинг халқаро стандарт таснифлагичи (МСКО) даражалари билан уйғунлашмагани, ўқув жараёнига Ўзбекистоннинг миллий квалификация тизими тўлиқ жорий этилмагани туфайли мамлакатимизда тайёрланаётган кадрлар халқаро ва миллий меҳнат бозорида муносиб ўрин эгаллашда қийинчиликларга дуч келаётган эдилар.

Янги таълим стандартлари ишлаб чиқилиши жараёнида эса уларнинг халқаро стандартларга мослиги таъминланади», – деди Тошкенбаев сешанба куни Тошкентда ўтган семинарда.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Инспекция ташкил этган семинарда халқаро экспертлар ва тегишли вазирликлар ходимлари иштирокида мазкур мавзу муҳокама қилинди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Умрзоқовнинг айтишича, Жанубий Корея ушбу вазифани 30 йил давомида амалга оширган.

«Бироқ биз миллий малакавий рамкаларни (квалификациялар) апрелгача - бир неча ой давомида ишлаб чиқишимиз зарур. Албатта, ҳозир информацион технологиялар ва информацион рақамлар мавжудлиги ишимизни осонлаштиради, бироқ зиммамиздаги вазифа катта», – деб таъкидлади Баҳодир Умрзоқов.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

«Айни пайтда жаҳон меҳнат бозорида ёшларимиз қўлларида малака сертификати бўлишига қарамасдан энг паст миқдорда ойлик тўланадиган ишларни қилишга мажбур бўлишмоқда.

Шунда ҳам улар орқали ҳар йили Ўзбекистонга 7,5 миллард АҚШ долларгача маблағни кириб келади. Агар ёшларни ўқитиш механизмини, таълим квалификациясини халқаро стандартларга мослаштирсак, халқаро меҳнат бозоридан 20 миллиард сўмгача маблағ кириб келади», – дейди Умрзоқов.

Иқтисодиёт ва саноат вазири ўринбосари Ботир Усмоновнинг қайд этишича, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки тадқиқотлари иш берувчилар ва таълим ўртасида катта бўшлиқ пайдо бўлганини кўрсатмоқда.

Ботир Усмонов
Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Янги стандартларни тезроқ ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали имкон қадар бу камчиликни тезроқ бартараф этиш зарур. Бунда кадрлар тайёрлаш ва касб классификацияси бир-бирига мувофиқ бўлиши керак.

«Соҳа малака рамкалари ёки профессионал стандартларни яратиш учун ҳаммасини нолдан бошлаш шарт эмас. Чунки атрофимиздаги жуда кўп давлатлар бу нарсани аллақачон жорий қилишган.

Масалан, авиация соҳасидаги меҳнат муносабатларини мувофиқлаштирувчи ICAO (Халқаро фуқаро авиацияси ташкилоти) мавжуд бўлиб, у тизимдаги ҳар бир касбга ўз мувофиқлаштирувчи стандартини яратган. Агар биз техникум, билим юртларида ХФАТ талабларига мос равишда ўқитиб, диплом берсак, бу ҳужжат кейинчалик дунёнинг барча давлатларида қабул қилинади.  Халқаро талаб бажарилганлиги тан олиниб, диплом халқаро миқёсда аттестация талабларига жавоб беради.

Ҳар бир соҳада - қишлоқ хўжалиги, саноат йўналишларида шу механизм билан ишласак, велосипедни қайтадан ихтиро қилиб ўтиришга ҳожат қолмайди», – дея ўз таклифларини билдирди Ботир Усмонов.

Анжуманда қайд этилишича, профессионал таълим стандартлари ва миллий квалификация тизимини яратиш бўйича ҳар бир манфаатдор вазирлик таклифлар бериши ва улар апрель ойига қадар умумлаштирилиши зарур.

Мавзуга оид