Ўзбекистон | 08:54 / 29.04.2022
13695
2 дақиқада ўқилади

Вояга етмаган боласига васий ёки ҳомий тайинламасдан хорижга чиқиб кетган фуқаролар жавобгарликка тортилади

Фото: Shutterstock

“Айрим қонун ҳужжатларига қўшимчалар ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси эълон қилинди.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс қуйидаги мазмундаги 47-6-модда билан тўлдирилади:

“47-6-модда. Ота-она вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинламасдан бошқа ҳудудга ёки хориж давлатларига чиқиб кетиши

Ота-она васийлик ва ҳомийлик органлари орқали вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинламасдан бошқа ҳудудга ёки хориж давлатларига чиқиб кетиши (ота-оналарнинг ўз ота-оналик мажбуриятларини узрли сабабларга кўра бажара олмайдиган даври бундан мустасно) - базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Худди шундай ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган бўлса - базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”.

Оила кодекси 74-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи ва тўртинчи қисмлар билан тўлдирилади:

“Ота-она уч ойдан ортиқ муддатга хорижий давлатга кетаётганида қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ ўз болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш чораларини кўриши шарт.

Ота-она уч ойдан ортиқ бўлмаган муддатга хорижий давлатга кетаётганида ўз болаларини қариндошларининг ёки бошқа яқин кишиларининг васийлигида ёки ҳомийлигида ва назорати остида қолдириши керак”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид