Жаҳон | 20:38 / 06.11.2024
2045
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонда аёлларнинг иш вақтини қисқартириш таклиф қилинди

Қозоғистонлик депутат Қарақат Абден, шунингдек, мамлакат ҳукуматига пул тўланадиган «декрет» таътилини икки йилгача узайтириш таклифи билан чиқди. Унинг сўзларига кўра, бу оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Фото: Pexels

Қозоғистонда Скандинавия давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб аёллар учун иш вақти қисқартирилиши мумкин. Депутат Қарақат Абден мамлакат бош вазири Олжас Бектенов номига шу каби таклифни билдирди.

Абден ўзининг депутатлик сўровида сўнгги йилларда Қозоғистонда аёллар етакчилиги соҳасида давлат сиёсатини такомиллаштиришга қаратилган қатор ислоҳотлар ўтказилганини қайд этди.

«Сўнгги йилларда аёл туман ҳокимлари сони 8 фоизга ошди, аёллар раҳбарлик лавозимларига янада дадил ва қатъий ўта бошлади. Аммо кўрилаётган ушбу қадамларга қарамай, бу борадаги ўзгаришлар саноқли кўрсаткичларни ташкил этмоқда, бизга тизимли ўзгаришлар керак», — дейди Абден.

Депутат ўз сўровида келтирган статистикага кўра, 2024 йилда давлат хизматчилари орасидаги аёллар сони 55,7 фоизни ташкил этган, аммо уларнинг раҳбарлик лавозимларидаги улуши кам — 20,3 фоиз. Шу билан бирга, Абден мамлакат мустақилликка эришгандан бери сиёсий лавозимларни эгаллаган аёллар улуши ҳеч қачон 15 фоиздан ошмаганини таъкидлади.

Депутат ҳукуматга аёллар етакчилигини ривожлантиришга хизмат қиладиган қатор таклифларни билдирди. Хусусан, Қарақат Абден пул тўланадиган «декрет» таътилини икки йилгача узайтириш, шунингдек, Скандинавия давлатлари тажрибасидан келиб чиқиб аёллар учун иш вақтини қисқартиришни таклиф қилди.

«Бу оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади, аёллар фарзанд тарбиясига кўпроқ эътибор қаратади», — дейди у.

Мавзуга оид