Спорт | 12:21 / 29.11.2020
40523
2 дақиқада ўқилади

Афсоналар жанги: Майк Тайсон ва Рой Жонс ўртасидаги жангда ғолиб аниқланмади

АҚШда бокс афсоналари – собиқ мутлақ жаҳон чемпиони 54 ёшли Майк Тайсон ва 4та вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони Рой Жонс ўртасида кўргазмали бокс жанги бўлиб ўтди. Узоқ кутилган жанг дуранг натижа билан якунланди.

Фото: Getty Images

“Афсоналар жанги” деб ном олган жанг Лос-Анжелесдаги Staples Center аренасида бўлиб ўтди. WBC ушбу жанг ғолиби учун янги махсус камар Frontline Battle Heavyweight тайёрлаб қўйганди. 

Боксчиларнинг ёши катталигини ҳисобга олиб, 2 дақиқадан 8 раундлик жанг ташкиллаштирилган. Иккала боксчи ҳам жанг учун 10 млн доллардан ҳақ олган.

Боксчилар жангнинг биринчи раундиданоқ бир-бири билан зарбалар алмаша бошлаган, бироқ улардан ҳеч бири иккинчисига жиддий зарба бера олмаган. Иккинчи раунддан эса боксчилар асосан клинчга кира бошлашган.

Раундлар ўтган сари боксчиларнинг толиққани сезила бошлаган. “Темир” Майк ора-орада тезкор ҳужумлар уюштиришга, Жонс эса кўпроқ клинчга киришга ҳаракат қилган. Таъкидлаб ўтиш жоиз, жангчилар ёшлари учун анча кескин ҳаракат қилишган.

Охир-оқибат иккала боксчи ҳам 8 раундлик жангни бошдан-охиригача ўтишди, ҳакамлар эса дуранг натижа эълон қилишди.

54 ёшли Тайсон учун ушбу жанг фаолиятидаги 59-жанг бўлди. Бунгача “қария” Майк 58та расмий жанг ўтказиб, улардан 50тасида қўли баланд келган. У ўз вақтида мутлақ жаҳон чемпиони, WBC, WBA, IBF, The Ring версиялари бўйича бир неча карра жаҳон чемпиони бўлган. У охирги жангини 2005 йил июнда Кевин Макбрайдга қарши ўтказиб, унга техник нокаут билан ютқазган. 

51 ёшли Жонс ҳисобида эса бунгача 75та жанг бўлган ва у улардан 66тасида ғалаба қозонган, 9тасида мағлубиятга учраган. У 4та – ўрта, супер ўрта, оғир ва ўта оғир вазн тоифасида чемпионлик камарларига эга дунёдаги ягона боксчи ҳисобланади. Жонс фаолиятини 2018 йилда ҳамюрти Скотт Сигмон устидан ғалаба билан якунлаган.

Мавзуга оид