Жаҳон | 12:38 / 10.07.2023
30812
5 дақиқада ўқилади

Лабораторияда етиштирилган гўшт сотуви бошланди. У табиий гўшт ўрнини боса оладими?

Лабораторияда гўшт етиштириш бошланганига 10 йил бўлса ҳам, у оммалашиб кетолмаяпти. Ҳозир дунёда Сингапур ва АҚШда маданий гўшт сотувига рухсат берилган холос. Хўш, лабораторияда гўшт қандай ишлаб чиқарилади, бундан мақсад нима эди, унинг мазаси табиий гўштга қанчалик ўхшайди?

Фото: KUN.UZ

Лабораторияда гўшт етиштириш ғояси

Лабораторияда ишлаб чиқарилган гўшт тушунчаси бир қараганда ғайритабиий янграйди. Чунки инсоният гўштни жониворлар танасидан бошқа манбадан олиш ҳақида 30-40 йил олдин хаёлига ҳам келтирмаганди. Бу ғоя 2000 йиллардан бери оммалаша бошлаган. Жейсон Масен исмли тадқиқотчи New Harvest нотижорат тадқиқот марказини тузиб, илк маданий гўшт етиштириш изланишларини шу ерда олиб боради. Ўша пайтда бундан асосий мақсад гўшт етиштириш саноати туфайли зарар кўраётган экологияни яхшилаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўлгани айтилади.

Орадан 10 йиллар ўтиб, 2013 йилда немис фармацевти Марк Пост маданий гўштдан тайёрланган илк ҳамбургерни оммага намойиш қилади.

Маданий гўштдан тайёрланган илк ҳамбургер

Тайёрланиши 330 000 долларга тушган маданий гўшт кейинчалик турли йирик компанияларнинг қизиқишига сабаб бўлди. Ўнлаб компаниялар бозорга маданий гўшт олиб кириш пойгасига қўшилди.

Бундай гўшт савдосига илк марта 2020 йилда Сингапурда рухсат берилганди. 2023 йилда эса АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Upside Foods ва Good Meat фирмаларига маданий гўшт маҳсулотини ишлаб чиқаришга рухсат берди. Шундай қилиб, АҚШ Сингапурдан кейин лабораторияда етиштирилган гўштни сотишга рухсат берган иккинчи давлатга айланди. Upside Foods буни “орзулар рўёбга чиқиши” ва “янги даврнинг бошланиши” деб атаган. 

Маданий гўшт тайёрланиш жараёни

Лабораторияда етиштириладиган гўшт табиий ҳайвон гўштидан катта фарқ қилмайди. Чунки уни тайёрлашда ҳам ҳайвон ҳужайрасидан фойдаланилади. Жонивордан ажратиб олинган ҳужайраларга кейинчалик оқсил, шакар ва ёғ каби озиқ моддалар қўшилади.

Биореактор

Ҳужайралар бўлиниб, етилиб қолгач, катта пўлат биореакторга солинади. Биореакторлардан пандемия даврида вакциналар ишлаб чиқариш учун фойдаланишган.

Маҳсулот 4-6 ҳафтадан кейин контейнердан олинади. Кейин унга бироз ўсимлик мойи қўшиб, пиширилади. Ва охирида керакли шаклга кириши учун 3D принтерда босилади.

Товуқ гўштига жуда ўхшайди, лекин…

Маданий гўштни илк бор татиб кўриш бахтига дегустатор Ҳанни Руетзлер мушарраф бўлган. Унинг сўзига қарганда, гўштда табиий гўштга яқин таъм бор, бироз қуруқ, лекин мазаси ажойиб.

Умуман ўзи ҳозирги ишлаб чиқарилаётган маданий товуқ гўштини татиб кўрганларнинг айтишича, маданий гўшт товуқ гўштига жуда ўхшайди, лекин айнан унинг мазасини бермайди.

Шу ўринда бундай гўштнинг яна бир жиҳатини кўздан қочирмаган маъқул: тадқиқотчилар лабораторияда етиштирилган гўшт ултра қайта ишланиш жараёнидан ўтгани сабабли саратонга мойилликни ошириши мумкин, деган фикрни илгари сурмоқда.

Экологияга фойдаси кўпми ёки зарари?

Назарий жиҳатдан, маданий гўшт инсониятнинг гўшт учун ер ва чорвачиликка бўлган қарамлигини қисқартириши ва углерод чиқиндиларини камайтириши керак эди. Бироқ унга сарфланаётган энергия, унинг фойдасидан зарарини кўпайтираётгандек. Чунки лабораторияда гўшт етиштиришга мослашган технологиялар жуда кўп энергия талаб қиляпти. Агар барқарор энергия манбаларидан фойдаланилмаса, бундай гўшт тайёрлаш оддий мол гўштига қараганда табиатга 4-25 баравар ёмонроқ таъсир қилади, деган фикрлар келтирилади тадқиқотлардан бирида. Лекин Eat Just ташкилоти бу фикни "хато" деб атади.

Бундай гўштнинг иссиқхона газларига таъсири масаласи ҳам ҳали ўрганилмоқда. Лекин якуний қарорга келингани йўқ. Масалан, айрим тадқиқотларда маданий гўшт CО2ни 96 фоизга камайтиради дейилган бўлса, яна бир тадқиқотда бу рақамлар 74-84 фоиз деб кўрсатилади. Бу жониворлар турига боғлиқ. Сигир ва қўзи гўштлари кўпроқ CО2 чиқарса, товуқ ва балиқда камроқ бўлади.

1та бургер 50 доллар

Бундан ташқари, маданий гўштни ишлаб чиқариш қимматга тушиши мумкин. АҚШда бундай гўштни сотишга рухсат берилган бўлса ҳам бу оммалашиб кетишига ҳали анча бор. Чунки сўнгги 5 йилда 100дан ортиқ стартапларни ривожлантириш учун миллиардлаб пул сарфланган, янгиларига ҳам миллиардлар керак. Бу гўштни оддий америкаликнинг дастурхонига етказиш ҳам анча қимматга тушади. Шунинг учун экспертлар ундан фойда олиш ҳақида ҳали гапирмаса ҳам бўлишини айтади.

Шунингдек, гўшт тайёрланадиган биоректор ускунасининг ўзи ва улар ўрнатиладиган заводлар ҳам анча қиммат туради. Масалан, 15 минг тонна гўшт ишлаб чиқарадиган заводни қуриш 650 миллион долларга тушади.

Қолаверса, АҚШда бу гўштдан тайёрланган бургер ўртача 50 долларга тушяпти. Ўртаҳол яшайдиган америкалик буни афзал кўрмаса керак. 

Мавзуга оид