Ўзбекистон | 19:45
1387
5 дақиқада ўқилади

15 ноябр янгиликлари: Ўзбекистонда рўй берган муҳим воқеа-ҳодисалар

Қуёш панеллари импортига чеклов, салкам 300 млн долларга қуриладиган йўл, болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш ҳақида қонун — кун давомида Kun.uz'да ёритилган маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Панел импортига чеклов

2025 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистонда BNEF Tier-1 халқаро рўйхатига кирмайдиган ишлаб чиқарувчиларнинг қуёш панеллари, инверторлар ва энергия сақлаш тизимларини импорт қилиш тақиқланади. Бу 11 сентябрда имзоланган президент фармонида кўзда тутилган, дея хабар бермоқда Gazeta.uz. Фармон жамоатчилик учун очиқ эълон қилинмаган.

Ҳужжатга кўра, BNEF Tier-1 рўйхати Энергетика вазирлиги ва Божхона қўмитасининг расмий веб-сайтларида мунтазам эълон қилиб борилиши ва ҳар ойда янгилаб борилиши керак.

Бу рўйхат Bloomberg агентлигининг тегишли бўлинмаси томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар чоракда янгиланади, шу сабаб компаниялар доимий равишда рўйхатга киритилади ва ундан чиқарилади. Tier-1 мақоми қуёш панеллари етказиб берувчисининг молиявий барқарорлигини кўрсатади, лекин панелларнинг сифатини ўзида акс эттирмайди.

Маълумот учун, Ўзбекистонда қуёш панеллари ишлаб чиқарадиган қатор корхоналар мавжуд. Жорий йилда уларнинг қаторига Швейцарияда таъсис этилган компанияларга тегишли “Нукус Электроаппарат” ва Enter Engineering'га алоқадор Enter Green Solar компаниялари ҳам қўшилган.

Салкам 300 млн долларлик йўл

Хоразм вилоятида бир нечта туманларни боғловчи автомобил йўли реконструкция қилинади. Президент қарорига кўра, “Урганчдан бошланиб, Хонқа, Ҳазорасп, Тошсоқа ва Амударё орқали А380 магистралига олиб борувчи автомобил йўлининг дастлабки 81 километрлик қисми қайтадан қурилади.

Реконструкция ишлари 2024 йилда бошланиб, 2029 йилда якунланиши кўзда тутилган. Лойиҳа қиймати 294 млн доллар бўлиб, уни молиялаштириш учун Европа тикланиш ва тараққиёт банкидан 18 йил муддатга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 238 млн доллар кредит олинади.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, харажатларни 32,7 миллион долларгача оптималлаштириш мумкинлиги аниқланган. Бу маблағ Хоразм вилоятидаги “Урганч – Гурлан – Манғит – Туркманистон Республикаси чегараси” автомобил йўлининг 5-километридан 75-километргача бўлган оралиқ қисмини реконструкция қилиш лойиҳасига йўналтирилади.

Фармонга кўра, Хоразм вилояти ҳокимлиги реконструкция қилинадиган автомобил йўлларининг ёқаларига 30 минг туп манзарали дарахт ва бута кўчатларини экиши керак.

Болалар ҳимояси учун қонун

“Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун президент томонидан имзоланди. Қонунда болага нисбатан жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонликдан ташқари, янги ҳуқуқий тушунчалар ҳам киритилган. Ғамхўрлик кўрсатмаслик, эксплуатация, буллинг кабилар шулар жумласидан.

Қонун билан, давлат болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш учун чоралар кўриш, зўравонликдан жабрланувчиларни реабилитация қилиш, уларнинг ҳуқуқларини тиклашни ўз зиммасига олмоқда. Ҳужжатда мутасадди органларнинг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилишга оид махсус ваколатлари, ўзаро ишлаш механизми ва масъулият доираси кўрсатилган.

Қонуннинг 11-моддасига кўра, президент ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги болаларнинг зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли давлат органи деб белгиланди. Ваколатли давлат органи боланинг ҳаётига ёки соғлиғига бевосита таҳдид туғилган ҳолларда болани ота-онасидан олиб қўйиш ҳуқуқига эга. Қонун 2025 йил 15 май куни кучга киради.

Автомобил бозоридаги вазият

2024 йилнинг 3-чорагида Ўзбекистон автомобил бозорида фаоллик даражаси ошди, лекин ҳамон сотувлар кўлами 2023 йилги даражага қайтмаган. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти хабар бермоқда.

Институт таҳлилларига кўра, июл-август-сентябр ойларида давлат рўйхатидан ўтказилган автомобиллар сони салкам 353 мингтани ташкил этган. Бу 2-чоракка нисбатан 28 фоизга кўп. Лекин ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда, бозордаги фаоллик 20 фоизга пасайган.

Тадқиқотчилар автомобил бозоридаги фаоллик даражасига таъсир қилувчи икки муҳим омилни қайд этган. Банклар томонидан автокредитлар ажратилиши биринчи омил бўлса, иккинчи омил – аҳоли даромадлари билан боғлиқ.

Янгийўлда янги ҳоким

Тошкент вилояти Янгийўл шаҳри ҳокими Дилшод Султонов лавозимидан озод этилди. Бу ҳақда Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев иштирокида ўтган шаҳар кенгаши сессиясида маълум қилинди. Унинг ўрнига Равшан Исоқжонович Раимов Янгийўл шаҳрининг янги ҳокими этиб тайинланди. Раимов фаолияти давомида солиқ тизимида раҳбарлик лавозимларида ишлаган. 2020–2023 йилларда Тошкент вилояти солиқ бошқармаси бошлиғи, шундан кейин эса Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси бошлиғи ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди.

Дилшод Султоновнинг лавозимдан олингани сабаби маълум эмас. У Янгийўл шаҳрини 2023 йил август ойидан бери бошқариб келаётганди. Султонов ундан олдин 5 йил давомида молия вазири ўринбосари бўлиб ишлаган.

Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига, хусусан Янгийўлга ташриф буюрган, ташриф доирасидаги мажлисда вилоят ҳокимининг икки нафар биринчи ўринбосари ишдан олинганди.

Мавзуга оид