Ўзбекистон | 21:53 / 31.05.2024
6709
5 дақиқада ўқилади

Фарғона узумлари АҚШда сотилади ва тақчиллиги ошган бюджет — 31 май дайжести

Ўзбекистонда бюджет тақчиллиги ва давлат қарзи ошди, нархлар кўтарилгач, одамлар камроқ энергия истеъмол қила бошлади, Фарғона узумлари АҚШга юбориладиган бўлди, Шавкат Мирзиёев Бухорога борди. 31 майда Ўзбекистонда содир бўлган шу ва бошқа маҳаллий янгиликлар билан доимгидек кундалик дайжестимизда таништиришда давом этамиз.

Давлат қарзи 35 млрд доллардан ошди

Жорий йил 1 апрел ҳолатида давлат қарзи 35,3 млрд доллар ёки ЯИМга нисбатан 38,3 фоизни ташкил этган. Ўтган йилда ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари 2,82 млрд долларга етган. Давлат қарзининг 93 фоиздан ортиқ қисми хорижий валютада жалб қилинган. Бу ҳақда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик ҳисоботига кўра ўтган йил давомида 5,7 миллиард доллар қарз маблағлари жалб қилинган. Хусусан, 2023 йилда давлат ташқи қарзи 3,7 миллиардга ошиб, 29,6 миллиард долларни ташкил этган. Ички қарз эса 2 миллиард долларга ошиб, 5,3 миллиард долларга етган.

Давлат қарзининг мамлакат ЯИМига нисбати 2022 йил охиридаги 36,4 фоиздан 2023 йил охирида 38,4 фоизгача ошган.

Ҳозирда давлат қарзининг энг йирик миқдори Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки ҳиссасига тўғри келади. Ўзбекистон ташқи қарзидаги бу икки банкнинг улуши умумий 13 миллиард долларга тенг.

Бюджет тақчиллиги ошди

Иқтисодиёт ва молия вазирлиги эълон қилган ҳисоботга кўра, 2024 йилнинг 1-чорагида давлат бюджети даромадлари 52,6 трлн, харажатлари эса 70,3 трлн сўмни ташкил этиб, тақчиллик 17,7 трлн сўмга етган. Бу – бир йил олдинги кўрсаткичдан 1,5 баробар, икки йил олдинги кўрсаткичдан 18 баробар кўп дегани.

Бюджет даромадлари 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 5,3 трлн сўмга ёки 11,3 фоизга ошган. Бюджет харажатлари эса 2023 йилнинг мос даврига нисбатан 11,3 трлн сўмга ёки 19,2 фоизга ўсган.

Рақамлар 1-чоракда дефицит 17,7 трлн сўм бўлганини кўрсатади. Ўтган йилнинг мос даврида дефицит 11,7 трлн сўм, 2022 йил эса 1 трлн сўмни ташкил этган.

1-чоракдаги харажатларнинг 48,2 фоизи ёки 34 трлн сўмга яқини ижтимоий соҳага ажратилган.

Нарх ошгач, электр ва газ истеъмоли камайибди

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовга кўра, мамлакатда газ ва электр нархи оширилгач, аҳолининг энергия истеъмоли камайган. Вазирнинг айтишича, 1-29 май кунлари ўзбекистонликлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 324 миллион кВт/соат камроқ электр энергияси ишлатган.

Мирзамаҳмудов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервюсида ҳозиргача қуёш ва шамол электр станцияларида 970 миллион кВт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилгани, бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 700 миллион кВт/соатга кўп экани ҳақида ҳам гапирган.

«Худди шу тенденцияни газ бўйича ҳам кўриш мумкин. Умумий абонентлар сонининг ўсиши билан бир қаторда май ойининг 29 кунида истеъмол 125 миллион куб метрга камайди. Кундалик истеъмолга эътибор қаратилса, иссиқлик электр станциялари режадагидан 5-6 миллион куб метр газ, 2 баробар кам кўмир ёқмоқда», деб қўшимча қилган энергетика вазири.

Дарвоқе, Ўзбекистонда энергия истеъмоли рейтинги жорий этилиши мумкин. Энергетика вазирлиги энергия сиғими энг юқори ва энг паст бўлганларнинг «10 талиги»ни юритиб, оммавий ахборот воситаларида ёритиб боришни режалаштирмоқда. Вазирлик бу таклифни президент Мирзиёевга тақдим этган.

Президент энергия тежашга қаратилган шу ва бошқа таклифларни алоқадор вазирлик ва идоралар билан биргаликда пухта ишлаб чиқиш, кўрсаткичларни халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари муҳокамасига киритиш мақсадга мувофиқлигини айтган.

Фарғона узумлари АҚШга етказиб берилади

Фарғона вилояти ҳокими Хайрулла Бозоров АҚШнинг озиқ-овқат ва логистика бозорларида хизматларни таклиф этувчи Natars NY Food корпорацияси вакилларини қабул қилди. Учрашувда Фарғона вилоятида етиштирилган ва ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг АҚШга экспорти кўламини кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.

2023 йил декабр ойида Олтиариқ узумларини АҚШ бозорига олиб киришга воситачи бўлган ушбу компания вакиллари, вилоят мева ва сабзавотларига Қўшма Штатларда етарли талаб борлиги, шунингдек, қуритилган мевалар, консерваланган маҳсулотлар, мева шарбатлари, ҳолва ва бошқа миллий ширинликларни ҳам америкалик истеъмолчиларга синов тариқасида тақдим этиш устида иш олиб бораётганликларини маълум қилган. Учрашув давомида 2024 йилда Фарғона узумлари ҳам катта миқдорда Америкага етказиб берилиши ва бу масалада ҳозирдан барча тайёргарликлар кўрилаётгани айтиб ўтилди.

Шавкат Мирзиёев Бухорога борди

Президент Шавкат Мирзиёев Бухорога борди. Ташриф Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилишдан бошланди. Кейинроқ президент «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси ҳудудидаги металл қувур ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий «Enpipe» корхонаси фаолияти билан танишди.

Шундан сўнг Шавкат Мирзиёев Бухоро вилоятида ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотлари кўргазмаси билан танишди. Инвесторлар ва тармоқ раҳбарлари янги лойиҳаларни тақдимот қилишди.

Мавзуга оид