Жаҳон | 11:48 / 16.03.2026
7566
9 дақиқада ўқилади

Эрон ядро қуролига эришса, Ўзбекистон учун таҳдидми?

Давом этаётган АҚШ–Эрон қарама-қаршилиги Марказий Осиё учун нафақат иқтисодий, балки хавфсизлик ва геосиёсий мувозанат нуқтайи назаридан ҳам жиддий оқибатлар келтириши мумкин. Логистика йўлаклари, минтақадаги туркий давлатларнинг стратегик роли, эҳтимолий ядро қуролланиш пойгаси ва Эрон ичидаги барқарорлик масаласи Ўзбекистон ҳамда бутун минтақа манфаатларига бевосита таъсир қилади.

Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида таҳлилчилар Эроннинг ядро қуролига эга бўлиш эҳтимоли ва бундай сценарийнинг Марказий Осиёга таъсири ҳақида
сўз юритди.

Ўзбекистон ва Марказий Осиё учун Эрондаги вазият қандай натижа билан якунлангани манфаатли бўлади?
 
Камолиддин Раббимов: Эрон атрофидаги вазиятга бир нечта нуқтаи назардан қараш керак. Агар Эронда сиёсий тизим қулайдиган бўлса, бу аввало минтақада Исроилнинг геосиёсий мавқеи янада кучайишига олиб келиши мумкин. Шу билан бирга, Эрон узоқ муддатли беқарорлик ва турбулентлик даврига кириши эҳтимоли ҳам мавжуд.

Бундай жараён камида 15-20 йил давом этиши, ҳатто айрим сценарийларда мамлакат парчаланиш хавфини ҳам юзага келтириши мумкин. Бу хавфни инкор этиб бўлмайди, чунки мамлакат ичида курдлар ва бошқа этник-сиёсий омиллар ҳам мавжуд.

Агар шундай вазият юзага келса, минтақадаги геосиёсий эътиборнинг асосий йўналиши ҳам ўзгариши мумкин. Бу ҳолатда Исроил ва АҚШнинг стратегик эътибори кўпроқ Туркияга қаратилиши эҳтимоли бор. Туркия эса туркий давлатлар ичида энг йирик ва етакчи давлатлардан бири бўлиб, биз учун ҳам муҳим ҳамкор ҳисобланади.

Шу сабабли Яқин Шарқдаги геосиёсий мувозанатдаги ҳар қандай ўзгариш бутун минтақадаги сиёсий ва иқтисодий муҳитга таъсир қилади. Бу жараён Марказий Осиё давлатларига ҳам таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан, ҳозирги пайтда транспорт ва логистика нуқтайи назаридан бир нечта йўналишлар муҳим ҳисобланади: шарқий йўналиш – Хитойга, ғарбий йўналиш – Туркияга, жанубий йўналиш эса Афғонистон, Покистон ва Эрон орқали чиқиш имкониятларини ўз ичига олади. Шунинг учун Эронда сиёсий тизимнинг қулаш эҳтимоли биз учун ҳам узоқ муддатли муаммоларни англатиши мумкин.

Шу билан бирга, Эрон сиёсий тизими барқарорлигини сақлаб қолган ҳолда ўзини ислоҳ қилиши зарур. Чунки тизимда муаммолар мавжудлигини нафақат ташқи кузатувчилар, балки сиёсий тизимнинг ўзи ва унинг тарафдорлари ҳам яхши билади. Сўнгги ўн йилликларда мамлакат ичида инсон ҳуқуқлари, фуқаролик эркинликлари ва қўшни давлатлар билан муносабатлар борасида муаммолар юзага келмоқда.

Аслида муаммо сиёсий тизим легитимлигининг етишмаслиги билан боғлиқ. Бу масала сўнгги 10-20 йил давомида вақти-вақти билан кескинлашиб келмоқда. Албатта, бу жараёнда ташқи босимлар ҳам мавжуд — хусусан, Исроил ва АҚШнинг сиёсий босими ҳам ўз ролини ўйнайди. Аммо шунга қарамай, ички легитимлик масаласи реал муаммо эканини инкор этиб бўлмайди. Шу сабабли Эрон сиёсий тизимининг соғлом ва барқарор бўлиши муҳим. Минтақа учун ҳам энг мақбул сценарий – Эроннинг барқарор ва кучли давлат сифатида сақланиб қолишидир. Бунинг учун эса мамлакат ичида сиёсий ислоҳотлар амалга оширилиши зарур.

Бектош Бердиев: Бу таъсирни баҳолашда сиёсий, гуманитар ва иқтисодий омилларни алоҳида кўриб чиқиш зарур. Аввало, иқтисодий жиҳатни айтиш керак. Бу ерда энг муҳим масалалардан бири логистика ҳисобланади. Чунки Ўзбекистон сўнгги йилларда жанубий йўналишлар орқали янги транспорт йўлакларига чиқишга ҳаракат қилаётган давлатлардан бирига айланмоқда. Хусусан, Транс-Афғон коридори орқали Мозори Шарифдан кейин Эрон ҳудуди орқали унинг денгиз портларига, шунингдек, Покистонга чиқиш имконияти муҳокама қилинмоқда.

Бироқ Покистон йўналиши ҳозирда “Толибон” ва Покистон ўртасидаги кескинлик сабаб анча мураккаблашиб қолган. Шу сабабли Ўзбекистон учун муҳим бўлиб турган йўналишлардан бири Эрон орқали чиқиш имконияти эди. Афсуски, ҳозирги уруш ҳолати бу имкониятларни сезиларли даражада мураккаблаштириши мумкин.

Агар Эрон ҳудудий жиҳатдан беқарорлашса ёки парчаланиш хавфи юзага келса, логистика масалалари янада қийинлашади. Масаланинг сиёсий жиҳати ҳам кам аҳамиятли эмас. Ҳозиргача Эронда шиа мафкураси ҳукмрон бўлса-да, мамлакат Ироқ ва Сурияда фаол бўлган кўплаб радикал ёки террористик гуруҳлар учун маълум даражада тўсиқ вазифасини бажариб келган.
Агар Эронда давлатчилик издан чиқса ёки давлат институтлари заифлашса, турли радикал гуруҳларнинг бу ҳудудда мустаҳкамланиб олиш эҳтимоли ортади. Бу эса келажакда Марказий Осиё учун ҳам хавфсизлик таҳдидларини кучайтириши мумкин.

Бундан ташқари, Эрон минтақада мувозанатни ушлаб турувчи давлатлардан бири ҳисобланади. Масалан, Афғонистонда “Толибон” ҳаракатининг айрим сиёсий қарорларини мувозанатда ушлаб туришда Эроннинг роли маълум даражада мавжуд. Агар Эрон парчаланиб ёки заифлашиб қолса, бу “Толибон”нинг минтақавий сиёсатда олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган ҳаракатлар қилиш эҳтимолини ҳам ошириши мумкин.

Шавкат Икромов: Эронда қандай сиёсий тузум бўлишидан қатъи назар, у ерда соғлом ва барқарор сиёсий тизим мавжуд бўлиши муҳим. Чунки кучли ва барқарор Эрон Марказий Осиё учун ҳам катта аҳамиятга эга. Аввало, хавфсизлик нуқтайи назаридан муҳим. Иқтисодий жиҳатдан ҳам барқарор Эрон минтақа давлатлари учун янги имкониятлар яратади.
Расмий Теҳрон ядро қуролга эга чиқса ҳам, бу Марказий Осиё учун таҳдид эмас деб ўйлайман.
Масалан, минтақада ядро қуролига эга давлатлар аллақачон мавжуд. Покистон ҳам ядро қуролига эга давлат бўлиб, у Марказий Осиёга географик жиҳатдан яқин жойлашган. Шунинг учун минтақада хавфсизлик мувозанати масаласи жуда мураккаб.

Шу сабабли Марказий Осиё давлатлари учун иқтисодий ва сиёсий жиҳатдан барқарор, кучли Эрон мавжуд бўлиши муҳим. Эроннинг барқарорлиги ва кучи минтақа учун асосан ижобий омил бўлиб хизмат қилади. Чунки Эрон Марказий Осиё билан тарихий ва маданий жиҳатдан яқин алоқаларга эга. Шу билан бирга, у минтақани иқтисодий ҳамкорлик ва бозор сифатида ҳам кўради. Айрим соҳаларда эса ресурслар ва савдо алоқалари нуқтайи назаридан ҳам ҳамкорлик имкониятлари мавжуд.

Шунингдек, Эрон раҳбарияти ўтган давр тажрибасидан келиб чиқиб, шиалик мафкурасини фаол тарзда экспорт қилиш сиёсатидан чекинган. Сўнгги йилларда бу борадаги ёндашув ҳам сезиларли даражада ўзгарди.

Шуҳрат Расул: Агар Эрон ядро қуролига эга бўлса, бу минтақада “Пандора қутиси” очилишига ўхшаш жараённи бошлаб юбориши мумкин. Бундай ҳолатда бошқа минтақавий кучлар ҳам ядро қуролига эга бўлишга интилиши эҳтимоли ортади. Масалан, Туркия бундай имкониятни кўриб чиқиши мумкин ва технологик жиҳатдан бунга эришиш салоҳиятига эга. Худди шундай, Саудия Арабистони ва Миср ҳам ядро дастурини жадаллаштиришга ҳаракат қилиши мумкин.
Натижада бундай жараён домино эффекти каби кенгайиб, бошқа давлатларни ҳам ядро қуролига эга бўлишга ундаши эҳтимоли бор. Агар бир давлат ўз хавфсизлиги учун ядро қуролини зарур деб ҳисобласа, унинг қўшнилари ҳам буни хавф сифатида қабул қилиб, шунга ўхшаш чораларни кўришга интилади.

Шу тариқа нафақат Яқин Шарқда, балки дунёнинг бошқа минтақаларида ҳам ядро қуролига эга давлатлар сони кескин ортиши мумкин.Масалан, Жануби-Шарқий Осиёдаги айрим давлатлар ҳам шундай хулосага келиши мумкин: агар бошқа давлатлар ядро қуролига эга бўла олса, нега биз ҳам бундай имкониятни кўриб чиқмаслигимиз керак?!
Бу эса глобал миқёсда ядро қуролланиш пойгасини кучайтириш эҳтимолини оширади. Шу нуқтаи назардан, Эроннинг ядро қуролига эга бўлиши Марказий Осиё учун ҳам муайян хавф туғдириши мумкин. Баъзан Эрон Марказий Осиёни тарихий ва маданий жиҳатдан яқин ҳудуд сифатида кўриши ҳақида фикрлар билдирилади.

 Бундай қарашлар нотўғри талқин қилинса ёки сиёсий амбициялар билан уйғунлашса, келажакда минтақавий муносабатларда турли хавотирларни келтириб чиқариши эҳтимолини ҳам инкор этиб бўлмайди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид