Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Европа Ғазо қамали бекор бўлишини талаб қилмоқда
Европанинг уч давлати Исроил мудофаа вазири Исраэл Кацнинг Ғазони қамал қилиш орқали ҲАМАСга босим қилинаётгани тўғрисидаги баёнотини кескин танқид остига олди.
Германия, Франция ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари Исроилни Ғазо секторидаги қамални зудлик билан бекор қилишга чақирди. Қўшма баёнотда, секторга ёрдам етказишнинг тўхтатилиши очарчилик, эпидемия ва оммавий ҳалокат хавфини юзага келтираётгани айтилган.
«Бу ҳолат зудлик билан тўхтатилиши керак», — дейилади вазирларнинг қўшма баёнотида. Ҳужжатда Исроил армиясининг шифохоналар ва ҳуманитар объектларга зарбалари қаттиқ қораланган.
Шунингдек, Исроил қамали Ғазода ёш болаларни полиомиелитга қарши эмлаш дастури ниҳоясига етказилишига тўсқинлик қилаётгани ҳам тилга олинмоқда. 600 минг болани қамраб олиши лозим бўлган эмлаш дастурининг навбатдаги босқичи қамал туфайли амалга ошмай қолган.
Ғазодаги уйларнинг 90 фоизи вайрон бўлган
Исроилнинг кескин ҳужумлари ва муҳосарасига учраётган Ғазо секторидаги биноларнинг 90 фоизидан ортиғи вайрон қилинган. Бу ҳақда БМТнинг Халқаро миграция ташкилоти маълум қилган.
Ташкилотнинг Х ижтимоий тармоғидаги постида шундай дейилади: «Оилалар ҳимоясиз вайрона хонадонларда бошпана топмоқда, чунки улар яшаши мумкин бўлган хавфсиз жойнинг ўзи қолмаган. ХМТ ғазоликларни турар жой билан таъминлашда ёрдам беришга тайёр. Бироқ бунинг учун қамал бекор қилиниб, чегара пунктлар очилиши зарур».
Исроил армияси 18 мартдан бошлаб 19 январдан кучга кирган муваққат сулҳни бузган ҳолда ўт очишни, Ғазо секторига нисбатан шафқатсиз ҳужумларни қайта бошлади.
Шундан буён 1890 нафар фаластинлик ҳалок бўлди, уларнинг асосий қисми кексалар, аёллар ва болалардан иборат. 5000 га яқин инсон яраланган.
2023 йил 7 октябридан бери Исроилнинг Ғазо секторига қарши амалга оширган ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлган фаластинликлар сони 51 минг 266 нафарга етди, яраланганлар сони эса 116 минг 991 нафарни ташкил қилмоқда.
Кашмирдаги теракт: маълумот учун мукофот








