Гап инсон матонатидан кетар экан, айримларнинг сабрига, ўз йўлида собитқадам юриб, ақл бовар қилмас ишларни амалга оширишига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Ҳиндистонлик Дашрат Манжи ҳам ана шундай инсонлардан бири ҳисобланади. Унинг матонати ҳақида филмлар ишланган, китоблар ёзилган. Хўш, бу одам қандай қилиб бунчалик машҳурликка эришди?
Барчаси 1959 йилда бошланади. Ўшанда 25 ёшли Дашратнинг хотини дардга чалиниб, шифокорлар кўмагига муҳтож бўлиб қолади.
Бошқа бир маълумотга кўра, Дашратнинг хотини у ишлаётган жойга тушлик олиб келаётганда тоғ сўқмоғидан йиқилиб, жароҳатланади.
Дашрат оиласи билан Биҳар штатидаги Гая шаҳри яқинида, тоғли ҳудудда яшарди. Биҳар штати Непал давлати билан чегарадош бўлиб, унинг бир қисмини Ҳимолай тоғлари эгаллайди.

Дашрат яшайдиган қишлоқ тоғлар орасида жойлашганди. У ердан яқин атрофдаги шаҳарчага бориш учун 70 километр масофада тоғларни айланиб ўтиш керак эди ва бу учун анча вақт сарфланарди.
Шундоққина тоғнинг орқасида жойлашган қишлоққача бориш учун ҳам 50 километрдан кўпроқ йўл босиш керак бўларди.
Йигит касал хотинини узоқ йўл босиб шаҳарчага олиб боролмас, ўзи бориб шифокорни олиб келгунича хотини жон бериши мумкин эди. Қолаверса, ўзи боргани билан шифокорни олиб келишга улови ҳам йўқ эди.
Ана шундай оғир вазиятда йигит чорасиз қолади ва ҳеч нарса қила олмайди. Аёли жон беради.
Дашрат яшайдиган қишлоқдан шаҳарга яқин йўл тортиш учун қояли тоғни тешиш керак бўларди. Хотини вафотидан сўнг, 1960 йилда у шу ишни амалга оширишга қарор қилади ва чўкич ҳамда яна бир нечта иш қуроллари билан тоғни йўна бошлайди. У ишлаётган жойда тошнинг таркиби қаттиқ кварцит минералидан иборат бўлгани сабабли иш жуда қийин кечади.
Дашрат йўлни машиналар ҳам сиғадиган қилиб очишга қарор қилади. У очишни бошлаган йўлнинг эни қарийб 10 метр эди.

Қаттиқ тошни майдалаш осон эмасди, бироқ йигит ортга чекинмайди ва ишлашда давом этади. Шу тариқа у 1960 йилдан 1982 йилгача, 22 йил давомида узунлиги 110 метр, эни 9,1 метр, чуқурлиги 7,6 метр бўлган жойни йўниб, йўл очади.



















