Ўзбекистон | 18:18 / 12.09.2023
11525
6 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон йўлларида юк машиналарига мўлжалланган тарозилар ўрнатилади

Ўзбекистонда, халқаро тажрибадан келиб чиқиб, хусусий шериклик асосида юк машиналари вазнини ўлчайдиган назорат тарозиларини ўрнатиш бошланади. Президент тарозилардан фойда олиш учун эмас, йўллар сифатини сақлаш ва ЙТҲларнинг олдини олиш мақсадида фойдаланиш кераклигини айтди. Йўлсозлик борасидаги бошқа чоралар ҳам белгиланди.

Фото: Kun.uz

Ҳудудларда ўтказилган сўровларда аҳоли ички йўлларнинг ҳолати ва сифатини долзарб муаммолардан бири сифатида кўрсатган. Бу ҳақда 12 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида йўл хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш юзасидан ўтказилган йиғилишда айтиб ўтилди.

Йўлларда тарозилар пайдо бўлади

Йиғилишда айтилишича, йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими йўқлиги сабабли қайси йўлдан қандай ҳажмда юк ўтаётгани ҳақида аниқ маълумот йўқ.

Халқаро тажрибада юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозиларини ўрнатиш амалиётидан кенг фойдаланилади. Шундан келиб чиқиб, бундай тарозиларни мамлакатимизда ҳам хусусий шериклик асосида ўрнатиш таклиф қилинмоқда.

Давлат раҳбари тарозилардан фойда олиш учун эмас, аксинча, йўллар сифатини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида фойдаланиш лозимлигини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Янги усулга ўтилади

Давлат раҳбари йўл қурилишида “ресурс” усулидан “ҳажм” усулига ўтиш, “ФИДИК” стандартларини жорий этиш таклифларини қўллаб-қувватлади.

Мисол учун, лойиҳанинг техник топшириғи ҳозирда “ресурс” усулига асосланган. Бунда 1 километр йўл қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган.

“Оқибатда техник назоратчилар асосий вақтини йўлнинг сифатини текширишга эмас, пудратчининг ҳужжатларини ўрганишга сарфлайди. Натижа ҳаммага маълум.

Аслида, давлат йўлнинг ўзига талабни белгилаб, уни сифатли қабул қилиши керак. Марҳамат, пудратчи йўлни қандай техника билан қуришини ўзи ҳал қилсин. “Ҳажм” усулининг мазмуни ҳам шу”, – деди президент.

Лойиҳалаш ва жавобгарлик

Йиғилишда ажратилаётган маблағлардан самарали фойдаланиш орқали лойиҳалар қийматини камида 20-30 фоизга қисқартириш мумкинлиги айтилди.

Йўлларни лойиҳалаш меъёрларини такомиллаштириш зарурлиги қайд этилди. Кичик, ўрта ва катта йўллар учун ҳам, шунингдек, воҳадаги йўллар билан водийдаги йўллар учун ҳам бир хил “шаблон” лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Таъкидланишича, эндиликда йўлларни лойиҳалаштиришда комплекс ёндашув бўлади. Яъни, қаерда тўхташ жойи бўлади, қаерда дарахт экилади, ёқилғи қуйиш шохобчаси, техник ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари қаерда жойлашади, деган саволларга лойиҳанинг ўзида тўлиқ жавоб бўлиши керак. Шундан кейингина лойиҳа қабул қилинади.

Ҳокимлар ва Автомобиль йўллари қўмитасининг йўллар учун жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш зарурлиги ҳам айтилди.

Давлат-хусусий шериклик

Ҳисоб-китобларга кўра, йўлларни нормал ҳолда ушлаб туриш учун йилига камида 15 триллион сўм маблағ керак бўлади.

“Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам йўлларни қуриш ёки таъмирлаш тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширилмайди. Шунинг учун биз ҳам бу ишларга хусусий шерикларни фаол жалб қилишимиз шарт”, – деди президент.

Мисол учун, Европа Иттифоқида йўл хўжалиги соҳасида хусусий шериклик асосида сўнгги 10 йилда 120 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилган. Бизда эса бу борадаги ишлар сустлиги кўрсатиб ўтилди.

Йўл соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида инвесторларга қўйиладиган шартлар ва давлатнинг мажбуриятларини аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ободонлаштириш бошқармаларига – махсус техникалар

Шаҳарларда йўлларни сақлаш, қишки қаров ва кўкаламзорлаштириш вазифалари ободонлаштириш идоралари зиммасида. Бу вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш учун шаҳар ободонлаштириш бошқармаларини махсус техникалар билан жиҳозлаш лозимлиги таъкидланди.

Йўл бўйида дарахт экиш ишларини ҳудудларнинг табиий-иқлим шароитларини ҳисобга олиб ташкил этиш, экилган дарахтларни сифатли парвариш қилиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Йўл соҳасида кадрлар салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий техникаларни бошқара оладиган мутахассисларни тайёрлаш муҳимлиги таъкидланди.

Вазирлар Маҳкамаси, Транспорт вазирлиги, “Автойўл” қўмитасига автомобил йўллари соҳасини ривожлантириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди. Лойиҳада йўл ва кўприкларни қуриш ва таъмирлаш бўйича уч йиллик туманбай дастурини, йўл корхоналарини молиявий соғломлаштириш ва моддий-техник базасини яхшилашни, йўлларни сақлаш ишларининг бир қисмини хусусий секторга ўтказишни назарда тутиш вазифаси қўйилди.

Охирги 6 йилдаги натижалар

Маълум қилинишича, сўнгги 6 йилда йўлларни қуриш ва таъмирлашга ажратилаётган маблағлар 3 карра ошди. Ўтган даврда Автомобиль йўллари қўмитаси таркибидаги корхоналарга 2 мингдан зиёд янги махсус техникалар харид қилинди. Бунинг ҳисобига 65 минг километр йўллар қурилди ва таъмирланди.

Ўтган йилдан “Менинг йўлим” лойиҳаси ишга тушди ва илк бор аҳоли таклифлари асосида ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш тизими жорий қилинди.

Шу йилнинг ўзида 470 та маҳаллада ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш ишларига 410 миллиард сўм йўналтирилди. 3 мингга яқин маҳалла йўлларига илк бор асфальт ётқизилди, яна 2 мингта маҳалладаги тупроқ йўллар шағал қопламага ўтказилди.

Мавзуга оид