Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Путин Мадурони ағдарган Трампни танқид қилишга журъат этолмади
Кремл раҳбари янги йил таътилидан кейинги биринчи оммавий чиқишида Николас Мадуронинг АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олиниши ҳақида оғиз очмади ва Венесуэлани Россиянинг «дўсти» ва «ишончли ҳамкори» деб атади.
Фото: Kremlin.ru
Россия президенти Владимир Путин Қўшма Штатларнинг Венесуэладаги хатти-ҳаракатлари юзасидан сукут сақлашда давом этмоқда, деб хабар берди The Moscow Times.
Путин янги йил таътилидан кейинги биринчи оммавий чиқишида, Кремлда хорижий элчиларга ишонч ёрлиқларини топшириш маросимида Николас Мадуронинг АҚШ ҳарбийлари томонидан қўлга олиниши ҳақида оғиз очмади ва Венесуэлани Россиянинг «дўсти» ва «ишончли ҳамкори» деб атади.
Россия президенти, шунингдек, Венесуэла нефтини ташиш учун фойдаланилган Россия махфий флотининг танкерлари ҳибсга олингани ҳақида ҳам сукут сақлади.
Шунингдек, 15 январ куни бўлиб ўтган янги йилдаги биринчи брифингда Кремл матбуот котиби Дмитрий Песков ҳам Венесуэла ҳақида бир оғиз ҳам гапирмади.
Элчиларга мурожаат қилар экан, Путин халқаро майдондаги вазият «тобора ёмонлашиб бораётганини» айтди.
«Консенсус ва муросали ечимларни излаш кўпинча бир томонлама ва жуда хавфли ҳаракатлар билан алмаштирилмоқда. Ва давлатлар ўртасидаги мулоқот ўрнига, ўз иродасини ўтказишни, ҳаётга ўргатишни ва буйруқ беришни ҳақли деб билганларнинг монологи янграмоқда», деди у.
АҚШда гиёҳванд моддалар савдосини ташкил этишда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган Мадурога қарши операция Москванинг ғазабини қўзғатди, аммо Вашингтон билан муносабатлар Кремл учун муҳимроқ, деди Bloomberg агентлигига вазиятдан хабардор манба.
Унинг сўзларига кўра, Венесуэладаги дўстона режимнинг йўқолишини Кремл ҳалокат деб ҳисобламайди. Bloomberg суҳбатдошининг таъкидлашича, Эрон билан боғлиқ вазият янада жиддийроқ бўлиб, Трамп Теҳронга қарши намойишчиларни қўллаб-қувватлаш учун зарбалар билан таҳдид қилган. Эрон Россиянинг йирик ҳарбий шериги бўлиб, Украинада уруш бошланганидан бери 3 миллиард долларлик ракета ва дрон етказиб берган. Аммо шунга қарамай, Россия вазиятга аралашмайди ва катта эҳтимол билан ҳукуматни оғзаки қўллаб-қувватлаш билан чекланади, деди агентлик суҳбатдоши.
Трампнинг Оқ уйга қайтиши билан Москва ва Вашингтоннинг яқинлашуви бошланганидан сўнг, Россия «Американинг Венесуэла томонга шамаларига нисбатан вазминлик билан муносабатда бўлди», деди немис сиёсатшуноси Феликс Рифер.
«Россия аслида Мадурони аввалроқ топширган», деди у. Шунга қарамай, Россиянинг халқаро майдондаги имижи заифлашган, деди Рифер: «Россияга умид боғлаган одам ўзини ҳимоя этишларига умид қилолмайди».