«Яхши мотивация хатини ёзиш учун ҳатто йиллар керак бўлади» — Ҳарвард грантини ютган қиз
Kun.uz'нинг Uzbek.Life лойиҳаси навбатдаги қаҳрамони – Aзиза Изамова. У магистратура ва докторантура ўқиш бўйича AҚШнинг Ҳарвард университетидан 5 йиллик стипендияни қўлга киритган.
Aзиза немис, поляк, француз ва рус тилларини билади. У ҳозир Германиянинг Bard College олийгоҳида, санъат тарихи ва назарияси йўналиши бўйича 4-босқичда ўқияпти.
«Тошкентда туғилганман. 60-мактабни тамомлаб, кейин Вестминстер университети қошидаги лицейда ўқидим. 2017 йилда Германиядаги Bard Collage олийгоҳига кирдим ва шу йилнинг августида Берлинга келдим. Немис тилини мактабда, инглиз тилини эса лицейда ўрганганман. Иккала тил ҳам Германияда ва умуман ҳаётимда жуда асқотди», – дейди у.
«Санъатга қизиқишим болалигимдан бошланган. Aммо қачондир санъат тарихини илм сифатида ўрганаман деб ўйламаганман. Киши ўз қизиқиши ва имкониятларини ривожлантиришни билиши керак экан. Сабаби ҳаёт қачон, қаерга бурилишини билмаймиз.
Университетга кириб, санъат мен ўйлагандан ҳам қизиқарлироқ экани, бу йўналишда жуда кам нарса билишимни тушундим. Ва бу соҳани чуқурроқ ўрганиб, кўпроқ нарса ўрганишга киришдим», – дейди Aзиза.
Ҳарвард грантини қандай ютиш мумкин?
Aзиза кейинги ой 4-курсни тамомлайди ва ёзда АҚШнинг Ҳарвард университетида ўқий бошлайди.
«Ҳарвардга ҳужжат топширишдан олдин бир неча ой тайёрландим. Кейин harvard.edu сайтидан йўналишим бўйича ажратиладиган грантга ариза тўлдирдим. Бу ерда жуда кўп соҳалар учун грантлар ажратилган. Университет сайтига кириб, йўналишни танлаб, ариза тўлдириш мумкин.
Aриза бўлимига бакалаврда олган баҳоларим, университет профессорларидан 3та тавсиянома, мотивация хатини жойладим.
Шунингдек, соҳа бўйича билимимни текшириш учун 1та тест топширдим: гуманитар таълимга оид GRE тестини ечдим. Ҳуқуқий ёки тиббиёт соҳалари номзодлари бошқа тест турини ечишади. Ушбу тестни магистратура ёки докторантура йўналишига топширмоқчи бўлганлар топширади.
AҚШнинг баъзи университетларига, шу жумладан, Ҳарвардга қабул жараёнида ҳам «Diversity Statement» мавзусида хат ёзиш талаб қилинади. У бошқа жойда ўсиб, улғайиб, таълим олган талабанинг ўзига хос жиҳатлари, имконият ва билимларини кўрсатади.
Шу билан бирга, инглиз тилида гаплашмайдиган давлат талабалари тил сертификатини (IELTS, TOEFL) ҳам топширишлари керак. Бакалавр таълимини инглиз тилида ўқиган номзоддан бундай сертификат талаб қилинмайди.
Докторантура йўналишида ўқиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади, талаба умуман пул сарфламайди. Магистр босқичида эса бу харажатларни номзод ўзи қоплаши керак. Менга ҳам 5 йиллик докторантура харажатларим тўлиқ қоплаб берилади. Докторантура ўқиши билан бир пайтда магистратурани ҳам ўқийман. Мен бакалаврдан кейин тўғридан тўғри докторантурада ўқишни давом эттираман. 5 йиллик докторантуранинг дастлабки 1-2 йили магистр ҳисобига ўтади.», – дейди Азиза Изамова.
Берлин
«Ҳарвардни танлашимга тадқиқотим мавзуси сабаб бўлди»
Қаҳрамонимиз айнан Ҳарвандни танлагани сабабини, ҳозир ёзаётган диплом ишини кейинчалик давом эттириш учун у ерда имконият кўплиги билан изоҳлайди.
«Диплом мавзумда университетда олган амалий ва назарий билимларимни Марказий Осиё ва Ўзбекистон билан боғлашни мақсад қилдим. Турли даврлардаги Марказий Осиё санъатини ўрганиш бўйича жуда катта имкониятлар бор. Бу жуда катта мавзу. Диплом ишим учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё санъатини бирлаштирадиган мавзу – Нукус шаҳридаги Савицкий номидаги музейни танладим.
Май ойида диплом ишимни тугатаман. Бу мавзу мен учун жуда қизиқ ва жавобини тополмаган саволларим кўп. Марказий Осиё ва Ўзбекистон санъати тарихи ҳақида ҳали кўп нарсани ўрганишим керак. Шунинг учун ҳам докторантурани Ҳарвардда ўқишни хоҳладим. Чунки у ерда бу йўналишда менга ёрдам берадиган мутахассислар бор.
Шу билан бирга, ўзим ўрганган билимларни олим, ўқитувчи сифатида бошқаларга ҳам ўргатишни жуда хоҳлайман», – дейди талаба.
Германия қишлоқлари бўйлаб саёҳат
«Мотивация хати бир кун ё бир ойда ёзиладиган жараён эмас…»
Aзизанинг айтишича, ўқишга топшириш учун ҳужжат тайёрлаётганда номзоддан сўраладиган ҳужжатлардан бири – мотивация хати. Университет грант ажратиши учун бу хатнинг қандай ёзилгани ҳам муҳим.
«Мотивация хатини ёзиш бир кун, бир ойда, ҳатто бир йилда ҳам ёзиладиган жараён бўлмаслиги мумкин. Бу хат – талабанинг таржимайи холи. Бир неча йиллик изланиш, қизиқиш, тажрибалари натижасида ёзилиши керак. Ҳатто буни 5-6 йиллик жараён деса ҳам бўлади.
Кўпчилик университетнинг рейтингига қараб ҳужжат топширади. Aммо илм қиладиган одам учун университетнинг қанчалик машҳурлиги муҳим эмас. Сиз танлаган олийгоҳда мавзунгизни чуқур ўрганишга ёрдамлашадиган ўқитувчилар, манба, шунингдек, қизиқиш ва карьерангиз учун имконият бўлиши керак. 4 йилдан ортиқроқ вақт бир жойда, бир университетда ўқиб, университет жамоаси ҳам талаба учун қанчалик муҳимлигини тушундим», – дейди Aзиза.
Берлиндаги Потсдам шаҳарчаси
«Берлин – Германия эмас...»
У ҳаётда ва ўқишдаги муваффақияти оиласи ва дўстларининг қўллаб-қувватлашига ҳам боғлиқлигини айтади.
«Бу билан бирга, киши ўзига, кучига, қўлидан нима келишига ҳам ишониши керак. Бирор мақсадни олдига қўйишдан олдин уни нима кутаётганини аниқлаб олиши керак. Иш ва ҳордиқ ўртасидаги балансни тўғри сақлаш жуда муҳим. Ўзни бутунлай ўқиш ёки ишга бағишлаб ҳам яхши натижага эришиш қийин», – дейди у.
4 йилдан буён Германия пойтахтида яшаётган Азизанинг айтишича, Берлин – талабалар учун яхши шаҳар, бу ерда кўп университетларда таълим олиш бепул. Талабаларнинг яшаш ва ишлаши учун анча қулайликлар бор.
«Германияга келганимдан бери тез-тез эшитадиган иборам – «Берлин Германия эмас». Сабаби бу ерда жуда кўп маданият ва миллатларни учратиш мумкин ва улар бир-бирига аралашиб кетган. Берлин – мултимаданиятли шаҳар», – дейди у.
Зуҳра Абдуҳалимова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:17 / 05.11.2024
Маърифий фаолият билан рухсатсиз шуғулланганлик учун жавобгарлик белгиланди
17:18 / 05.11.2024
Рақобат кучли: Хитойдаги таълим тизими ёшлар орасида руҳий тушкунликка сабаб бўлмоқда
16:29 / 21.10.2024
Кадрлар тайёрлайдиган ягона техникумлар тармоғи ташкил этилади
18:35 / 03.10.2024