Жамият | 11:29 / 12.03.2023
43484
6 дақиқада ўқилади

Тарки одат амримаҳол. Нега баъзи одамлар фақат кеч қолади?

Ҳамманинг айтилган вақтдан ҳеч бўлмаса 5 дақиқа кеч қолиб келувчи таниши бўлса керак. Кейинги сафар эртароқ ҳаракатлан деган эслатмалар унча ишламайди. Бунга нима сабаб эканини биласизми?

Фото: AP

Дўстларингиз орасида ёки ишхонада белгиланган вақтдан кеч қолиб келишга одатланиб қолган инсонлар борми? Кеч қолувчилар, одатда, мактаб давриданоқ бу одатлари билан синфдошлари орасида ажралиб қолишади.

Қизиғи, дарсга ё бирор ижтимоий тадбирга ёки белгиланган вазифаларни вақтида топширишга улгурмай қоладиганлар самолёт ё поезд вақтига улгура олишади. Унга нега бошқа пайт кеч қолишади? Сабаби кечикишнинг ҳам ўзига хос хусусиятлари бор.

Ҳа айтганча, кеч қолувчилар фақат Ўзбекистонда эмас, дунёнинг исталган давлатларида учрайди. 2014 йилда АҚШда ўтказилган сўровномага кўра, ҳар 5 америкаликнинг бир нафари ҳафтасига камида бир марта ишга кеч қоларкан.

«Кеч! Биз нима учун кечикамиз ва буни қандай ўзгартириш мумкин? Вақтни ўтказиб юборувчилар қўлланмаси» муаллифи, кечикувчилар бўйича ўрганишлар олиб борган, ўзини ҳам шу тоифада деб билувчи Грейс Пейсининг фикрича одамларни 2 гуруҳга бўлиш мумкин.

Биринчиси – вақтида улгурувчилар (кечикмайдиганлар);

Иккинчиси – вақтни ўтказиб юборувчилар (кечикувчилар).

Грейс Пейси кечикувчиларни – «Timebender»лар, яъни вақтни ўтказиб юборувчилар деб атайди. Улар одатий тартибларни ёқтиришмайди. Доимий бир хилликни эса зерикарли деб билишади. Лекин бирор нарсага қизиқиб қолишса, унга бор эътиборини қаратишади. Вақт масаласида ўлчов қатъий бўлганда эса жуда самарали ишлашади. Офисларда ҳам «таймбендер»ларни осонгина ажратиб олиш мумкин: уларнинг иш столи тартибсиз кўринишда бўлади. Сабаби вақтни ўтказиб юборувчилар бир ишни тугатмасдан иккинчисини ҳам бошлаб юборишлари мумкин.

Грейс Пейсининг ўрганишича, вақтни ўтказиб юборувчиларнинг («таймбендер»лар) вақт ҳақидаги тушунчаси бошқаларникидан фарқ қилади. Улар учун дақиқалар доим бир хил ўлчовга эга эмас: вақт баъзида тез, баъзида секин ўтади. «Таймбендер»лар нимагадир киришиб кетишса, вақт қандай ўтаётганини унутиб қўйишади.

Уларнинг чораси – дедлайнлар! Ҳа, кечикишни яхши кўрувчилар дедлайнлар аниқ бўлса, самарали ишлаб бера олишади.

Фото: iStock

Грейс Пейси кечикишни одат қилганларнинг ўзига хос хусусиятларини санаб ўтади.

  • Кечикувчилар вақт ҳисоб-китобига унча уста эмас;
  • Улар учун вақт ўзгариб туриш хусусиятига эга;
  • Кечикувчилар эртароқ ҳаракатланишни унча ёқтиришмайди. Ҳа, шунчаки уйдан эртароқ чиқиб кетишни хоҳлашмайди.
  • Улар жуда оптимист бўлишади. Ўйлашадики, йўлда кетаётганларида ҳечам қизил чироққа тушишмайди, тирбандликка дуч келишмайди.
  • Кечикувчилар ўзларини телепорт деб ўйлашади. Уйдан чиқиш учун кетадиган маълум тайёргарлик вақтини ҳисобга олмай максимал қисқа муддатда ҳаммасига улгурамиз деб ўйлашади. Бир сўз билан уларни ўз кўнгилларини қолдирмайдиган одамлар деб атаса ҳам бўлади. Масалан, эрталаб ювиниб, кийиниб ишга отланишга атиги 5 дақиқа ажратишлари ҳам мумкин!

2016 йилда Вашингтон университети психологлари Грейс Пейси хулосаларига мос келадиган маълумотни аниқлашди. Улар одамларнинг вақтни чамалай олиш қобилиятини ўрганишган ва буни «Вақтни чамалай олувчи истиқболли хотира» деб номлашган. Тадқиқот давомида психологлар иштирокчиларга вазифа бериб уни тугатишлари учун вақт белгилашган ва ҳатто вақтни текшириб туришлари учун иштирокчиларга соат ҳам беришган. Лекин топшириқ одамнинг бор эътиборини жалб қилишни талаб қиладиган ва соатга чалғишга йўл қўймайдиган хилда бўлган. Ва охири иштирокчиларнинг натижаси асосида аниқ бўладики, айрим одамлар вақт ҳисоб-китобини олишга табиатан уста бўлишади ва ўз хотираларидан келажак ишларини режалаштиришда тўғри фойдалана олишади.

«Вақтни чамалай олувчи истиқболли хотира» бу – доимий қилинадиган ишлар асосида нимага қанча вақт кетишини тўғри чамалай олиш, қилиниши керак бўлган юмушларни унутмаслик. Масалан, агар 13:30 да йўлга чиқилса, соат 14:00 даги учрашувга етиб бориш мумкинлигини тўғри ҳисоблай олиш, яъни йўлга аниқ ярим соат вақт кетишини чамалаш ва кеч қолиш ё кутиб қолмасликка эришиш учун ҳам бундай хотира керак. Белгиланган вазифани вақтида қилмаслик оқибати ёмон бўлиши ҳам мумкин. Масалан, маълум вақтда ичилиши керак бўлган дорини ичмаслик соғлиқда ёмон оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.

Фото: iStock

Кечикувчиларни ҳам айни шу ёмон оқибатлар ва дедлайнлар кечикмасликка мажбурлай олади. Пейси ўрганишлари асосида кечикувчилар улар нимага отланаётганларига қараб ўз вақтида етиб бориши, вазифаларни бажариб бўлиши мумкин. Бунинг учун дедлайнлар ва улгурмай қолишса, содир бўладиган оқибатларнинг қанчалик хавфлилиги муҳим.

Фото: ingimage/vostock-photo

Дедлайнлар қанча аниқ бўлса, кечикувчиларнинг ишлаш тезлиги ва самарадорлиги ҳам шунга қараб ошади ва улгуришни эплашади, албатта.

Лекин инсон шахсияти ўзгариши мумкин деб ҳисобловчи психологлар ҳам бор. Одам ўз устида ишлаб, вақтни тўғри чамалашни ва кечикмасликни, атрофдагиларни қийнамасликни ўрганиб олиши ҳам ҳеч гап эмас.

Мавзуга оид