Украина, Афғонистон, энергетика, транспорт йўлаклари ва хомашё – Самарқандда лидерлар нима деди?
4 апрел куни Самарқандда Марказий Осиё лидерлари ва Европа Иттифоқи расмийлари иштирокида икки халқаро тадбир ўтказилди. ЕИ – МО саммитида қатнашганлар Украина урушидан Афғонистондаги вазиятгача, энергетикадан хавфсизликкача, транспорт коридорларидан хомашё экспортигача бўлган мавзуларни ўз ичига олган нутқларни қилишди. Саммитни бевосита ёритган Kun.uz журналисти асосий воқеалар ва фикрларни жамлади.

Украина, Афғонистон, афғон халқига гуманитар ёрдам, энергетика, АЭС, тоза ва яшил энергия, транспорт коридорлари – матбуот вакиллари Самарқандда лидерлардан энг кўп эшитган мавзулар шулар бўлди. Марказий Осиёнинг икки давлати – Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари ўз нутқида Украина урушини якунлаш бўйича тинчлик жараёнларининг бошланганини олқишлади. Минтақанинг деярли барча президентлари Афғонистон мавзусига тўхталди, лекин қараш бир-биридан бироз фарқ қилади.
Европа Иттифоқи – Марказий Осиё саммити протоколга мувофиқ олий даражадаги раҳбарларни кутиб олишдан бошланди. Ўзбекистон президенти тадбирда модераторлик қилди, уни очиб берди. Мирзиёев дунёдаги тинчлик ҳақида гапираркан, халқаро ҳамкорликсиз бундай масалаларни мустақил ҳал қилиб бўлмаслигини айтди. Украина атрофидаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича музокаралар бошланганини олқишлаймиз ва тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз, деди Ўзбекистон раҳбари.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга кўра, иттифоқнинг Марказий Осиё билан алоқалари асосан 4 бобда алоҳида кўринади. Булар – транспорт коридорлари, тоза энергия, рақамли боғлиқлик ва фойдали қазилмалар.
“Қозоғистонда шамолдан, Ўзбекистон ва Туркманистонда эса қуёшдан энергия олиш станцияларини қуришни қўллаб-қувватлаймиз. Ҳурматли президентлар, биз мен ҳозир айтган 4 та йўналишда яхши ҳамкорлар бўлоламиз, Европага ишонинг” – Урсула фон дер Ляйен, Европа комиссияси президенти
Қозоғистон эса Европага товарлар экспортини янада оширмоқчи. Европа Иттифоқига 175 турдаги маҳсулотларни экспорт қиляпмиз, бу 2 млрд доллар дегани. Биз юқори сифатли ва бозорда рақобатбардош товарлар экспортини яна кўпайтирамиз, дейди президент Қосим-Жўмарт Тўқаев.
“Қозоғистон Европага углеводород экспорт қилувчи асосий давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Трансконтинентал ўзаро боғлиқликни ошириш – асосий вазифамиз. Охирги йилларда Транскаспий коридорида Қозоғистон анча фаоллашди, бу йўлакдан маҳсулот олиб ўтишимиз 62 фоизга ошиб, 4,5 миллион тоннага етди “ – Қосим-Жўмарт Тўқаев, Қозоғистон президенти
Тўқаев мамлакатда миллий стратегия доирасида АЭС қурилиши, бу эса энергетик ва иқтисодий хавфсизликни таъминлаш учун зарурлигини қўшимча қилди. «Эрасмус+» доирасида Марказий Осиё учун алоҳида дастур очишни таклиф қиламан, дейди қўшни давлат раҳбари.
Саммитда сўзга чиққан Жапаров аввало ўз эътиборини 31 март куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон имзолаган чегара келишувига қаратди. Биз уч томонлама ҳужжат имзоладик, бу эса минтақа барқарорлиги ва хавфсизлиги учун катта қадам бўлди, дейди у.
“Энергетика, туризм, қишлоқ хўжалиги соҳасида катта лойиҳалар бошлаяпмиз. Давлатимиз катта гидроэнергетик потенциалга эга. Тахминан йилига 142 млрд киловатт-соат энергия ишлаб чиқара оламиз. Қайта тикланувчи энергетика ва энергоэффектив технологиялар бўйича Европа Иттифоқи билан ҳамкорликдан манфаатдор бўламиз. Охирги йилларда 18 та кичкина ГЭС қурдик, яқин йилларда эса яна 15 та қуришни режалаяпмиз” – Садир Жапаров, Қирғизистон президенти.
Жапаров ўз чиқишида Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон темирйўли аҳамиятига яна тўхталди. Бу транспорт коридори билан масофа қисқаради. Европа Иттифоқининг транспорт боғлиқлик ташаббусини ва бу учун 10 млрд евро ажратилишини олқишлаймиз, деди президент.
Тожикистон президенти энергетика соҳасига кўпроқ эътибор қаратди. Хусусан гидроэнергетика ва қайта тикланувчи энергия манбалари мамлакатнинг кейинги ривожи учун жуда муҳим аҳамият касб этади, дейди Имомали Раҳмон.
“Европа Иттифоқининг Жанубий Осиёга электр узатиш учун инфратузилма яратиш дастурини қўллашини биз қадрлаймиз, хусусан САСА-1000 лойиҳасини. 2037 йилга бориб, Тожикистон тўлиқ, 100 фоиз яшил давлатга айланади. 2032 йилда эса биз электр билан тўлиқ қайта тикланувчи манбалар ҳисобига таъминлаймиз. Денгизга чиқа олмайдиган мамлакатлар сифатида биз транспорт-коридорларини яратиш, ривожлантириш ташаббусини қадрлаймиз. Масалан, Тожикистоннинг 93 фоизи тоғлардан иборат” – Имомали Раҳмон, Тожикистон президенти
Президент Раҳмон сўзининг якуний қисмини деярли тўлиқ Афғонистонга бағишлади. Бу давлатнинг беқарорлик тўлқини бизга ҳам экспорт бўлишини асло истамаймиз, дейди у.
“Марказий Осиёнинг хавфсизлиги ва барқарорлиги шубҳасиз, Афғонистондаги вазият билан бевосита боғлиқ. Бу давлатнинг иқтисодиёти - беқарор, одамлар оғир гуманитар шароитларда яшамоқда. Барча провинцияларда тезкор гуманитар ёрдамга муҳтожлар кўпаймоқда. Аёллар ва қизлар ҳуқуқлари, эркинлигининг бўғилиши уларнинг келажагини хавф остига қўймоқда” – Имомали Раҳмон, Тожикистон президенти.
Минтақа лидерларидан охири бўлиб Туркманистон президенти сўзга чиқди. Сердар Бердимуҳаммедов кўпроқ урғуни расмий Ашхободнинг бетараф эканига берди. Биз дунёга маълум нейтрал статусимиз билан ҳамкорликка очиқмиз, дейди президент.
“Туркманистон ўзининг нейтрал статусидан келиб чиқиб ишлашга тайёр. 21 март куни Туркманистоннинг абадий нейтралитети хусусида БМТ резолюцияси ҳам қабул қилинди. Биз янги хавфларга қарши биргаликда курашишга ўтишни таклиф қиламиз. Булар - ахборот ва киберҳужумлар, биологик хавфсизлик масалаларидир” – Сердар Бердимуҳаммедов, Туркманистон президенти
Бердимуҳаммедов ҳам Афғонистонга алоҳида эътибор берди. Афғонистон халқи олдида давлат институтларини, иқтисодиёт ва ижтимоий ҳаётни тиклашдек имконият пайдо бўлди, дейди у. Туркманистон президенти нутқини давом эттираркан, хомашё, нефт-газ маҳсулотларини Европага етказиб беришни таклиф қилди. Қайта тикланувчи энергетика ва унинг имкониятлари бўйича диалог бошлаш тарафдоримиз. Туркманистон электр ишлаб чиқаришни ошириш ва уни Европага етказиб беришга тайёр, дея қўшимча қилди президент.
“Марказий Осиёда Европага таклиф қилса бўладиган кўп нарсалар бор. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳозир унинг эффективлиги нуқтайи назаридан жиддий кўриб чиқилиши керак бўлган соҳа” - Сердар Бердимуҳаммедов, Туркманистон президенти
Саммит давомида Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо ҳам сўзга чиқиб, фикрларини билдирди.
Озгина танаффусдан сўнг Самарқанд иқлим форуми бошланди. Унда деярли барча иштирокчилар иқлим инқирози реал, дея гапиришди.
Мавзуга оид

15:03 / 01.05.2025
Самарқандда ўтказилиши режалаштирилган «Марказий Осиё – Кўрфаз давлатлари» саммити қолдирилди

12:15 / 01.05.2025
Европа Иттифоқининг 16 давлати мудофаа харажатларини оширмоқчи

21:41 / 25.04.2025
Ўзбекистон ва Қирғизистон «Чашма» булоғидан биргаликда фойдаланиш бўйича келишувга эришди

13:30 / 24.04.2025