«АҚШга қарши глобал алянсни жонлантириш» – экспертлар Путиннинг КХДРга ташрифи ҳақида нима дейди?
Ташриф доирасида имзоланган стратегик ҳамкорлик тўғрисидаги шартномага кўра, Россия ва КХДРдан бирига тажовуз юз берса, иккинчи томон жим турмаслиги лозим. Сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Камолиддин Раббимов бу борадаги фикрлари билан ўртоқлашди.
Россия президенти Владимир Путин 24 йиллик танаффусдан кейин яна бир бор Шимолий Кореяга ташриф билан келди. Икки кунлик сафарнинг асосий воқеалари 19 июн куни пойтахт Пхенянда бўлиб ўтди. КХДР раҳбари Ким Чен Ин Россиянинг Украинадаги урушини тўла қўллаб-қувватлашини, Путиннинг сафари эса алоқаларда янги саҳифа очганини билдирди.
Владимир Путинни Ким Чен Иннинг шахсан ўзи аэропортда кутиб олган. Россия президенти биринчи марта бу давлатга 2000 йилда, президентлигининг дастлабки йилида келганди. Ўшанда КХДРни ҳозирги раҳбарнинг отаси Ким Чен Ир бошқараётганди. Ким Чен Иннинг ўзи сўнгги йилларда икки марта Россияга ташриф буюрган. Охиргиси 2023 йил кузида бўлганди ва ўшанда у Путинни КХДРга таклиф қилганди.
Коллектив Ғарб Украинада уруш давом этиб турган бир вазиятда Россия ва КХДР ўртасидаги ҳамкорлик, хусусан, ҳарбий ҳамкорлик кучайишидан хавотирда. Икки давлат буни рад этса-да, Москвага уруш учун қурол ва ўқ-дори етказиб берилаётгани аниқ. Путиннинг Пхенянга ташрифи билан Россияга ўқ-дорилар етказиш ҳажми каррасига ошиши ҳам кутилмоқда.
Сиёсатшунос Фарҳод Толипов Шимолий Корея дунёнинг ривожланмаган ва бу бўйича рўйхатда энг охирги ўринларда турувчи давлати эканини таъкидлади.
«Ўтган асрнинг 50-йилларида собиқ совет иттифоқи шимол давлатчилиги учун қалқон бўлганди. Замон ўтиб шундай вазият бўлдики, энди Россия Шимолий Корея ёрдамига муҳтож. Уруш давом этар экан, Москва шу қадар ёлғизлангани ортидан Пхенян қўллаб-қувватловидан ҳам умидвор», дейди сиёсатшунос.
Ким Чен Ин Путинни қарши оларкан, ўзаро муносабатларда янги давр бошланганини олқишлади. Шунингдек, у Россиянинг Украинадаги урушини тўла даражада қўллаб-қувватлашини ҳам маълум қилган. Бу борада Пхенян Москва билан бирдам. Путин эса Ким Чен Инга бу қадар аниқ қўллаб-қувватлов учун миннатдорлик изҳор этган.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, Путиннинг Пхенян сафари бош мақсади – АҚШга қарши глобал алянсни жонлантириш ва кучайтиришдир.
«Путиннинг сафарини айниқса, коллектив Ғарб, Япония, Жанубий Корея алоҳида эътибор билан кузатди. Чунки Россия бутун дунё бўйлаб АҚШ билан боғлиқ ва унга зарба берадиган ҳар қандай нуқтада фаолликка интилади. Узоқ Шарқдаги АҚШнинг энг асосий иттифоқчилари – Жанубий Корея ва Япониядир. КХДР эса узоқ йиллардан бери шу икки давлатга таҳдидомуз муносабатда бўлиб келмоқда. Коллектив Ғарб билан алоқалари максимал совиган Россия учун КХДР омилидан фойдаланиш қўл келади», дейди Раббимов.
Россия президенти Шимолий Корея сафарини якунлагач Ветнамга йўл олган ва Ханой шаҳрида ҳамкасби То Лам билан музокаралар ўтказган.
Мавзуга оид
20:51 / 04.10.2024
Россия «Толибон»ни террорчилар рўйхатидан чиқариш бўйича ишларни якунламоқда — ФХХ раҳбари
20:44 / 04.10.2024
Ким Чен Ин Шимолий Кореяга ҳужум қилинса, ядро қуролидан фойдаланиш билан таҳдид қилди
18:42 / 04.10.2024
Россияда ўзбек диаспораси етакчиси ноқонуний миграцияни ташкил этишда гумон қилинмоқда
09:00 / 04.10.2024