Жаҳон | 22:36 / 24.10.2024
4706
2 дақиқада ўқилади

Париждаги Нотр-Дам соборига кириш пулли бўлади

Франция маданият вазири Париж архиепископига соборга кириш истагида бўлган барча туристлар учун рамзий тўлов ўрнатишни таклиф қилди.

Фото: AFP

Франция маданият вазири Нотр-Дам соборига киришни пулли қилиш таклифини берди. Бу ҳақда у Le Figaro газетасига берган интервьюсида маълум қилган.

«Бутун Европада машҳур диний ёдгорликларга кириш пулли. Париж архиепископига соборга кириш истагида бўлган барча туристлар учун рамзий тўлов ўрнатишни таклиф қилдим. Бу йилига 75 миллион еврога яқин маблағ тўплаш ва уни мамлакатнинг диний меросини сақлашга йўналтириш имконини беради», — дейди вазир Рашида Дати.

Собор қарийб беш йил давом этган кенг кўламли таъмирлаш ишларидан кейин 8 декабр куни очилади.

Шунингдек, вазир Франциядаги музейлар ва ёдгорликларга кириш чипталари нархини мамлакат фуқаролари ҳамда Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган давлатлардан келувчи туристлар учун ўзгартириш кераклигини билдирган. Унинг айтишича, туристлар кўпроқ тўлаши керак.

«Франция фуқароси Луврга кириш учун Бразилия ёки Хитойдан келган туристдек бир хил тўлов қилиши тўғрими? 2026 йил 1 январдан маданий муассасаларимиздаги нарх сиёсатини буткул ўзгартириш бўйича иш олиб бормоқдамиз», — дейди у.

2019 йил 15 апрелда Париж рамзларидан бири бўлган Нотр-Дам де-Пари соборида ёнғин чиққанди. Ёнғин оқибатида соборнинг томи, XIX асрда ўрнатилган минораси, соати қулаб тушган. Ўшанда Франция президенти Эммануэл Макрон ўз мурожаатида ёнғинда талафот кўрган Нотр-Дам соборини 5 йилда тикламоқчилигини маълум қилган эди.

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид