Жамият | 10:40 / 27.05.2024
31429
3 дақиқада ўқилади

Марғилондаги ошкора қотиллик: бунга нима сабаб бўлганди?

Кундуз куни, одамлар кўз ўнгида бир гуруҳ шахслар ёш йигитнинг бўйнига пичоқ тортиб, ўлдиришга уринди. Kun.uz ушбу пичоқбозлик илдизи бир неча йил аввал “тўй кортежи”да йўл талашиш ортидан келиб чиққан жанжалга бориб тақалишини аниқлади.

Пиёдалар йўлагида фуқарога ҳужум қилиб, уни ўлдиришга урингани тасвирланган лавҳа ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Kun.uz мухбири ҳодиса жойида бўлиб тафсилотларни ўрганди. Ҳолат 21 май куни Марғилон шаҳри марказидаги  Бурҳониддин Марғилоний кўчасида телефон дўконлари қаршисида, пиёдалар йўлакчасида содир бўлган.   

Телефон савдоси билан шуғулланувчи дўкон ходимларининг маълум қилишича, ҳодиса аср намози вақтида юз берган.

“Масжидга аср намозини ўқишга кирган эдик. Чиқишимизга дўконимиз қаршиси тумонат одам тўпланганига гувоҳи бўлдик. Пичоқбозлик бўлгани ҳақида эшитдик. Бир кишига 3 фуқаро хужум қилган. Пичоқланган бола тилла тақинчоқлар дўконига кириб олиб жон сақлаб қолди дейишди”, дейди исми сир қолишини хоҳлаган сотувчилардан бири.

Воқеанинг бевосита гувоҳи бўлган сотувчилар маълумот беришни истамади.

Kun.uz манбасига кўра, ҳаммаси бундан бир неча йиллар аввал “тўй кортежи”воқеасидан бошланган. Бир гуруҳ ёшлар йўл талашиши ортидан низо келиб чиққан. Низо эса жанжалга айланган.

Тўй маросимида Саидбек (Аъзамни пичоқлаган шахс) ва Нурилло исмли шахслар ўртасида тортишув бўлган. Дўсти Нурилло тарафини олиб, Аъзам ҳам жанжалга аралашган. Шундан кейин Саидбекнинг отаси ўзи билан бир неча кишини олиб келган. Муштлашув бўлган. Бу жанжалда Аъзамнинг дўстларидан бири Саибдекнинг отаси Улуғбекнинг орқа қисмига пичоқ тиқиб, жароҳат етказган. Воқеадан кейин Аъзам ва у билан жанжалда иштирок этган 4 нафар дўсти турли муддатларга қамоқ жазосига маҳкум этилган. Аъзам ҳам бир йил муддатга яқин жазо муддатини ўтаган.

Аъзам озодликка чиққач эса ижтимоий тармоқларда тарқаган ҳодиса содир бўлган. Саидбек Аъзамнинг орқасидан келиб ўнг орқа ва юз соҳасига пичоқ билан уриб, тан жароҳати етказган.

Жароҳат олган Аъзам дастлаб Марғилон шаҳридаги тез тиббий ёрдам бўлими, кейин эса Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Фарғона филиалига олиб келинган. Айни пайтда унинг ҳолати қониқарли экани айтилмоқда.

Шифокорлар Аъзам ҳақида маълумот беришдан бош тортди.

Ҳолат юзасидан Марғилон шаҳар прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 25 ва 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчи Саидбек Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Ҳозирда шаҳар прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. 

Мавзуга оид