Ўзбекистон | 18:17 / 25.12.2020
11262
3 дақиқада ўқилади

Ёш мутахассисни ишга олган ташкилотларга имтиёзлар берилади

Тошкентдаги ёшлар форумида иштирок этаётган президент Шавкат Мирзиёев ўқишни тамомлаган ёшлар ўртасидаги ишсизлик муаммоси ҳақида гапирди.

Фото: KUN.UZ

«Бугун ўғил-қизларимизни қийнаётган жиддий муаммолардан бири – ўқишни тамомлаган ёшлар бандлиги. Кўплаб мактаб ва коллеж битирувчилари, баъзан олий маълумотли йигит-қизлар ҳам, иш топишда қийинчиликка учрамоқдалар», деган давлат раҳбари.

Ҳозирги вақтда Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида 7-11-синф ўқувчиларига таълим бериш билан бирга уларни энг камида битта касбга ўргатиш амалиёти жорий этилгани, ўқувчи 11-синфга ўтгач, у туман ёки шаҳар ҳокимлигининг бевосита эътиборида бўлиши белгилангани қайд этиб ўтилди.

«Ташкилотлар ёш мутахассисни ишга олишдан манфаатдор бўлиши керак. Шу сабабли, ҳукуматга ёш кадрлар учун белгиланган синов муддати даврида иш берувчиларга имтиёзлар тақдим этиш масаласини кўриб чиқиш вазифаси топширилади», – деди президент.  

Ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларини қўллаб-қувватлаш ва ёш оилаларни уй-жой билан таъминлаш ҳам устувор вазифалардан бири.

Ўтган уч йил мобайнида мамлакат бўйича 5 100тадан ортиқ намунали ёш оилага арзон уй-жойлар қурилиб, қарийб 200 миллиард сўм миқдорида бошланғич бадал пуллари тўлаб берилди. Бунинг мантиқий давоми сифатида 2021-2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини ишлаб чиқиб, амалга ошириш вазифаси белгиланди.

«Халқимиз азалдан оилани муқаддас билиб, уни асраб-авайлаб келади. Оила мустаҳкам бўлса, жамият барқарор бўлади. Бир нарсани унутмаслигимиз лозим: хонадонларимиздаги тинчлик-тотувлик, аввало, оиладаги соғлом муҳитга, мустақил ҳаёт остонасида турган қизларимизни оилавий турмушга тайёрлаш билан бевосита боғлиқ», – деди давлат раҳбари.

Жорий йилнинг ўтган 11 ойи давомида ёш оилалар ўртасида 25 мингга яқин ажралиш бўлгани афсус билан қайд этилди.

«Мен, бугунги имкониятдан фойдаланиб, кенг жамоатчиликка, авваламбор, кўпни кўрган мўътабар нуронийларимизга, оқила ва меҳрибон оналаримизга мурожаат этмоқчиман. Бу оғриқли масалада бизга ёрдам беринглар, деб илтимос қиламан. Оилавий низоларнинг олдини олиш, ажримларни камайтириш борасида сиз, азиз ёшларимиз ҳам, ташаббус ва фаоллик кўрсатсангиз, мен барчангиздан чексиз миннатдор бўлар эдим», – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентнинг ёшларга мурожаати давом этмоқда.

Мавзуга оид