21:22 / 02.05.2024
40225

Россияда одамларни ёнғиндан қутқарган ўзбекистонликка пул йиғиб берилди 

Олимжон Иброҳимов учун маҳаллий аҳоли пул тўплаб берди.

Фото: Ижтимоий тармоқлар

Санкт-Петербург шаҳрининг Подолская кўчасида одамларни ёнғиндан қутқарган ўзбекистонлик Олимжон Иброҳимов учун шаҳарликлар 36 минг рубл йиғишди. Бу ҳақда «Черный список Питер» гуруҳи хабар берди. 

Нашрнинг таъкидлашича, гуруҳ аъзолари Иброҳимовга 11 минг рубл берган, яна 25 минг рублни Коломна (ёнғин содир бўлган жойдан унча узоқ бўлмаган округ) аҳолиси йиғган. 

26 апрел куни Санкт-Петербургда кўча тозаловчи бўлиб ишловчи 48 ёшли Иброҳимов ёнғин содир бўлган бинонинг учинчи қаватида қолиб кетган аёлларни қутқариб олинишига ёрдам берган эди. У дренаж трубасига чиқиб, учинчи қаватга чаққонлик билан кўтарилди ва аёлларга деразадан тушиб, карнизга туриб олишга кўмаклашди. Ёрдамга келган ўт ўчирувчилар эса аёлларни зинапоя орқали пастга туширди. Ҳодисани ўткинчилар видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаштирганидан сўнг, Иброҳимов машҳур бўлиб кетган эди. 

27 апрель куни шаҳарнинг Адмиралтейский тумани маъмурияти раҳбари Сергей Оверчук миннатдорчилик белгиси сифатида Олимжон Иброҳимовга черковнинг суратини совға қилди. 

 

Top