Иқтисодиёт | 16:52 / 20.08.2025
5152
4 дақиқада ўқилади

Бизнесда қоғозбозлик янада қисқартирилади

Яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Тадбиркор 5 та хизматни рўйхатдан ўтиш пайтидаёқ олади ва илгари 1 ҳафта вақт кетган ишлар энди 15 дақиқада битади. 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилиниб, мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 288 тага камаяди.

Фото: Getty Images

Тадбиркорлар кунида тадбиркорлар билан учрашган президент Шавкат Мирзиёев бюрократияни қисқартиришга оид янгиликларни ҳам эълон қилди.

Сўнгги йилларда аҳоли ва тадбиркорлардан 120 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш бекор қилинди, яна шунча лицензия рақамлашди. Биргина ўтган йили 16 турдаги лицензия ва рухсатнома бекор қилингани натижасида тадбиркорларнинг 350 миллиард сўмлик харажатлари тежалди.

Энди, 2026 йилдан яна 10 турдаги лицензия ва рухсатномалар бекор қилинади. Хусусан, аудиторлик ташкилотлари, туризм соҳасидаги ҳунармандлар, туристик ахборот марказлари, транспорт техник кўригини амалга оширадиган тадбиркорлар хабардор қилиш тартибига ўтказилади.

Ҳозирда лицензия, рухсатнома ва хабардор қилиш тартиби бузилганда, корхонага ҳам, унинг раҳбарига ҳам жарима қўлланмоқда. Энди бундай ҳолатлар учун фақат корхона жарима тўлайди, мансабдор шахснинг жавобгарлигини эса бошқарув органи мустақил ҳал қилади.

Бундан ташқари, 2026 йилдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тамойили асосида тадбиркорлик фаолиятини тўлақонли йўлга қўйиш мумкин бўлади.

Бунда, тадбиркорни рўйхатдан ўтказиш жараёнининг ўзида:

  • электрон рақамли имзо берилади;
  • банкда ҳисобрақам очилади;
  • хоҳишига кўра ижара шартномаси расмийлаштирилади;
  • касса аппарати солиқ органида рўйхатдан ўтказилади;
  • шу йўналишга масъул давлат органларига хабарнома жўнатилади.

Натижада бу жараёнлар учун талаб этиладиган муддат ҳозирги 1 ҳафтадан 15 дақиқага қисқаради.

Кўчат, минерал ўғит, пойабзал, чорва озуқаси каби санитария, ветеринария, карантин назоратида бўлган 32 тоифадаги маҳсулотлар учун мувофиқлик сертификати бекор қилинади.

Мажбурий сертификатланадиган товарлар рўйхати 459 тага қисқартирилди. Рўйхат яна 288 тага камайтирилади.

Умуман, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини таъминлаш ҳамда уни баҳолаш билан боғлиқ миллий инфратузилма тубдан ислоҳ қилиниб, халқаро стандартларга мослаштирилади.

Бунда, энг аввало, сертификация ўрнига мувофиқликни декларациялаш амалиёти кенг жорий этилади.

Техник жиҳатдан тартибга солиш тизими бутунлай трансформация қилинади. Мамлакатимизга дунёдаги энг нуфузли халқаро тан олинган лабораториялар кириб келиши учун барча шароитларни яратиб берамиз. Энди, маҳсулотлар сифати бўйича “бозор назорати” тизимига ўтамиз. Бундан кейин назорат объекти тадбиркор эмас, балки бевосита маҳсулотнинг ўзи бўлади”, – деди президент.

“Даладан-дастурхонгача” тамойили асосида санитария, ветеринария ва карантин органларининг озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича назорат-лаборатория функциялари ягона тизимга бирлаштирилиб, тўлиқ рақамлашади.

Эндиликда тадбиркорлар идорама-идора сарсон бўлмасдан, барча ҳужжатларни “ягона дарча” принципи асосида бир жойдан оладиган бўлади.

Бу ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва маҳаллий корхоналарнинг жаҳон бозорларига чиқиш имкониятларини оширади.

Президент тадбиркорларда давлат харидлари ва биржа савдоларида иштирок этиш бўйича ҳам кўплаб саволлар тўпланиб қолганини таъкидлаб, яқин орада бу масалага пухта тайёргарлик кўрилиб, барча муаммоларга ечимлар берилишини қайд этди.

Давлат органлари ва табиий монополия субъектлари билан шартнома тузишда тадбиркорлар ҳуқуқларини тенг ҳимоя қилишнинг янги механизми жорий этилади.

Бунда, барча намунавий шартномалар лойиҳалари Бизнес-омбудсман, Адлия вазирлиги ва Рақобат қўмитаси томонидан мажбурий экспертизадан ўтказилади.

Тайёрлаган:  Комрон Чегабоев

Мавзуга оид