Ўзбекистон | 12:24 / 22.05.2024
19127
2 дақиқада ўқилади

Саида Мирзиёева соғлиқни сақлаш соҳасида кутилаётган ўзгаришларни маълум қилди

2024 йилда Тошкентда давлат тиббий суғуртаси тизими йўлга қўйилади. Давлат томонидан аҳолини дори-дармон билан таъминлашда электрон рецептлардан фойдаланиш дастури яратилади. Бу ҳақда президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбари ҳузуридаги йиғилишдан кейин маълум қилди.

“Соғлиқни сақлаш тизимига оид масалалар анчадан бери муҳокамаларга сабаб бўлаётган эди ва кеча президентимиз томонидан бир неча муҳим қарорлар қабул қилинди.

2024 йилда Тошкентда давлат тиббий суғурталаш механизми ишга тушади. Бу ҳар бир фуқарога турли ҳолатларда тиббий ёрдам олиш имконини беради.

Давлат томонидан электрон рецептлар орқали аҳолини дори-дармон воситалари билан таъминлаш дастури яратилади. Фуқароларга буджет ҳисобидан бепул дорилар берилади. Бу харажатларни оптималлаштириб, тиббий ходимларнинг ишини енгиллатиш имконини беради. Натижада маблағларни сарфлаш самарадорлиги ошади.

Шунингдек, мурожаатларни касалликнинг оғирлик даражасига қараб сараловчи тез тиббий ёрдам тизимини жорий этиш орқали тиббий хизмат кўрсатиш самарадорлиги ва тезкорлиги такомиллаштирилади.

Бундан ташқари, соғлом турмуш тарзини рағбатлантиришга алоҳида эътибор қаратилади. Бу ҳар бир инсон биринчи навбатда ўз саломатлиги ҳақида қайғурадиган жамият томон қўйиладиган муҳим қадамдир”, – дея ёзди Мирзиёева Telegram-каналида.

Мавзуга оид