Жаҳон | 18:26 / 29.06.2023
18895
5 дақиқада ўқилади

Полициячи ўсмирни отиб қўйиши ортидан Францияда тартибсизликлар бошланди. Сўнгги тафсилотлар

Тартибсизликларнинг иккинчи кунига келиб 150 дан ортиқ киши қўлга олинган, ўнлаб машиналарга ўт қўйилган.

Geoffroy van der Hasselt / AFP / Scanpix / LETA

Полициячилар Нантерреда (Париж марказидан 11 км масофада, пойтахтнинг энг йирик чекка районларидан бири) 17 ёшли ўсмирни отиб қўйганидан кейин Франциянинг йирик шаҳарларида иккинчи тун тартибсизликлар давом этди. Ил-де-Франс, Лион, Тулуза, Лилл ва Дижон тартибсизликлар ичида қолган. 29 июнга ўтар кечаси полиция мамлакат бўйлаб камида 150 кишини қўлга олди, деб хабар берди ички ишлар вазири Жералд Дарманен.

Reuters маълумотига кўра, мамлакатнинг турли шаҳарларида намойишчилар бошқа ишлар қаторида автомобиллар ва маъмурият биноларига машъалалар улоқтиришган. Agence France-Presse агентлиги полициядаги манбасига таяниб хабар беришича, бир гуруҳ кишилар Фресн қамоқхонаси ҳудудига киришда ўрнатилган қўриқлаш постига ҳужум уюштириб, бу ерга ҳам ўт қўймоқчи бўлишган.

«Республика рамзларига тоқат қилиб бўлмас зўравонликлар кечаси: мэриялар, мактаблар ва полиция маҳкамаларига ҳужумлар ва ўт қўйишлар. 150 киши қўлга олинган. [Тартибсизликлар иштирокчиларига] мардонавор қарши турган полициячилар, жандармлар ва ўт ўчирувчиларни қўллаб-қувватлайман. Хотиржамликка чақирмаётганлар учун бу шармандалик», — деган Дарманен твиттерида.

Нантерреда 28 июнга ўтар кечаси рўй берган тартибсизликлар
Geoffroy van der Hasselt / AFP / Scanpix / LETA

Франция президенти Эммануэл Макрон «изоҳлаб ва йўл қўйиб бўлмайдиган» бу зўравонликни қоралади. Бир кун олдин у мамлакат аҳолисини тинчланишга, жумладан Нантерреда қурбоннинг дафн маросими вақтида хотиржамлик сақлашга чақирганди. Марш 29 июн куни ўтказилмоқда. Франция ИИВ хабарига кўра, Париж районида икки мингга яқин полициячилар сафарбар қилинган.

Ҳозирча тартибсизликлар оқибатида етказилган зарарнинг якуний миқдори маълум эмас. Биринчи кунги намойишлардан кейин Дарманен 31 киши қўлга олингани, 24 нафар полициячи енгил жароҳат олгани, 40 га яқин автомобиллар ёқиб юборилганини айтганди.

Париж чеккасидаги ратуша (шаҳар бошқармаси)да чиққан ёнғинни ўчириш жараёни
AFP / Scanpix / LETA

Францияда намойиш ва тартибсизликлар 27 июн тонгида Нантерреда полициячи 17 ёшли ўсмир Наэл М.ни (қурбоннинг тўлиқ исм-шарифи ошкор этилмаяпти) қўлга олиш чоғида отиб ўлдирганидан кейин бошланиб кетди. Прокуратура маълумотига кўра, полициячилар патрули Наэлнинг автомобилини йўл ҳаракати қоидаси бузилгани учун тўхтатишган.

Аввалига полициячилардан бири машинасини ўз устига ҳайдаб келган ўсмирга ўқ узиб, уни кўкрагидан яралагани айтилганди. Аммо бу версия ҳодисанинг ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоёзувига мос келмайди. Le Monde ва AFP журналистлари видео ҳақиқийлигини тасдиқлашган.

Видеоёзувда тўхтаб турган машина ёнида икки полициячи тургани, улардан бири ҳайдовчига қурол ўқталаётганини кўриш мумкин. Шу билан бирга шундай овоз эшитилади: «Бошингдан ўқ ейсан». Кейин автомобил жойидан кескин қўзғалади, полициячи эса ҳайдовчини яқин масофадан туриб отиб ташлайди. Бир неча метр юрганидан кейин машина тўсиққа бориб урилади.

Тартибсизликлар ватқида ёқиб юборилган автомобиллар, улар Париж чеккасидаги полиция маҳкамаси биноси яқинида бўлган.
Bertrand Guay / AFP / Scanpix / LETA

Кейинроқ AFP агентлигининг полициядаги манбаси маълум қилишича, ўсмир полициячилар талабига бўйсунишдан бош тортган. Агентлик маълумотига кўра, ҳодиса вақтида автомобилда яна икки киши бўлган. Улардан бири тезда қўлга олинган, иккинчиси қочиб кетган.

Ўсмирни отиб ўлдирган 38 ёшли полициячи ҳибсга олинган ва қотиллик иши бўйича сўроқ қилинмоқда. Қурбоннинг оиласи вакиллари ёлғон кўрсатма бергани учун полициячига қарши яна бир даъво қўзғамоқчи, шунингдек унинг ҳамкасбига қарши — қотилликдаги иштироки учун.

Франциядаги иккита етакчи полициячилар касаба уюшмаси полиция ходимларини ҳимоясига олиб, гумонланувчи акси исботланмагунча айбсиз бўлиб қолишини қайд этган. Бундан ташқари, Нантерре прокуратураси яна бир иш очган: полиция талабларига бўйсунишдан бош тортиш ва «ҳокимият вакилини ўлдиришга уриниш» билан боғлиқ.

Эммануэл Макрон Наэл М.нинг ўлдирилишини «кечириб бўлмас» деб атади ва унинг қариндошларига ҳамдардлик билдирди. У «адлия ўз ишини бажара олиши» учун мамлакат аҳолисини хотиржамликка чорлади.

Reuters маълумотига кўра, ўлдирилган ўсмир француз-жазоир оиласи вакили бўлган. Агентликнинг қайд этишича, бу Францияда 2023 йилда қўлга олиш вақтидаги ўлим билан боғлиқ учинчи ҳолат бўлди. Ўтган йили бу каби 13 ҳолат рўй берган. 2021 йилда ҳайдовчиларни қўлга олиш чоғида уч ўлим содир бўлган, 2020 йилда эса — икки ҳолат. Reuters ҳисобларига кўра, 2017 йилдан буён қўлга олиш чоғида вафот этганларнинг кўпчилиги — келиб чиқишига кўра африкалик ёки араб бўлган.

Мавзуга оид