Жаҳон | 09:49 / 24.04.2026
7673
4 дақиқада ўқилади

Мадуронинг ағдарилишидан 400 минг доллар ишлаб олган АҚШ Махсус кучлари ҳарбийси қўлга олинди

Николас Мадурони қўлга олиш операциясида шахсан қатнашган Махсус кучлар мастер-сержанти Ганнон Ван Дайк махфий маълумотлардан фойдаланган ҳолда Polymarket прогноз бозорида гаров ўйнаган. У АҚШ кучларининг Венесуэлага кириши ва Мадуронинг ҳокимиятдан кетишига пул тикиб, 400 минг доллар ишлаганликда айбланмоқда.

Фото: АҚШ ҳарбийлари қуршовидаги Николас Мадуро ва унинг рафиқаси / Фото: Getty Images

23 апрель куни АҚШ Адлия вазирлиги Николас Мадурони қўлга олиш операциясида иштирок этган АҚШ армияси аскарига айблов эълон қилинганини билдирди. Маълум қилинишича, сержант Венесуэла етакчиси ҳокимиятдан четлатилишига пул тикиб, 400 минг доллар ишлаганликда айбланмоқда.

Махсус кучлар мастер-сержанти Ганнон Ван Дайк махфий маълумотлардан фойдаланган ҳолда Polymarket прогноз бозорида АҚШ кучларининг Венесуэлага кириши ва Мадуронинг ҳокимиятдан кетиши борасида гаров ўйнаган. Reutersʼнинг ёзишича, ҳолат Мадуро 2026 йил 3 январда ҳибсга олинишидан бир неча ҳафта олдин рўй берган.

Манхеттен федерал суди ҳакамлар ҳайъати 38 ёшли Ван Дайкка нисбатан:

  • ҳукуматнинг махфий маълумотларидан шахсий манфаат йўлида ноқонуний фойдаланиш;
  • ҳукуматнинг оммага очиқ бўлмаган маълумотларини ўғирлаш;
  • товарлар билан боғлиқ фирибгарлик;
  • электрон алоқа воситалари орқали фирибгарлик;
  • ноқонуний пул операцияларини амалга ошириш каби айбловлар эълон қилди.

Ушбу иш Адлия вазирлиги томонидан башоратлар бозори (предиcтион маркет) билан боғлиқ инсайдерлик савдоси бўйича айблов қўйилган илк ҳолат бўлди.

«Формадаги эркак ва аёлларимизга миссияларини иложи борича хавфсиз ва самарали бажаришлари учун махфий маълумотлар ишониб топширилади ва уларга ушбу ўта нозик маълумотлардан шахсий молиявий манфаат йўлида фойдаланиш тақиқланади», деди АҚШ бош прокурори вазифасини бажарувчи Тодд Бланш ўз баёнотида.

Айблов хулосасига кўра, Ван Дайк 2008 йилдан бери АҚШ армиясида ҳақиқий ҳарбий хизматчи бўлиб, охирги вақтларда Шимолий Каролинадаги "Fort-Bragg" базасида хизмат қилган.

Прокурорларнинг таъкидлашича, Ван Дайк Мадурони қўлга олиш операциясини «режалаштириш ва ижро этишда» иштирок этган. Айблов хулосасида Ван Дайк 3 январь куни эрта тонгда — Мадуро десант кемасига олиб келинганидан бир неча соат ўтгач ўзининг интернетдаги ҳисобига юклаган фотосуратига эътибор қаратилган.

«Ушбу фотосуратда денгиздаги кема палубасида, қуёш чиқаётган вақтда ҳарбий кийимда ва милтиқ кўтарган Ван Дайк ҳамда унинг ёнида ҳарбий кийимдаги яна уч киши тасвирланган», дейилади айблов хулосасида.

Бошқа муносабатлар

Нашрнинг ёзишича, Ван Дайкнинг ҳимоячи адвокати ҳақидаги маълумотлар ҳозирча мавжуд эмас. Адлия вазирлиги ҳарбий хизматчи кейинроқ Шимолий Каролинада судья ҳузурига келтирилиши билдирди. Пентагоннинг ўзи изоҳ бермаси, буни Адлия вазирлигига ҳавола қилди.

Президент Доналд Трамп журналистларнинг ҳибсга олиш ҳақидаги саволига жавоб берар экан, ушбу ишдан унчалик хабардор эмаслигини айтди. Трампнинг айтишича, бу унга қимор можароси туфайли Бейсбол олий лигасидан четлатилган Пит Роузни эслатган.

«Бу худди Пит Роузнинг ўз жамоасига гаров тикканига ўхшайди. Агар у ўз жамоасига қарши пул тикканида, бу жуда ёмон бўларди, лекин у ўз жамоасининг фойдасига тиккан. Мен буни ўрганиб чиқаман», деди Трамп.

Polymarket портали ўзининг ижтимоий тармоқдаги постида ушбу масалани Адлия вазирлигига йўллаганини билдирди. «Инсайдерлик савдосига Polymarket'да ўрин йўқ. Бугунги ҳибсга олиш – тизим ишлаётганининг исботидир», дейилади постда.

АҚШ Товар фьючерслари савдоси бўйича комиссияси ҳам Ван Дайкка нисбатан фуқаролик даъволарини киритди.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид