Ўзбекистон | 09:27 / 12.12.2020
5923
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга Хитойдан 30та электровоз олиб келинади

Шу кунларда Хитойдан Ўзбекистонга замонавий ва юқори қувватга эга бўлган юк ва йўловчи локомотивларининг биринчи партиялари олиб келинмоқда. Мазкур жараён Осиё тараққиёт банки иштирокида «Локомотивларни сотиб олиш йўли билан локомотивлар паркини янгилаш» лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда, дейилади «Ўзбекистон темир йўллари» хабарида.

Қайд этилишича, ҳаммаси бўлиб мамлакатга 30та замонавий электровозлар ва улар учун керакли бўлган эҳтиёт қисмларни олиб келиш режалаштирилган. Янги олиб келинаётган локомотивлар йўловчи ва юк ташиш учун мўлжалланган бўлиб, мураккаб тоғли ҳудудларда оғир юкларни ташиш қувватига ҳам эга. Электровозлар экологик хавфсизлик жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беради ва асинхрон тортиш электр двигателлари билан жиҳозланган. Локомотивларда қўлланиладиган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш билан бирга, ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда «Локомотивлар паркига 24 дона локомотив сотиб олиш йўли билан янгилаш» лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. 2017 йил 27 февралда Вазирлар Маҳкамаси томонидан Осиё тараққиёт банки (ОТБ)нинг қарз маблағларини жалб қилиш билан Ўзбекистон ва ОТБ ўртасидаги ҳамкорлик дастури доирасида «Локомотив паркини янгилаш» лойиҳасини амалга ошириш маъқулланди. 2019 йил 30 августда ОТБ билан лойиҳа учун 170 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит шартномаси имзоланди.

2019 йил 17 июлда бўлиб ўтган халқаро тендер натижалари бўйича CNTIC-CRRC-DRLOCO консорциуми билан иккита кузовли 24та электровозни (16та юк ва 8та юк-йўловчи) олиб келиш бўйича 134,6 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди. Электровозларни шартномага мувофиқ етказиб бериш муддати 2021-2022 йилларда амалга ошириш белгиланди. 

Шу билан бирга, «Ўзбекистон темир йўллари» АЖнинг юк электровозларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил январ ойида Молия вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ лойиҳага ажратилган суммадан тежалган 35,37 миллион АҚШ доллар эвазига ОТБга қўшимча 6та электровоз ва эҳтиёт қисмларни олиб келиш бўйича қўшимча битим имзолашни маъқуллаш тўғрисида мурожаат қилди. ОТБ ушбу талабни 2020 йил феврал ойида маъқуллади.

Шу кунларда лойиҳада белгиланган электровозларнинг биринчи партияси, яъни 3та юк ва 1та юк-йўловчи локомотиви ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Жорий йилнинг 9 декабр куни уларнинг бири (икки секцияли юк локомотиви)да тегишли созлаш ишлари якунлангач, синов ишлари бошланди. Яқин кунларда янги электровозларнинг иккинчи партиясида яна 5 дона (3 юк ва 2 юк-йўловчи) электровозни олиб келиш кутилмоқда. 2020 йил охирига қадар электровозларнинг учинчи партиясини, яъни 3та юк электровозни олиб келиш режалаштирилган. 2021 йилда қолган 13та юк ва 5та юк-йўловчи электровозлар олиб келинади.

Мавзуга оид