Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборадиган 11 юлдуз футболчи
Қуйида Қатардаги мундиалга бормаслиги аниқ бўлган юлдузли футболчилар келтирилади.
Эрлинг Ҳоланд, Норвегия
Норвегия термасини саралаш цикли бошланиши арафасида Нидерландия ва Туркия билан бир гуруҳда фаворит деб ҳисоблаш қийин эди, аммо турнир бошланганида, Ҳоланд ва компания биринчи поғонада юрди. Ҳоланд жароҳат олгач эса, натижалар ёмонлашди, сўнгги турларда Латвия билан дуранг ва Нидерландиядан мағлубият скандинавларни ўтиш ўйинларида иштирок этиш имконидан ҳам маҳрум қилди.
Ҳоланд фақат дастлабки олти ўйинда иштирок эта олди ва бу ўйинларда беш гол урди. Агар етакчининг соғлигида муаммо юзага келмаганида, Норвегия 1998 йилдан буён илк бор жаҳон чемпионатига чиққан бўларди. Ҳозирча 21 ёшли ҳужумчи асосий эътиборни клубдаги фаолиятига қаратишига ва кейинги йирик халқаро турнирни кутишига тўғри келади.
Муҳаммад Салоҳ, Миср
Муҳаммад Салоҳ сўнгги икки ойни хотирасидан ўчириб юборишни исташи тайин. Аммо «Ливерпуль»даги жамоадоши Садио Мане бунга йўл қўймайди. Аввалига сенегаллик футболчи февралдаги пенальтилар сериясида Салоҳ яна Африка чемпиони мақомига эга бўлишига тўсқинлик қилди. Финалда мисрлик футболчилар 11-метрли зарбаларни шунчалик ёмон ижро этишдики, уларнинг асосий юлдузига навбат ҳам етиб келмади.
Март ойи охирида унда қасос олиш имкони пайдо бўлди. Сенегал ва Миср Қатар чемпионати йўлланмаси учун ўтиш ўйинларида ўзаро рақибга айланди. Биринчи ўйинда мисрликлар ғолиб бўлишди (1:0), жавоб учрашувида эса сенегалликлар тезкор гол уришди, аммо ўз муваффақиятларини ривожлантира олишмади. Ғолибни аниқлаш учун яна ўйиндан кейинги пенальтилар сериясига мурожаат этилди. Миср бош мураббийи Карлуш Кейруш бу сафар зарба берувчилар таркибини ўзгартирди ва Салоҳни биринчи навбатга қўйди, аммо сардор масъулиятни кўтара олмади ва ҳатто зарбани дарвоза соҳасига аниқ йўллай олмади. Сенегаллик мухлислар ўйин давомида ҳам, пенальтини тепиш вақтида ҳам Салоҳнинг юзига лазер указкалар билан нур тушириб туришди, аммо бу натижани бекор қила олмайди.
Мане эса пенальтилар сериясини аниқ зарбаси билан якунлаб берди ва Салоҳни икки ой ичида иккинчи бор ортда қолдирди.
Ҳоқон Чалхонўғли, Туркия
Туркия термасининг ҳужумкор яримҳимоячиси Ҳоқон Чалхонўғли сўнгги мавсумларда Италия А Сериясининг ўз позициясидаги энг кучли футболчиларидан бири бўлиб турибди. «Милан» ва «Интер» сафидаги ишончли ўйинларидан ташқари, Чалхонўғли жаҳон чемпионати квалификациясида ҳам ўзини кўрсатди. 28 ёшли ушбу турк юлдузи 11 ўйинда уч гол урди ва беш ассист муаллифи бўлди. Аммо Чалхонўғлининг спорт формаси ёмонлашиши Португалияга қарши ўтиш ўйини ўтказилган даврга тўғри келди, бу ўйинда турклар 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди, «Интер» яримҳимоячиси эса сариқ карточка олиш билан кифояланди.
Златан Ибраҳимович, Швеция
Ўзини тарихдаги энг кучли футболчи деб атайдиган Златан жаҳон чемпионатларида икки бор қатнашган, аммо у учун сўнгги мундиал 2006 йилга тўғри келади. Швеция термаси Россияда ўтган ЖЧ-2018да чоракфиналгача етиб борган, аммо бу турнирга Ибраҳимович бормаган, у 2016 йилда халқаро фаолиятини якунлаганини эълон қилганди.
Беш йил ўтиб «Милан» ҳужумчиси терма жамоага қайтишга қарор қилди. 40 ёшли Ибраҳимович ЖЧ-2022 саралашида беш ўйинда қатнашди ва икки голга ҳаммуаллифлик қилди. Чехларга қарши биринчи ўтиш ўйинида (1:0 қ.в.) у сариқ карточкалари кўпайиб кетгани учун қатнаша олмади, Польшага қарши иккинчи ўйинда (0:2) фақат 80-дақиқада майдонда пайдо бўлди.
Ёши ўтиб қолганига қарамай, Ибра терма жамоадан иккинчи марта кетиши ҳақида эълон қилишга шошилмаяпти. Аммо ЖЧ-2022 бошланганида у 41 ёшда бўлади.
Жоржиньо, Италия
Итальянлар Европанинг амалдаги чемпиони бўлатуриб, кейинги мундиалга йўлланма ололмаган тарихдаги тўртинчи жамоа бўлишди. Охирги бор бундай ҳолат Греция билан кузатилган, Евро-2004да сенсация кўрсатган греклар ЖЧ-2006га чиқа олишмаганди. Италия бундай трюкни такрорлашини ҳеч ким кутмаганди.
Роберто Манчини тузган жамоада яққол ажратиб кўрсатиш мумкин бўлган футболчи Жоржиньо ҳисобланади. Ушбу яримҳимоячи 2021 йилда катта натижаларга эришди: «Челси»га Чемпионлар лигасида ғолиб чиқишда, Италияга эса — Евро-2020 ғолиби бўлишда ёрдам берди. Аммо ЖЧ саралашида унинг хатолари икки марта итальянларни очколардан маҳрум қилди: гап гуруҳ ўйинларидаги асосий рақобатчи Швейцарияга қарши ўйинларда урилмаган пенальтилар ҳақида (0:0 ва 1:1).
Адолат учун айтиш керакки, барча айбни Жоржиньо зиммасига ағдариш керак эмас. Кучли таркибдаги швейцарларга қарши ўйинлардан ташқари, Италия Болгария (Флоренциядаги ўйин 1:1 ҳисобида якунланди) ва Шимолий Ирландия (0:0) билан ўйинларда ҳам очко йўқотди. Ўтиш ўйинида эса Шимолий Македониядан 90+2-дақиқада гол ўтказиб, мағлуб бўлишди (0:1).
Риёз Маҳрез, Жазоир
Пеп Гвардиола бошқарувидаги «Манчестер Сити»нинг муҳим футболчиларидан бўлган Маҳрез Муҳаммад Салоҳнинг тақдирини такрорлади. Тўғриси, у билан янада ёмонроқ ҳолат юз берди. Африканинг амалдаги чемпионлари бўлган Жазоир февралдаги турнирда гуруҳдан ҳам чиқа олмади, март охиридаги ўйинда эса даҳшатли мағлубиятга учраб, Камерунни мундиалга кузатишга мажбур бўлишди.
Жазоирликлар сафардаги биринчи ўйинда ғалаба қозониб (1:0), иккинчи ўйин арафасида қулай имконият ҳосил қилишганди, вазифа — ютқазмаслик эди. Жамоани 22-дақиқада Эрик Максим Шупо-Мотинг томонидан урилган гол синдира олмади. Жазоир ўйин давомида тўлиқ устунликка эга бўлди, аммо ҳисобни тенглаштира олмади. 49-дақиқада ҳакам Ислом Слиманининг голини офсайд туфайли бекор қилди. Қўшимча бўлимлар бошланганида, 98-дақиқада форварднинг яна бир голи инобатга олинмади — бу вазиятда у бош билан берган зарбадан кейин тўп қўлига ҳам тегиб дарвоза тўрига кирган деб топилди. Ҳатто бу ҳам жазоирликларнинг руҳини чўктира олмади ва 118-дақиқада бурчак зарбасидан кейин Аҳмад Туба ҳисобни тенглаштирди.
Лекин Жазоир барибир устунликни бой берди. Африкада ҳамон сафардаги гол қоидаси амалда, шунинг учун Камерунга ўйин охирига қадар яна бир гол уриш Қатарга йўлланма олиш учун кифоя қиларди. Карл-Токо Экамби 120+4-дақиқада урган гол Жазоирни жаҳон чемпионати йўлланмасидан қуруқ қолдирди. Натижада Маҳрез қаторасига иккинчи марта мундиални ўтказиб юборадиган бўлди.
Виктор Осимҳен, Нигерия
Икки йил муқаддам «Наполи» «Лилль»га Осимҳен учун 75 миллион евро тўлаганди. Ҳозирча уни Италия чемпионатида суперюлдузга айланди дейиш қийин, аммо Неаполда ушбу нигериялик футболчи ўзини яхши кўрсатмоқда. Ўтган мавсумда форвард А Сериянинг 24 ўйинида 10 гол урганди, бу мавсумда эса Осимҳеннинг ҳисобида 20 ўйинда урилган 11 гол бор. Статистика янада яхшироқ бўлиши мумкин эди, аммо жароҳатлар бунга йўл қўймаяпти.
Табиийки, 23 ёшли ҳужумчи миллий жамоанинг асосий таркиб футболчиси. У февраль ойида Африка Кубоги ўйинларини коронавирус туфайли ўтказиб юборди, Нигерия эса 1/8 финалдаёқ иштирокини тўхтатди. ЖЧ-2022 саралашида Осимҳен саккиз ўйинда тўрт гол уришга эришди, аммо бу етарли бўлмади. Сафарда урилган гол қоидаси унинг жамоаси зарарига ишлади. Ганада голсиз дуранг қайд этган нигерияликлар ўз уйидаги учрашувнинг 10-дақиқасидаёқ гол ўтказиб юборишди. Нигерия ҳисобни тенглаштирди, аммо ғалабага эриша олмади. Ҳисоб 1:1 бўлиб турганида Осимҳеннинг голи офсайд туфайли бекор қилинди.
Давид Алаба, Австрия
Алаба учун абадий муаммо — терма жамоанинг турнирлардаги иштироки. Австрияда унинг даражасидаги футболчилар шунчаки йўқ. Аммо бу сафар «Реал» ҳимоячиси халқаро турнир йўлланмаси учун курашда шунчаки имконсиз қолди. Саралаш босқичида гуруҳда 4-ўринни олганига қарамай, австрияликлар Миллатлар лигасидаги яхши иштирок туфайли ўтиш ўйинларида қатнашиш имконига эга бўлишди.
Аммо Алабанинг жаҳон чемпионати йўлланмаси учун умидларини жамоадоши — Гарет Бэйл кўмиб қўйди. Уэльс термасига борганида у бутунлай бошқа футболчига айланади ва бу сафар ҳам шундай бўлди. Ушбу вингернинг дубли уэльсликларга Австрия устидан ғалаба келтирди (2:1). Алаба профессионал футболчилик фаолиятида 13 йилдан буён мундиалсиз қолмоқда ва бундан кейин ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этиши сўроқ остида.
Артуро Видаль ва Алексис Санчес, Чили
Чили Қатарга йўлланма ололмаганини ҳозирда сенсация дейиш қийин, аммо мухлислар уларни мундиалда кўришга одатланиб қолишганди. 2015 ва 2016 йилларда Америка Кубоги чемпионлари бўлган чилиликлар ЖЧ-2022 саралашида гуруҳда 7-ўринни олишди. Жамоа етакчилари — «Интер» футболчилари Артуро Видаль (34 ёш) ва Алексис Санчес (33 ёш) — кексайди, ёш авлод вакиллари эса уларнинг даражасига чиқа олмаяпти. Натижада чилиликлар қаторасига иккинчи бор жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишмоқда.
Луис Диас, Колумбия
Илк ўйинлариданоқ «Ливерпуль»нинг асосий таркиб футболчисига айланган Луис Диас чилиликларга қараганда Қатар йўлланмасига яқинроқ эди. Диас ўтган йил ёзида Америка Кубогида порлаган ва тўрт гол урган, жумладан Бразилия дарвозасини қайчи услубидаги зарба билан ишғол қилганди.
ЖЧ-2022 саралашида Диас ўша турнирдаги каби ёрқин бўла олмади, аммо юқори даражада ўйнашда давом этди. Колумбияликлар жуда кўп ўйинда дуранг ўйнаб юборишди — 18 ўйиндан 8тасида, жумладан аутсайдерларга қарши ўйинларда ҳам (Венесуэла билан 0:0, Боливия билан 1:1). Натижада Колумбия миллий жамоасига Осиё вакилига қарши ўтиш ўйинларида иштирок этиш учун бир очко етмади ва плей-оффда Перу ўйнайдиган бўлди.
Қатарга борадиган 29 миллий жамоа номи маълум бўлиб улгурган. Қолган учта йўлланма учун Уэльс-Украина/Шотландия, Перу-БАА/Австралия ҳамда Коста-Рика ва Янги Зеландия жамоалари курашни давом эттиришади. Шундай экан, турнирга бора олмаган юлдузли футболчилар рўйхати яна кенгайиши мумкин.
Мавзуга оид
21:09 / 28.12.2022
Аргентина миллий жамоаси жаҳон кубоги билан президент саройига боришдан бош тортди
15:13 / 28.12.2022
ЖЧ-2022 пайтида Месси яшаган хона музейга айланади
22:52 / 24.12.2022
Аргентинада французларнинг финални такроран ўтказиш талабига жавоб қайтаришди
19:00 / 23.12.2022