“Қизил”га тушган тадбиркорларнинг биржа савдоларидаги иштироки чекланиши мумкин, ССП бунга қарши
Давлат солиқ қўмитаси “юқори хавф тоифаси”га тушиб қолган тадбиркорларни биржа савдоларида иштирокини чеклаш билан жазоламоқчи. Савдо-саноат палатаси бу тадбиркорни битта хато учун қайта-қайта жазолаш деб баҳолади ва бунга қарши чиқди.
Давлат солиқ қўмитаси Вазирлар Маҳкамасининг “Солиқ органлари томонидан давлат органлари маълумотлар базасидан фойдаланишни тартибга солиш тўғрисида”ги қарори (ID-56743) лойиҳасини ишлаб чиқди.
Савдо-саноат палатаси қарор лойиҳаси юзасидан жамоатчилик экспертизаси хулосасини тақдим этди.
Тадбиркорларга янги жазо тури ўйлаб топилмоқда
Қарор лойиҳасида тадбиркорлик субъектларининг биржа савдоларида ҳамда давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда Давлат солиқ қўмитаси томонидан баҳоланган солиқ хавфи даражасидан келиб чиққан ҳолда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи тартиб ишлаб чиқилиши кўзда тутилмоқда.
Бу тартиб 2022 йил 1 октябрга қадар Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги ва “Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржаси” АЖ билан биргаликда ишлаб чиқилиши белгиланмоқда.
ДСҚ ушбу янги жазолаш тартибини солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олишга қаратилган тадбирларнинг давоми дея баҳолаган.
Лойиҳа тушунтириш хатида келтирилишича, бунда солиқ қонунчилигини бузган солиқ тўловчиларга нисбатан жавобгарлик муқаррарлигини таъминлаш ва солиқ тўламаслик хавфи юқори бўлган солиқ тўловчиларнинг биржа савдоларида ҳамда давлат харидлари бўйича ўтказиладиган электрон савдо ва тендерларда ДСҚ томонидан баҳоланган солиқ хавфи даражасидан келиб чиққан ҳолда иштирок этиш ҳуқуқини белгиловчи тартиб ишлаб чиқиш назарда тутилмоқда.
Савдо-саноат палатасининг позицияси
ССП хулосасига кўра, бундай тартиб жорий этилиши айнан бир ҳуқуқбузарлик учун қайта ва қайта жавобгарликка тортилишга сабаб бўлади.
“Ваҳоланки, амалдаги қонунчиликка кўра, солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш учун маъмурий (МЖтК 174-моддасида) ва жиноий (Жиноят кодекси 184-моддасида) жавобгарлик белгиланган.
Бундан ташқари, тадбиркорлик субъектлари ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда ҳам солиқ хавфи юқори бўлган тоифага тушиб қолишлари мумкин. Бундай ҳолатларда тадбиркорларнинг ҳуқуқлари асоссиз равишда чекланади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, бундай янги тартибни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ эмас. Шу боис бундай тартибни ишлаб чиқиш кўзда тутилган лойиҳа 5-бандини чиқариб ташлаш лозим”, – дейилади хулосада.
ДСҚ UzCard ва Humo маълумотлар базаларидан фойдаланиши мумкин…
ССП лойиҳанинг яна бир бандига ҳам қарши.
Лойиҳа 2-иловаси 16–18-бандларига кўра, Давлат солиқ қўмитасига электрон сўров асосида маълумот тақдим этадиган ва кейинчалик маълумотлар базасидан авторизация ҳуқуқи асосида фойдаланиш ҳамда маълумотлар базаси интеграция қилинадиган давлат органлари ва ташкилотлари сифатида UzCard (“Ягона умумреспублика процессинг маркази” МЧЖ), Humo (“Миллий банклараро процессинг маркази” МЧЖ) ва суғурта ташкилотлари белгиланган.
Экспертиза хулосасида айтилишича, ушбу ташкилотлар мазкур илова номига ҳамда лойиҳани ишлаб чиқиш учун асос бўлган қарор нормаси талабларига зид равишда келтирилган.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 30 декабрдаги ПҚ-73-сон қарори билан тасдиқланган Йўл харитасининг 33-бандига кўра, солиқ органлари томонидан давлат органларининг маълумотлар базаларидан реал вақт режимида солиқ тўловчиларнинг солиқ мажбуриятларини аниқлаш учун зарур бўлган маълумотларидан фойдаланиш тартибини жорий этиш белгиланган.
Юқоридаги нормалар эса давлат органлари бўлмаган тадбиркорлик субъектлари фаолиятига аралашиш, уларнинг маълумот базаларидан фойдаланиш ҳолатларини келтириб чиқаради.
Шуларни инобатга олган ҳолда, лойиҳада солиқ органлари томонидан фақат давлат органларининг маълумотлар базаларидан фойдаланиш тартибини жорий этишни назарда тутиш лозим.
Мавзуга оид
10:00 / 12.11.2024
Ўзбекистонда камбағалликни қисқартиришга қаратилган янги теледастур ишга туширилди
20:47 / 11.06.2024
Савдо-саноат палатаси тадбиркорлар рейтинги натижаларини эълон қилди
14:01 / 19.04.2024
Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи фирибгарлик ва пора беришда гумонланмоқда
19:58 / 04.03.2024