Ўзбекистон | 07:37 / 26.06.2024
3129
1 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореяда заводдаги ёнғинда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар аниқланмади

Кореяда литий батареялари ишлаб чиқарадиган заводда ёнғин чиқиши оқибатида 20 га яқин ишчи ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. 

Фото: Reuters

Ташқи меҳнат миграцияси ахборот хизматининг хабар беришича, ёнғин оқибатида камида 22 киши ҳалок бўлган ва уларнинг 20 нафари чет давлатлар фуқаролари ҳисобланади. 

Ушбу ёнғин оқибатида жабрланган ёки ҳалок бўлганлар орасида ҳозирги вақтга қадар Ўзбекистон фуқаролари аниқланмади.

Ёнғин душанба куни тонгда Сеулдан тахминан 45 км жанубда жойлашган Ҳвасонг шаҳридаги Aricell заводида батареялар портлашидан бошланган.

Ўт ўчириш хизмати вакили Ким Жин Ён қурбонларнинг 18 нафари Хитой фуқаролари эканини маълум қилган, яна бир лаослик ва икки нафар жанубий кореялик ишчи ҳам ҳалок бўлган.

Жанубий Корея дунёда литий батареялари ишлаб чиқаришда етакчи ҳисобланади. Улар кўплаб маҳсулотларда — электромобиллардан тортиб ноутбукларни ясашда фойдаланилади.

Мавзуга оид