Ўзбекистон | 16:12 / 02.08.2024
21086
8 дақиқада ўқилади

ССП раиси электромобил импортига бож киритишни “100 фоиз” қўллаб-қувватлади

Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов электромобиллар учун божларни тиклаш таклифини “100 фоиз қўллаб-қувватлаши”ни айтди. Унинг хориж тажрибаси ҳақидаги даъволарини иқтисодчи Отабек Бакиров рад этди. Бошқа бир иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов электромобилларга бож ўрнатишни “чуқурга очиқ кўз билан кетиш” деб таърифлади.

Давра суҳбати видеотрансляциясидан кадр

26 июл куни автомобилсозлик ва электротехника соҳаси тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилган эди. Тадбирда Ўзбекистонда KIA автомобилларини ишлаб чиқараётган ADM Jizzakh компанияси бош директори Дониёр Давлетяров маҳаллий бозор “ҳаддан ташқари тўйингани ва қизиб кетгани”ни иддао қилиб, жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган автомобиллар импортини тартибга солиш ва электромобиллар импорти учун божларни қайта тиклаш таклифи билан чиққанди. Бу ташаббуснинг ички бозордаги рақобат муҳитига салбий таъсир қилиши сабабидан Давлетяровнинг фикрлари жиддий танқидларга учради.

Экспорт билан шуғулланувчи корхоналарда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ташкил қилинган навбатдаги давра суҳбатида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов юқоридаги мавзуга қайтиб, етакчи хориж давлатларида ҳам ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча божлар жорий қилингани ҳақида гапирди.

“Бундан олдинги мулоқотда ўзим шахсан қатнаша олмадим, лекин интернет тармоғидаги журналистларга мурожаатимки, битта тадбиркор ўзи стандарт олиб, ўзи стандартга жавоб берадиган қўшимча элементларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпти. Сабабики, бизда шу ишлаб чиқариш борлиги, тўғрими?

Шу сабабдан мен дунёдаги ривожланган давлатларнинг фоиз ставкаларини маълумот учун айтиб ўтмоқчиман. Америка, Хитой машиналари стандартга жавоб бермаслиги, уларнинг дилерлари бўлмагани учун автомобил нархига 102 фоиз қўшимча бож қўйган. Европа давлатлари 38 фоиз, Туркия 58 фоиз, Бразилия 10 фоиз ва 2026 йилгача 35 фоизга кўтармоқчи. Энди шу талаб қўйилганидан кейин Хитой электромобиллари неча хил бўлишидан қатъий назар, BYD Туркияда 1 млрд долларлик завод қуришга келишди”, деди ССП раиси.

Даврон Ваҳобовнинг қўшимча қилишича, бу ишчи ўрни ёки монополия билан боғлиқ эмас, балки автосаноат соҳасида малакали мутахассислар чиқариш нуқтайи назаридан аҳамиятли.

“Асакадаги заводда йиллар давомида юз минглаб одам фаолият юритди. Ўзим билганим, 15 га яқини Германияда 3 минг евродан 5 минг еврогача ойлик оляпти”, деди у.

ССП раиси Дониёр Давлетяровнинг электромобиллар учун божларни қайта тиклаш ҳақидаги таклифини “100 фоиз қўллаб-қувватлаши”ни таъкидлаб, ўз фикрини дастаклаш учун Туркиянинг ҳам ўз ички бозорини ҳимоя қилаётганини мисол тариқасида келтирди.

“Интернет тармоғидаги журналистларга бир нарса айтмоқчиманки, маҳаллий ишлаб чиқарувчини қўллаб-қувватлаш деганда, сал кенгроқ қарашингларни сўрайман. Бизда 430 мингта автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, Туркияда 1 млн 100 минг дона ва атиги 5та бренд: Reno, Ford, Hyundai ва TOGG, ўзининг электромобили. Солиқ миқдори автомобил бозор қийматининг 100 фоизини ташкил қилади. Туркия биздан орқадаги давлат ҳисобланадими, ўзининг бозорини шунақа ҳимоя қилаётган бўлса? Ёки ундан юқорироғини айтадиган бўлсак, 37 фоиз ҳашамат солиғи деган нарса ҳам бор. Шу сабабдан, олдинги йиғилишда тадбиркоримиз кўтарган масалани 100 фоиз қўллаб-қувватлайман, сабабики, у саноат ривожланса, бизда минглаб ишлаб чиқарувчилар ривожланади”, – дея хулоса қилди Даврон Ваҳобов.

“Саналган бозорларда ишлаб чиқарувчиларнинг ўзида рақобат даражаси ҳаддан зиёд юқори”

Иқтисодчи Отабек Бакиров Европа ва АҚШда ўнлаб, Туркия ва Бразилия мисолида камида ўнга яқин автомобил ишлаб чиқарувчилари мавжудлигига урғу бериб, ички бозорнинг ўзида ҳам рақобат муҳити юқори эканига эътибор қаратди.

“Авваламбор, айтиш керакки, саналган мамлакат ва ҳудудлар дунёдаги энг йирик автомобил бозорлари ҳисобланади. Бу бозорларнинг ҳар бирида Европа ва АҚШ мисолида ўнлаб, Туркия ва Бразилия мисолида камида ўнга яқин автомобил ишлаб чиқарувчилари мавжуд. Яъни саналган бозорларда импортни ҳисобга олмаганда ҳам, ишлаб чиқарувчиларнинг ўзида рақобат даражаси ҳаддан зиёд юқори. Масалан, Ваҳобов меҳр билан тилга олган Туркия бозорида энг катта ишлаб чиқарувчи Renault'нинг улуши 25 фоизга бормайди. Ўзбекистондаги монополлашган концентрацияни саналган бозорлардаги рақобат коэффициенти билан умуман солиштириб бўлмайди.

Иккинчидан, саналган мамлакатларда нотариф божларнинг миқдори палата раиси келтирган ва атайин қўрқинчли қилиб кўрсатилган рақамлардан анча фарқланади. Бу бўйича батафсил яна алоҳида ёзаман, лекин баҳс мазмуни фалон мамлакатда фалонча бож, биздаям шунча бўлиши тўғри қабилидаги уйдирмаларга чалғиб кетмаслиги керак.

Учинчидан, АҚШнинг бож киритиш бўйича (айниқса Трамп даврида) ташаббуслари доим қаттиқ танқид остига олинган ва бу бўйича консенсус йўқ. Европа Иттифоқида ҳам шундай. Беҳзод Ҳошимов таъбири билан айтганда, ҳеч қурса шу мамлакатлар даражасида очиқ бозорга эга бўлганимиздаям майлийди. Қолаверса, энг қашшоқ мамлакатлардан бир бўла туриб биздан каррасига бой мамлакатларнинг ютуқли эмас, хатоли қадамларидан ўрнак олишга уринишлар, рости, ачинарли”, дея ёзди Отабек Бакиров.

Иқтисодчи "электромобилларга бож киритишяпти" деб саналган АҚШ, Европа Иттифоқи, Туркия ва Бразилиянинг Ўзбекистондан яна бир улкан фарқи борлигига ҳам тўхталди.

“Бу мамлакат ва ҳудудларда бирон бир автомобиль ишлаб чиқарувчи компания яширин ва махфий қарор билан импорт божлардан (ҚҚСдан) озод қилинмайди. Ва энг асосийси, агар яширин қарорлар билан импорт божи тўламайдиган компания бор дея тасаввур қилсак, унинг электромобилларга бож солишни таклиф этиши, иккиюзламачи компанияни ўша куниёқ банкротликка олиб келадиган даражада жамият тарафидан “cancel” қилишга олиб келган бўларди. Қанақадир ҳукумат вакили ёки шартли Савдо-саноат палатаси раиси ўзи ҳам “cancel” бўлиб кетишини билгани учун бу абсурдни ҳимоялаб чиқишга журъат этмаган бўларди”, – деди Отабек Бакиров.

“Асакадаги завод ўзбек саноати учун катта тўсиқ ва ўлпон бўлган”

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Асакадаги завод нотўғри иқтисодий сиёсатни мужассам қилувчи рамз экани ва бу хатони қайта такрорлаш керак эмаслиги ҳақида ёзди.

“Асакадаги завод – ўзбек иқтисодиёти ва айниқса ўзбек саноати учун катта тўсиқ ва ўлпон бўлган. Бўлиб келмоқда ҳам.

У заводни ҳимоялашга қўлланган чораларни миллионлаб одамлар ўнлаб йиллардан бери тўлаб келмоқда. Асакадаги завод – самарасизлик ва Каримов давридаги нотўғри иқтисодий сиёсатни мужассам қилувчи рамз. Худди шундай чуқурларга очиқ кўз билан кетаётганимиз ачинарли.

Ахборот тариқасида: АҚШда автомобиль импорти учун бож – 2,5 фоиз қилиб белгиланган. Ҳа, 0 фоиз эмас – бу ёмон”, деди Ҳошимов.

“Тайёр товарни йиғиб, қимматроққа сотиш билан иқтисодиётни гуллатмоқчимисизлар?”

Блогер Умид Ғофуров протекционизм сиёсати билан машҳур Туркия иқтисодиёти бир неча йилдан бери оғир даврни бошидан ўтказаётганини эслатди.

“Бугунги кунда Туркияда инфляция 70-80 фоиз. Нархлар йилига 10-15 баробар ошяпти. Турк лираси қадрсизланиш тезлиги бўйича биринчи ўринда турибди. Турк фуқароларидан сўранглар кайфиятини.

Тайёр товарни йиғиб қимматроққа сотиш билан иқтисодиётни гуллатмоқчимисизлар? Нима кераги бор бундай “ишлаб чиқариш”ни? Барибир олиб келинадиган автомобилдан арзон бўлолмайди. Бунинг сабаблари кўп. Асосийси – барча босқичлардаги коррупция”, – дея ёзди Умид Ғофуров.

Мавзуга оид