Ўзбекистон | 20:50 / 26.04.2024
8514
9 дақиқада ўқилади

“Салласи деса калласи” – давлат органидаги тафтиш сабаб лифт импорти тўхтатиб қўйилди

Ўзбекистонда 20 мартдан кейин лифт импорти огоҳлантиришсиз ва тушунтиришларсиз тўхтатиб қўйилгани тадбиркорларнинг норозилигига сабаб бўляпти. Kun.uz’да муаммо ёритилгач, Саноат хавфсизлиги инспекцияси масъуллари айни масала юзасидан тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.  

Ўзбекистонга четдан лифт олиб киришда тадбиркорлар 20 мартдан бошлаб муаммога дуч кела бошлади. Гап шундаки, мамлакатга хориждан лифт олиб кирувчи импортчиларнинг товарлари март ойининг охирги 10 кунлигидан бошлаб божхонадан ўтказилмаган. Тадбиркорларнинг таъкидлашича, бунга сабаб сифатида уларга берилган мувофиқлик сертификатлари бекор қилингани кўрсатиляпти. Аммо қандай сабабларга кўра бекор қилингани ҳақида масъул идоралар изоҳ бермаган.

Геология, тоғ-кон ва саноат хавфсизлигини назорат қилиш инспекцияси Kun.uz’га импорт вақтинча тўхтатилганини инспекцион текширувларда лифтлар билан боғлиқ камчиликлар аниқлагани билан изоҳлади.

Нашр импортчиларнинг интервюсини эълон қилгач, саноат хавфсизлиги инспекцияси масъуллари тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказди.

Аввалига Саноат хавфсизлиги инспекцияси бошлиғи Бахтиёр Гулямов нима сабабдан мувофиқлик сертификатлари тўхтатиб қўйилганини тушунтирди.

“Бугунги ҳолатга асосий сабаблардан биттаси – ўтган йили ёзда почтачи аёл лифтда қолиб кетгани охирги томчи бўлди. Муаммо шундаки, назорат қилиш сал қийинлашиб қолди. Тан олиш керак, ҳеч қанақа танқид маъносида эмас, кўп тадбиркорлар шу соҳага киришни бошлади. Билгани ҳам, билмагани ҳам бор. Лифт энг хавфли ҳисобланади, чунки ундан аҳоли фойдаланади. Ўзбекистонда лифтларни сертификатлаш бўйича битта ташкилот бор, ҳажм жуда катта. Тан олиш керак, камчиликларга йўл қўйилган, яқинда инспекцион текширув бўлиб ўтди. Жараёнда бир қанча жиддий камчиликлар аниқланди. Шу орада лифтларнинг ҳаммасини тартибга келтириш, унга қўйиладиган талабларни кучайтириш мақсадида ноябр ойида 602-сонли Вазирлар Маҳакамаси қарори қабул қилинган. Тўғри, 602-сонли қарор эълон қилинмаган, лекин шу қарор билан қўйилган талаблар 801-сонли лифтларнинг хавфсизлиги бўйича умумий техник регламентнинг 17-бандига қўшимча сифатида киритилган. Бу очиқ эълон қилинган. Шу нарса четда қолиб кетган, тан олиш керак айб бизда ҳам бор, яхши назорат қила олмаганмиз. Лекин қўйиладиган талаблар охиригача бажарилмагани учун шу муаммолар келиб чиқди. Буни тўғри тушуниш керак, бу камчиликлар ҳозир бартараф этилганидан кейин лифтларни сертификатлаштириш жараёни давом этади.

Бахтиёр Гулямов

 3,7,8-схемалар бор. Лекин 3-схемага менинг эътирозларим бор, [мувофиқлик сертификати] 3 йилга берилади, кейин хоҳлаганини олиб келади. Бунга жиддий ёндашадиганлар ҳам, жиддий қарамайдиганлар ҳам бор. Инспекцион назоратдан ўтмагандан кейин бу ерга кириб келаётган лифтларнинг ҳар биттасини 7-8-чизма бўйича жойида текшириш керак. Лекин 3-чизма бўйича текширилмайди. Хоҳлаган нарсасини олиб киряпти, ичини арзонлаштириб ҳам. Бутун дунёда лифтларда “диспетчеризация”, камералар бор, бизда ҳалиям булар йўқ. Тадбиркор фалон пулга олиб келади, лифтда одамлар қурилиш материалларини ташийди. Лифт унга мосланмаган. Бунинг учун алоҳида техникалар бор. Шундоқ ойнасининг тагига олиб чиқиб беради. Текин лифт деб қанча нохуш вазиятлар рўй берди”, - деди Бахтиёр Гулямов.

Тадбиркор Ислом Раҳимовнинг айтишича, импортчиларда муаммо ўтган йили апрел ойидан бошланган. Тадбиркор импортчилар лифтларнинг камчиликларини тузатиш, замонавий талабга жавоб берадиган лифтларни импорт қилиш бўйича таклифлар берилаётгани ва уларни бажариб келаётганини таъкидлади.

“Сентябр-октябр ойларида олиб келинган лифтлар тўхтатилди-да, сертификатлаштириш органи Хитойдаги компанияларга лифтларни бориб кўриб, текшириб, кейин мувофиқлик сертификатларини 3 йилга берди. Ҳар йили бир марта бориб жойида текшириш шарти билан. Кутилмаганда 20 мартдан бирданига тўхтатиб қўйилди. Шунақа ҳолат бўляпти деб олдиндан огоҳлантиришмади, биз сертификат бўйича хавотирсиз эдик. Биз ҳам хавфсиз, сифатли лифтлар олиб кирилиши тарафдоримиз. Бирданига тўхтатиш ҳисобига импортчи тадбиркорлар зарар кўрмаслиги керак.

Ундан ташқари, сиз назарда тутган барча талаблар – диспетчерлик хизмати, камералар каби талабларни биз бажарганмиз”, - деди тадиркор.

Ислом Раҳимов

Бахтиёр Гулямов “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий регламентга ўзгартириш киритилгани, бу ўзгартириш 2024 йил 1 мартдан бошлаб лифт, эскалаторлар кўп квартирали уйлар ёки уларни ўрнатиш назарда тутилган бошқа объектларда фойдаланиш учун жиҳозлари бўлгандагина мажбурий мувофиқлик сертфикати талаб этилишини назарда тутганини таъкидлади.

Бундан ташқари, эндиликда лифт ускунани ишлаб чиқарувчи ёки импорт қилувчи субъектларда республика ҳудудларида кафолатланган сервис хизмати, шунингдек, лифт ускунларида авария қутқарув Air&D қурилмаси, кузатув камераси, алоқани кучайтириш қурилмаси ва авария ҳолатлари ҳақида хабар берувчи восита мавжуд бўлгандагина улар томонидан ишлаб чиқарилган ва импорт қилинган лифтларга мувофиқлик сертификати берилиши талаби қўйилади.   

Тадбиркорлар Гулямовга эътироз билдириб, олиб келинаётган лифтларнинг ҳаммасида юқорида назарда тутилган қурилмалар борлигини айтди.  

“Саноат хавфсизлиги ташкилоти [Хитойга] бориб шу қоидалар бўйича мувофиқлик сертификати бериб келган. Майли, шу сертификат бўйича кирганда ҳам яна бир марта эски тартибдаги каби сизларга мурожаат қилайлик, тўловларинг бўлса тўлайлик-да, бизни яна бир марта назорат қилсин. Биз ҳам хотиржам бўлайлик”, - деди импортчи Ислом Раҳимов.

Инспекция бошлиғи Бахтиёр Гулямовнинг сўзларига кўра, текширувлар энди тугаган ва лифтларда жуда катта камчиликлар аниқланган.

“Яна бир мисол, импорт қилинган муассаса томонидан берилган мувофиқлик сертификатларида кўрсатилган лифтлар сони таққослаганда, республика ҳудудидаги 2075 та ҳар хил турдаги лифтларга сертификат ҳозирги кунга қадар олинмагани маълум бўлди. [Тадбиркор] лифтларни олиб келган, монтаж қилган ва қочворган. Эксплутация билан иши йўқ. Монтажи сифатли бўлиши мумкин, сертификати йўқ лифтнинг сифатига ким жавоб беради?” - деди у.

Шундай вазият юзага келяптики, камчилик аниқланган импортчиларнинг эмас, балки ҳамманинг мувофиқлик сертификати тўхатиб қўйилган. Бу саволга Бахтиёр Гулямов қуйидагича жавоб берди. 

“Қонунчиликда белгиланган тартибда инспекцион назорат ўтказилди, шундан кейин сертификат бериш тўхтатилди. Ҳозир аниқланган сертификат берадиган ташкилот ичидаги камчиликлар бартараф этилганидан кейин [сертификатлаштириш] қайта очилади. Яна бир 2 ҳафта, 10 кунча вақт керак. Ҳужжатларни қайтадан кўриб чиқиш керак. Бош вазир ҳам вазиятни назоратга олган”, - деди у.

Унинг қўшимча қилишича, импорт лифтларга янги талаблар ҳозирча қўйилмаяпти. Назорат қилувчи орган “Лифтларнинг хавфсизлиги тўғрисида”ги умумий техник регламентдаги лифтларга қўйиладиган талабларни қайта кўриб чиқмоқчи. Бу борада лойиҳа ҳам ишлаб чиқилган.

Бахтиёр Гулямовнинг маълум қилишича, қонун бўйича сертификатлаштириш ваколати тўхтатилган, 602-сонли қарор билан олдин сертификат олиб кейин олиб кириш талаби қўйиляпти. “Олдин шароитларимиз йўқ эди, энди Технопарк билан келишиб, улар [лифтларни текшириш учун махсус шахтани] текин фойдаланишга сертификатлаштириш органига беришди”, - деди у. 

Аммо тадбиркорлар бундай шахтага янги лифтлар ўрнатилиб синовдан ўтказилса, улар яроқсиз аҳволга келиб қолиши мумкин деган хавотирларни билдирди.

Бахтиёр Гулямов бу эътирозга жавобан, ушбу талаб мажбурий бўлмаслиги, яна муҳокама қилинишини айтди.

Тадбиркорларнинг эътирозларидан яна бири, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан боғлиқ бўлди.

Абдулазиз Мирзараҳимов

“Айни пайтда барча (16та) импортчининг мувофиқлик сертификати тўхтатиб қўйилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиникичи?” дея савол берилди. Масъуллар унинг ҳам сертификати тўхтатилгани, аммо ишлаб чиқариш давом этаётганини маълум қилди.

“Ишлаб чиқариш давом этаверади, унга сертификат бериш тўхтатилган. Биз ҳам ишлаб чиқарсак, олиб келаверсак бўлаверади, шунақами? Бозорда эркин рақобат йўқолиб қоляпти”, - деди тадбиркорлардан бири.

“Биз сизларга ишлаб чиқариш, олиб келишни тақиқламаяпмиз. Сизларга ўқиб бердим, 2012 та лифтда камчилик аниқланган, камчилик айнан сизда бўлмаслиги мумкин. Муаммо фақат четдан келаётганларда дея олмайман. 2075 таси нимага сертификат олмаган? Масалан ўша почтачи аёл ҳам бирортамизнинг яқинимиз бўлганда нима бўларди?” - деди Бахтиёр Гулямов.

Тадбиркорлар аниқланган 5-10 фоизлик камчиликлар учун бутун импорт тўхтатиб қўйилишини нотўғри деб ҳисобламоқда.

Очиқ мулоқот якунида томонлар яна бу масалани муҳокама қилиш учун йиғилишга келишди. 

Мадина Очилова тайёрлади.
Оператор ва монтажчи – Низомжон Тошпўлатов.

Мавзуга оид