Monarch жаҳондаги илк ҳайдовчисиз бошқариладиган электр тракторни тақдим этди
АҚШнинг Monarch Tractor компанияси дунёдаги илк ақлли тракторни намойиш қилди. МК4 номли тракторлар жорий йилнинг кузидан бошлаб мижозларга етказиб берила бошлайди.
Фермерларнинг орзуси
Бир томондан қараса, ғайриоддий бирор нарса ўзгармаган, оддий тракторлардан фарқи катта эмас. Бошқа тарафдан қараганда, қишлоқ хўжалиги ишлари учун ҳали ҳайдовчисиз транспорт воситалари мавжуд эмасди. Шунинг учун ҳам Monarch тракторлари мисли кўрилмаган ихтиро.
Ғилдиракли мўъжиза 3таси 1да сериясидан. Аниқроғи, Monarch трактор сифатида ишлашидан ташқари, исталган ерда юра оладиган транспорт ва дала шароитида мобил генератор вазифасини ҳам бажара олади.
«Биз қишлоқ хўжалигининг ҳозирги кундаги эҳтиёжларини қондириш ва фермерлар имкониятларини кенгайтириш ва уларга интеллектуал инструментларни тақдим этиш мақсадида фермерлар жамоаси, муҳандислар ва дунё миқёсидаги олимларни тўпладик. Monarch трактори қишлоқ хўжалигида беназир интеллект, технологиялар ва хавфсизлик функциялари билан рақамли транформацияга йўл очади», дейди Monarch компанияси бош директори Правин Пенметса.
Ҳайдовчисиз электр трактор замонавий қишлоқ хўжалигидаги жуда муҳим қуйидаги муаммоларни ҳал қилади:
- ишчи кучи етишмовчилиги бор шароитда фермерлар ақлли қурилма ва механизмларга кучли қизиқиш билдиришяпти;
- батареясига 10 йиллик кафолатга эга қишлоқ хўжалиги ҳайдовчисиз воситаси фойдаланишда оддий тракторга нисбатан арзонроққа тушади;
- хавфсизлик ва экологик тозалик – Monarch’нинг энг асосий устунликлари.
Трактор моделларининг техник жиҳатларини батафсил ёзишга ҳожат йўқ. Зеро, тракторларнинг илк партияси мижозлар қўлига етиб боргунига қадар, ўзгаришларга учраши аниқ. Трактор энг замонавий технологиялар билан «қуролланган» – атрофни 360 даражада кузатиш, қишлоқ хўжалик экинларини таниб олиш (бунинг учун кунлик 240 ГБ.лик маълумотлар қайта ишланади), аварияларнинг олдини олиш, ҳаракатлар йўналиши ва қишлоқ хўжалиги ишларини оптимизация қилиш ва ҳоказо.
Трактордан биргина фермер қанча кўп фойдаланса, шунча яхши ишлайди. Трактор эгаси барча операция ва ҳосилдорлик прогнозлари ҳақида ҳамда далаларнинг ҳолати ҳақида комплекс таҳлиллар борасида мунтазам ҳисоботлар олиб туради.
Янги тракторларга 50 минг АҚШ долларидан буюртмалар қабул қилиняпти. Тўлиқ модификация кейинроқ тақдим қилинади ва нархи ҳам қимматроқ бўлади.