Жаҳон | 21:17 / 21.08.2018
23316
3 дақиқада ўқилади

Эмомали Раҳмон Ўзбекистонга ташрифи натижаларини юқори баҳолади

Фото: Ниат Ховар

Душанбеда Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон раислигида ҳукуматнинг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар берди "Ховар" миллий ахборот агентлиги.

Эмомали Раҳмон ўзининг Ўзбекистонга давлат ташрифи якунлари ҳақида маълумот берди. Қайд этилишича, мазкур ташриф натижалари икки давлат муносабатлари тарихидан жой олади. Ташриф давомида Тожикистон ва Ўзбекистон муносабатлари стратегик ҳамкорлик даражасига чиққани энг муҳим натижалардан бири бўлди.

“Давлат раҳбарларининг ўзаро давлат ташрифлари, ҳужжатлар имзоланиши, бизнес-форумлар, саноат маҳсулотлари кўргазмалари, маданий дастурлар ва дўстлик оқшомларининг ўтказилиши, республикалар ўртасида 16та чегара ўтказиш пунктларининг очилиши, ҳаво қатнови, автомобиль йўлларининг қайта тикланиши, иқтисодий ҳамкорлик бўйича Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлараро комиссияларининг сезиларли фаоллашуви тожик ва ўзбек халқларининг яна яқинлашиши ва қардошлик алоқаларини мустаҳкамлашига имкон берди”, дейилади хабарда.

Эмомали Раҳмон мамлакатда ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотлари кўргазмасида иштирок этган ишлаб чиқарувчилар ва тадбиркорларга ҳамда «Дўстлик оқшоми» дастурининг юқори савияда ўтишига ҳисса қўшган санъат ва маданият  арбобларига миннатдорлик билдирди.

Эслатиб ўтамиз, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 17-18 август кунлари Ўзбекистонга давлат ташрифини амалга оширди. Бу Тожикистон президентининг сўнгги 20 йил ичида илк бор Ўзбекистонга давлат ташрифи билан келишидир.

Кўксаройда бўлиб ўтган олий даражадаги музокаралар якунида икки давлат ўртасида давлатлараро стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзоланди. 
Президентлар ўртасида қўшма баёнот ҳам имзоланган.

Музокаралардан кейин президентлар «Ўзэкспомарказ»да очилган Тожикистон саноат маҳсулотлари кўргазмасини бориб кўришди.

Ташрифнинг биринчи куни якунида президентлар «Ўзбекистон» анжуманлар саройида Ўзбекистон ва Тожикистон санъат усталари иштирокида ташкил этилган «Дўстлик оқшоми» номли концертда бўлишди.

18 август куни Эмомали Раҳмон Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Самарқанд шаҳридаги Ислом Каримов мақбара мажмуасига ташриф буюрди. Биринчи президент қабрига гул қўйилиб, Қуръон тиловат қилинди.

Ўзбекистон ва Тожикистон президентлари Регистон мажмуасига ҳам ташриф буюрдилар.

Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасидаги муносабатлар стратегик шериклик даражасига кўтарилди, турли соҳаларга доир 27 та ҳужжат ва савдо шартномалари имзоланди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид