Жамият | 09:48 / 23.03.2026
9711
1 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ҳоким ёрдамчиси ва етакчи мутахассис пора билан ушланди

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида ДХХ Қашқадарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Қарши шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларидан бирида ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишловчи шахс қўлга олинди.

Фото: ДХХ

Аниқланишича, у 1983 йилда туғилган фуқарога 2019 йилда шаҳар ҳокимлиги томонидан ижара шартномаси асосида берилган давлат захирасидаги 35 сотих ер майдонини мансабдор танишлари орқали хусусий мулк сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 1000 АҚШ доллари олган вақтида ушланган.

Терговга қадар текширув давомида мазкур пул маблағи шаҳар ҳокимлигининг етакчи мутахассисига берилиши кераклиги маълум бўлган. Шундан сўнг тезкор тадбир давом эттирилиб, у ҳам ушбу маблағни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

ДХХ фуқароларни кундалик ҳаётда шундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келган тақдирда, идоранинг 1520 қисқа рақами орқали мурожаат қилишга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат қилувчининг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид