Россиясиз ўтган Швейцария саммити: Украинада тинчлик ўрнатилишига умид борми?
15-16 июн кунлари Швейцария Украинада тинчлик ўрнатиш саммитига мезбонлик қилди. Унда 90 дан ортиқ давлатлар ва халқаро ташкилотлар вакиллари, дунё сиёсат майдонида етакчи бўлган давлатлар раҳбарлари иштирок этди. “Геосиёсат”нинг бу галги сонида ушбу тинчлик саммитидан кутилган натижалар ва унинг Украинадаги урушга таъсири таҳлил қилинади.
— Саммитдан аввал G7 давлатларининг бир қанчаси Украина билан хавфсизлик кафолати шартномаларини тузди, бу нимани англатади?
Сайфиддин Жўраев: — G7 саммити ҳар йили бир марта бўлиб, йил давомида бўлган сиёсий воқеалар таҳлил қилиниб, келажакдаги ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилади. Бу йил Италия раислик қилди ва кун тартибини ҳам деярли Италия шакллантирган. Украина масаласи ҳам кўрилди. Украинани қўллаш, тараққиётига ёрдам бериш учун хавфсизлик бўйича шартнома тузилди. Бу G7 билан ҳамкорликда ишлайдиган давлатлар учун бир йўналиш бўлди. Молиявий, ҳарбий техника жиҳатдан қўллаш бўйича стратегик йўналиш берилди, бу дегани ҳали аниқ пул ажратилди деганимас, аниқ чора-тадбирлар йўқ бунда, стратегик йўналиш бериляпти, шулардан бири хавфсизлик. Кейинги йилга бориб бу нарса вазиятга қараб чуқурлашиб кетиши ёки бошқача бўлиши мумкин.
Шуҳрат Расул: — G7 доимий йиғилиб туради, институционаллашмаган клуб. Бу сафарги учрашувдаги муҳим натижа 7 да давлат Украинага 50 млрд кредит беришга келишиб олгани. Бунгача берилган маблағлар қайтарилмайдиган ёрдам маблағлари эди, бу сафаргиси кредит. АҚШ таклифига кўра, 25 млрд долларни АҚШ беради, қолганини 6 та давлат шакллантириши керак. Бу борада шошиляпти, чунки АҚШ куздаги сайловгача бу масалани расмийлаштириб олиши керак. Агар Трамп сайланиб қолса, у бунга қарши бўлади.
Кредит бўлса ҳам, амалда Украина тўламайди уни. Яъни ҳозир ушлаб турилган 300 млрд долларнинг йиллик фоизи ҳисобига тўланади, яъни йилига 3 млрд доллардан.
Камолиддин Раббимов: — Бу G7ʼда коллектив Ғарбнинг устун давлатлари бор. Швейцариядаги учрашувдан олдин мана шу еттилик саммит иштирокчиларига сигнал бериляпти, яъни Украина масаласида ортга чекиниш, Россия талабларига ён бериш бўлмаслиги керак.
Украина муаммоси Ғарбнинг ҳолсизланаётгани ёки урушдан зериккани. Россия марказлашган авторитар давлат сифатида бор кучини урушга мобилизация қилган. Коллектив Ғарбдаги демокрактик институтлар ҳокимиятни тез-тез янгилаб туради. Швейцариядаги саммитдан олдин сигнал бериб, бу борада ортга чекиниш бўлмайди, деган фикрни етказиш вазифаси ҳам қўйилган эди бу учрашувда.
— Швейцариядаги Украинада тинчлик ўрнатиш саммитида қайси масалалар муҳокама қилинди?
Хайрулла Умаров: — Асосий масала Украинада тинчлик ўрнатиш, қисқа муддатда урушни тугатиш бўлди. Олдин ҳам айтганимдек, Украина Ғарбий ва Шарқий Европа ўртасидаги буфер ҳудуд, бу ерда уруш давом этаверади.
Биз сиёсатшунос сифатида G7 учрашуви ва Швейцария саммитини тушунтириб беришимиз керак. Юқорида G7 давлатлари демократик давлатлар дейилди, лекин сиёсий нуқтаи назардан улар олигархик давлатлар, у ерда либерал олигархия тоталитар нуқтаи назардан назорат ўрнатган. Уларда банк назорати кучли, Скандинавия давлатларида солиқ 60-70 фоизгача. АҚШда ҳам 1 доллар топса ҳам солиқ тўлаш мажбурий.
Россия ҳам авторитар эмас, тоталитар давлат, яъни давлат бошқарувини муайян бир гуруҳ амалга оширади. Ғарбдаги олигархик тизим билан Россиядаги тоталитар тизим ўртасида зиддият пайдо бўляпти.
Швейцария саммитида АҚШ президенти иштирок этмади, кўплаб катта давлатларнинг ҳам фақат ташқи ишлар вазирлари қатнашди, Хитой ва Ҳиндистон қатнашмади ҳам. Агар икки томонни келиштирмоқчи бўлса, Россияни ҳам чақириш керак эди. Менимча, бу саммит нима қиляпсиз деган эътирозга биз саммит қиляпмиз, муҳокама қиляпмиз, дейиш учун.
Уруш келиб чиқишида асосий сабабчи Ғарб давлатлари бўлмадими ўзи? Масалан, Германия канцлери, Макрон биз Россияга қарши урушга тайёргарлик кўрдик, деб ўзлари айтган. Пентагон вакиллари ҳам 3-4 йил олдин Украина урушига тайёргарлик кўрганмиз, қурол-яроғ берганмиз, дейди.
Менимча, бу ҳаракат натижасиз бўлади. Путин ва Зеленский музокара столига ўтирмайди. Йил охиригача Украинанинг давлат бошқаруви масалалари ҳал қилинади, Россия эса ўзининг сиёсий позицияларидан кечмайди.
— Путин шартларида Украина Россия босиб олган ерлардан қўшинларини олиб кетиш каби шартлар бор, яъни ўз ҳудудидан. Бунга фикрингиз?
Хайрулла Умаров: — Популизм учун яхши нарса бу. Айтганимдек, урушни юзага келтирган асосан Ғарб. Бу ерлар буфер ҳудуд, Heartland концепциясида ҳам Украина ва Полша дунё юраги дейилади. Украина бўлиниб, парчаланиб кетади. Ғарб Украинани НАТОга аъзо қилмоқчи, Россия эса эгаллаган ҳудудларидан воз кечмайди.
Буфер ҳудудларда давлат бошқаруви издан чиқади, йил охирида Украинада ҳам шундай бўлади деб ўйлайман. Россия эгаллаган ҳудудларини таркибига қўшиб, Украинанинг бир қисми Полшага ўтиб, Киев атрофидаги муайян ҳудудда Украина давлати қолади деган сценарийлар ҳам бор сиёсатшуносларда.
Шуҳрат Расул: — Уруш динамикасига қарасак, 2022 йил март ойидаги биринчи музокараларда Путин худди шундай шартларни қўйганди. Бу шартларни на Украина, на бошқа Ғарб давлатлари қабул қилади. Россия буни биларди. Россиянинг мақсади саммитдан олдин Ғарбга нисбатан Россияда ҳали куч-қудрат бор, эскалацияни давом эттиришга тайёрмиз, демоқчи. Карагановнинг эскалация назариясига кўра, эскалацияни тушириш учун олдин уни юқорироқ даражага олиб чиқиш керак. Россия шу мантиқ бўйича кетяпти. Шартлар такрорланишига қарасак, 2,5 йил давомида Россия мақсадлари ўзгармапти.
Песков бу шартлар қабул қилинмаса, кейингилари бундан ҳам оғир бўлади, деди. Балки Россия кейинги шартларда Днепр дарёсидан бу томонини тўлиқ берасиз, дейиши мумкин. Лекин хоҳиш бошқа, реал вазият бошқа. Амалда фронтда вазият бошқа, Украинага 6 ойлик ёрдам келмаган пайтда Россияда имкон бор эди олдинлаш учун, Авдеевкани эгаллаш учун ҳаракат қилди ва 30 мингта аскар йўқотди. Айтганимдек, Россия деэскалация учун эскалацияни кучайтириш тактикасида турибди, бу шартлардан кейин яқин бир-икки йилда урушнинг охири кўринмайди.
Камолиддин Раббимов: — Швейцария саммитида аниқ масалалар муҳокама қилинди. Жами 92 та давлат та 9 та йирик ташкилот иштирок этди. Асосий масала Украина ҳудудий яхлитлиги бўйича позицияни ўзгартирмаслик; Украинадаги АЭСлар Украина назоратида қолиши керак. Россия баъзи АЭСлар бор жойларни эгаллаб олган бўлса ҳам уларни Украинаники деб тан олиш ва халқаро босим қилиш; Қора ва Азов денгизида юк ташувчи кемалар эркинлигини таъминлаш, яъни озиқ-овқат хавфсизлиги; қийноқлар ва азоб беришларсиз бир асирлар алмашинуви; ташқи дунёга чиқиб кетган украиналиклар ватанига қайтмоқчи бўлса, ҳеч қандай тўсқинлик қилмаслик.
Урушда позициялар, ғоялар кураши ҳам бўлади. Швейцария саммитидан асосий мақсад Украина томонидаги давлатларни бир позицияга жамлаш эди. Кейинги босқичда Россия таклиф қилиниши орқали музокаралар бошланади. Агар ҳозир саммитда Россия чақирилганда у бошқаларнинг бутун позицияси шаклланмасдан буни бузиб юбориши мумкин эди. Шундай бўлса ҳам Россия БРИКСдаги давлатлар позициясига оз бўлса ҳам таъсир қилди. Масалан, Саудия ва бошқа БРИКС давлатлари саммитнинг якуний ҳужжатига имзо қўймади.
Сайфиддин Жўраев: — Халқаро майдонда уруш бўлиши, манфаатлар учун кураш бўлиши табиий ҳол. Инсоният ҳалигача бундан қутулолгани йўқ. Украина можароси бошлангандан бери бир қанча тинчлик келишувлари таклиф қилинди турли платформаларда, бунинг давоми сифатида Зеленский ўз вариантини таклиф қилди. Бу бўйича 10 та шарт қўйилган, бу шартларга дунё давлатларининг кўпи хайрихоҳлик билдирмагани учун бир неча марта вақти сурилди.
Саммитда 10 та масала кун тартибига киритилганди, шундан 3 таси қолди, юқорида Камолиддин Раббимов айтди. Бу нимани кўрсатади? Биринчидан, масалани ҳал қилишга қаратилган тактиканинг нотўғри қилингани. Дипломатик қоидага кўра, музокара бўлиши учун икки томон бўлиши керак. Бошқа томонлар эса воситачилик қилади. Иккинчи томон қатнашмагандан кейин ижобий бўлмаслиги маълум эди, шу сабаб Байден ҳам, бошқа баъзи катта давлат раҳбарлари ҳам қатнашмади. Иордания билан Ироқ овозини қайтариб олди.
Дунё тарихига қарасак, урушда тинчлик ўрнатиш учун устун келаётган томон шартлари ўтади. Иккинчи конференция ташкил қилиниб, Россияни чақирамиз дейиляпти, лекин Россиянинг ўзи ташкил қилиши ҳам мумкин. Лекин бу конфедерация натижасиз бўлган бўлса ҳам, урушни тугатиш томон босилган катта қадам бўлди деб ўйлайман. Чиқишларда, маърузаларда кўриндики, энди музокараларда Россия томони қатнашиши керак, деган тушунча шаклланиб боряпти. Шундан хулоса қилиб, яқин атрофда музокаралар бўлади.
Фронтга келсак, бошқача аҳвол у ерда. Стратегиялар бошқа, тактикалар бошқача. АҚШ ўзи ёрдамни кечиктирди, агар Трамп келса, ёрдам бериш масаласи ўзгаради. Бериладиган 50 млрд ҳам музлатилган маблағлар фоизидан берилади деяпти, бу ҳам қачон етиб келади. Ҳали Россия бунга қарши қанақа иш очиши мумкин, ҳали Россия молиявий қонун-қоидани бузгани йўқ. Шунинг учун бу 50 млрд доллар ҳам қайсидир маънода алдашга ўхшайди.
Шуҳрат Расул: — Тўғри, кучли томоннинг шартлари амалга ошади, бу гапга қўшиламан. Лекин кучли ким, кучсиз ким деган масала бор. Потенциалларни солиштирсак, Россияга бугун ҳеч ким ҳарбий ёрдам бермаяпти, Шимолий Кореядан ташқари. Иқтисодий потенциалга қарсак, ЕИда ЯИМ 25 трлн долларни ташкил қилади, Россияда эса 1,8 трлн доллар. АҚШнинг потенциалини қўшсак, яна ҳам ошади коллектив Ғарб потенциали. Россияда Ғарбни енгиш учун на моддий, на ҳарбий, на ғоявий қудрат йўқ.
Нега Россия эскалацияни тўхтатмаяпти? Чунки Россия Ғарбдаги демократияларда ўзгаришлар бўлишини, Макрон кетиши, Трамп сайланиб қолишини билади. Шу сабаб урушни чўзиб, келажакда ўзларига маъқул кучлар келишини кутяпти. Агар Германия, Франциядаги сайловларда евроскептиклар ғолиб бўлиши Россия манфаатига тўғри келади. Кимдир Чемберлен каби ён беришни таклиф қилиб, шу босиб олган ерларини олсин, дейишини кутяпти.
Сайфиддин Жўраев: — Раҳбарлар ўзгаргани билан давлат стратегияси қолади барибир. Евроскептикларнинг ўсиб бораётгани Европа халқининг чарчаганини билдиради. Шу нарсани тушуниш керакки, юқорида айтилгандек, бу буфер ҳудуд, давлатларнинг ўз манфаати бор. Шу нуқтаи назардан Россия ҳам, Европа ҳам шундай ҳудуд қидиради ва иккаласи шу ерда тўқнашган.
Реал вазиятга қарамайдиган бўлсак, қайси томон устунлиги билан бўлса ҳам уруш тугатилиши керак, халқ чарчади. Ишлаб чиқариш давом этиши, ривожланиш давомли бўлиши керак. Халқ шуни талаб қиляпти.
Хайрулла Умаров: — Украина 1991 йил чегарага қайтиш позициясида, Россия эса босиб олинган ерларни сақлаб қолиш позициясида, бу уруш тугамаслигини билдиради. Россияни қўллашмаяпти, деган фикр бўлди, бундай эмас, қўлловчилар бор, айниқса, дрон ва янги технологиялар бўйича.
Икки томондан бири синмагунча уруш тўхтамайди. Синиш сиёсий бўлиши мумкин: Зеленский йил охирида ҳукуматдан кетиб янги ҳукумат келиши. Умуман, халқаро муносабатларда куч асосий рол ўйнайди, шу сабаб бу уруш давом этади.
АЭС масаласи. Россия ҳам, Украина ҳам АЭС портлашидан, техноген ҳолатдан манфаатдор эмас. Лекин Пентагондаги айрим генерал фикрича, Россия битта атом бомбаси ташласин, ўша зарарли ҳудудга ўзлари кириб бораверади, деган қарашлар бор.
Озиқ-овқат масаласи. Туркиядаги саммитда ҳам Украинадан дон маҳсулотини олиб чиқиб кетиш масаласи кўрилганди. ЕИ бу ғалла Африкадаги оч қолаётганларга чиқади деди, лекин 3 фоизи Африкага кетди, қолгани ЕИга. Сиёсат доим манфаатлар кураши.
Россия Пётр I давридан бери Қора денгиз назорати учун курашиб келади. Азов денгизи эса Пётр I қарашлари билан Россиянинг ички денгизи бўлиши керак деган концепция бор. Путинда ҳам шу нарса бор. Шу сабаб Россия Азов денгизидан воз кечмайди.
Туркияда АҚШ, Британия ва Туркия Россия қўшинларини Босфор ва Дарданелл бўғозидан чиқармаслик бўйича шартнома имзоланган. Россия Свестопол ва Одесса портларида ҳам назорат ўрнатиш масаласини қўйган.
АҚШдаги сайловлар ҳам уруш тақдири учун муҳим. Республикачилар вакили келса, Украина ёрдам бериш масаласида улар ёрдамни чеклайди, бу борада уларнинг қараши ўзгармайди. Конгрессда ҳам Украинага берилган ёрдам сўроқ остига олиняпти, чунки берилган қурол-яроғлар Африка, Яқин Шарқдан ҳам чиқиб келяпти.
— Куч фактори нуқтаи назаридан Украинанинг босиб олинган 4 та ҳудуди масаласига қандай қарайсиз?
Хайрулла Умаров: — Икки томон позицияси аниқ бу ерлар бўйича, энди куч қайси томонда бўлса ўша томон айтгани бўлади, Украина Россияни енгиши қийин масала. Бу ерда манфаатлар алмашинуви бор: “сен менга уни берасан, мен сенга буни”.
Камолиддин Раббимов: — Украина ҳудудий яхлитлиги бўйича МО давлатлари позицияси аниқ. Украина бу ҳудудларни йўқотиб урушдан чиқса, бу постсовет ҳудуди давлатлари, авваламбор МО, биринчи ўринда Қозоғистон учун тарихий зарба бўлади, яъни Россиянинг империячилик кайфиятини юқори даражага олиб чиқади.
Ўзбекистон ҳудудий яхлитлиги, бошқа қадриятларни шубҳа остига олган шахслар Ўзбекистон ҳудудига киритилмайди, деган қонун лойиҳаси таклиф қилинди. Бунинг асосий мақсадларидан бири Россиядаги империячиларга сигнал бериш.
Миллий давлатчилик тафаккури — муҳим тафаккур. Украина Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги давлат, яъни постсовет ҳудудида аҳоли бўйича Ўзбекистон учинчи ўриндаги давлат эди уруш бошлангунча, Украина иккинчи ўринда эди. Агар Украина ўз ҳудудини йўқотса, постсовет ҳудудида чегараларни қайта кўриш ўйини бошланганини билдиради. Путин яқинда келиб кетганда биз СССРни тиклаш ниятимиз йўқ, Ўзбекистонга ўхшаган мусулмонларни боқиш ниятимиз йўқ деган исломофобик фикрларини айтди, кейин сал юмшатди. Ўзи империячилар доим шундай гапиради.
Аммо бизнинг жамиятда сўнгги икки асирда бизни босиб олган, мустамлака қилган давлатни оқлаш, манфаатларини ҳимоя қилиш миллий манфаатларимиздан устун экани ҳайратланарли. Стокголм синдроми бу.
Шуҳрат Расул: — Агар уруш Россия фойдасига ҳал бўлиб, 4 та вилоятни олса, кейинги навбатда Қозоғистон шимолини олгиси келиб қолади. Россиянинг темирйўл тармоғи 120 км қисми Қозоғистондан ўтади, шуни ва ўша ердаги шаҳарларда яшовчи русларни баҳона қилади. Турли провокациялар қилади, Россия бу бўйича уста бўлиб кетган. Ўша ҳудудларда низо қўзғаб, бирорта республика эълон қилиниши мумкин. Қозоғистон билан стратегик иттифоқчилик келишувимизга кўра, Ўзбекистон ҳам бу конфликтга тортилиши эҳтимоли бор. Путиннинг бунақа СССР тиклаш ниятимиз йўқ деган гапларига учмаслик керак, Украина борасида бу гапни кўп айтган. Уруш бошланишидан бир ҳафта олдин ҳам бундай бўлмайди, деганди.
Ўзбекистон келажакдаги ҳар қандай стратегик хавфларнинг олдини оладиган даражада сиёсат олиб бориши керак.
Хайрулла Умаров: — Қандай механизм бўлиши керак бунинг учун?
Шуҳрат Расул: — Бунинг учун биринчидан, ҳозирги кўп векторли сиёсатимиздан воз кечмаслигимиз керак, шу Ўзбекистон учун кафолат бўлади. Иккинчидан эса Россиянинг маданий, ҳуманитар таъсирини камайтиришимиз керак. Улар кучли таъсир ўтказяпти ва баланс бузилиб кетяпти.
Камолиддин Раббимов: — Ҳозирги суҳбатимиз позиция ёки механизм ишлаб чиқиш учун эмас. Биз давлатга позиция ишлаб чиқиб берамиз, демадик. Украинанинг ҳудудий яхлитлиги Марказий Осиё давлатларининг ҳудудий яхлитлигига тенг деган гапни айтяпмиз.
Хайрулла Умаров: — Украинадан кейин Қозоғистонни, Ўзбекистонни босиб олади деган гап Ғарбнинг пропагандаси. Ҳар бир давлатнинг сиёсий ойкуменаси бор, бу ҳар қандай мафкуранинг негизини ташкил этади, бу нарса АҚШда ҳам, Францияда ҳам бор.
Россия Ғарбга қарши уруш олиб боряпти, иқтисоди пароканда. Унга Қарағандани олиш керакми? Қозоғистон ҳудудида Россиянинг қанча базалари бор, унга ҳозир яна муаммо керакми?
— Аммо Россиянинг ўзидан чиқяпти бундай босиб олиш ҳақидаги гаплар, Ғарб пропагандаси эмас. Бунга нима дейсиз?
Хайрулла Умаров: — Бунинг учун ойкумена концепциясини тушуниш керак бўлади.
Шуҳрат Расул: — Қозоғистонда қандайдир бошбошдоқлик бошланиб қолса, Россия киради ва у ерда ўзининг қўғирчоқ ҳукуматини ўрнатади. Қўғирчоқ ҳукумат эса эртага бизга Қозоғистон давлати керакмас, деб Россияга қўшилади. Шунда биз тўғридан тўғри Россия империяси билан чегарадош бўлиб қоламиз. Яъни ҳар қандай вариантлар бўлиши мумкин деган маънода гапиряпман буни.
Хайрулла Умаров: — Имкониятлар масаласи бор. Яъни Россиянинг имконияти етадими, деган масала.
Камолиддин Раббимов: — Россия таъсир қилиб бўлмайдиган давлат эканини бир неча марта кўрсатди.
Шуҳрат Расул: — Кўпчилик кўраётган аудиторияда ваҳима солмаслик керак. Қозоғистонни босиб олади, кейин бизга келади, дейиш ваҳима.
Камолиддин Раббимов: — Россия пропагандасига эътибор бериш керак. Қанча депутатлар, сенаторлар, ҳукуматга яқин одамлар фақат Қозоғистон ҳақида эмас, Ўзбекистон ҳақида ҳам гапиряпти. Қандай қилиб бу нарсага кўз юмиш мумкин? Ойкумена-пойкумена деб вазиятни юмшатиш керакмас. Кейинги икки асрда бизни босиб олган давлатга нисбатан бундай дейиш кетмайди.
Хайрулла Умаров: — Ойкумена доктринасида муайян ҳудуд устидан назорат бўлади. Биз ҳозир шу мафкура ишлаб чиқадиган пайтимизда Ўзбекистон ойкуменаси қаерда деган саволга жавоб топишимиз керак. Балки Россия ерлари Ўзбекистонга тегишлидир, Москва хонлари ўзбек бўлган тарихда.
Ғарб пропагандасининг мақсади МО ва Россияни уриштириб қўйиш. Нега АҚШда айтилган фикрлар бизга етиб келмайди-ю, Россияники етиб келади. Бу ҳам АҚШ пропагандасининг бир жиҳати.
Россияда гапириляпти экан деб биз қурол кўтариб Россияга қарши чиқишимиз керакми Украинага ўхшаб?
Камолиддин Раббимов: — Масалани жуда примитивлаштиряпсиз.
Хайрулла Умаров: — Россияга қарши уруш эълон қилишни таклиф этяпсизларми?
Шуҳрат Расул: — Россияга қарши қурол кўтариш ҳақида гапирилгани йўқ. Биз кўп векторли сиёсатни давом эттириш керак, деяпмиз.
Сайфиддин Жўраев: — Кўп векторлилик ташқи сиёсатда бўлади, ойкумена ўртасида фарқ бор бу билан. Бизда ҳозир катта босим бор, тўғри. Лекин Ўзбекистон ўз йўлидан қайтгани йўқ, қайтмайди ҳам.
Камолиддин Раббимов: — Биз ҳам айни шу ҳақида, ўз йўлидан қайтмаслик ҳақида гапиряпмиз.
Сайфиддин Жўраев: — Сиз айтган нарсалар одамларда ваҳима уйғотади.
Камолиддин Раббимов: — Одамларда ахборот эркинлиги бўлиши ва вазиятга холис, эркин таъсир кўрсатиш имкониятига эга бўлиши керак.
Хайрулла Умаров: — Хавф келяпти деявериш халқда душман деган фикрни уйғотади, Украинада ҳам шундай бўлган, Россия босиб олади деган гаплар бўлаверади.
Шуҳрат Расул: — Айтилганидек, босиб олди-ку, мана.
Хайрулла Умаров: — Туркияда бир танишим айтадики, ёши катта авлод нейтрал, ёшлар эса Россияни душман деб билади. Кўп векторли бўлсин, майли, лекин биз ахборот мафкуравий сиёсатини тўғри олиб боришимиз керак. Бизга ҳар тарафдан ойкумена келяпти, Эрон Самарқанд, Бухоро бизники дейди, Ҳиндистондан шундай гап бўлади.
Камолиддин Раббимов: — МО Россия ахборот ҳудудида ўтирибди, монопол бўлиб олган. Бизда ҳеч ким BBC, CNN каби каналларни кузатмайди, Россия каналларини кузатади. Давлат раҳбаримизнинг ўзи бизда ахборот мустақиллиги йўқ деб айтди, миллий контент яратиш масаласи кўтарилди.
Хайрулла Умаров: — Миллий контент ва ахборот мафкуравий хавфсизлик бошқа-бошқа нарса.
Камолиддин Раббимов: — Йўқ, айнан битта нарса булар.
Шуҳрат Расул: — Бу ерда Хайрулла Умаров фикрларини географик детерминизм томонидан тушунтиришга ҳаракат қиляпти. Шу бўйича алоҳида кўрсатув қилинса, унда гаплашсак бўлади.
Сайфиддин Жўраев: — Биз барча давлатлар билан ўз манфаатларимиз нуқтаи назаридан алоқа қилишимиз керак. Ўша давлатлардан келаётган ахборот ҳужумларига нисбатан миллий иммунитетимиз тикланяпти ва буни кучайтириш керак.
Минтақавий давлатлар билан ҳамкорлик, ҳамжиҳатликни йўқотмаслигимиз керак.
Камолиддин Раббимов: — Доим битта позицияни айтаман: Россиядан узилмаслик ва Россияга ютилмаслик. Россия билан тўқнашиши, у билан душман бўлиш керак, деётгани йўқ ҳеч ким. Биз Россия таъбир қилиб бўлмайдиган хавфли давлат деяпмиз, Украина уруши масаласидан келиб чиқиб. Украина ҳудудий яхлитлиги биз учун катта қадрият, давлатимиз, ташқи ишлар вазирлигимиз бир неча марта Украина ҳудудий яхлитлигини эътироф этиб баёнот берди. Каримов даврида ҳам шундай позицияда бўлганмиз. Қрим аннексиясидан кейин постсовет ҳудудида фақат Ўзбекистон бу масалада ўз эътирозини билдирган Россияга.
Шуҳрат Расул: — Расмий Ўзбекистон ҳукумати бирор марта Украина ҳудудий яхлитлигини шубҳа остига олгани йўқ. Давлатимизнинг позицияси шундай.
Хайрулла Умаров: — Яхшими-ёмонми, Россия ён қўшнимиз, мигрантлар боради. ЕИ давлатлари ҳам мигрантларни чақиряпти, лекин тил билиш керак, рус тилини биладиганлар эса кўпроқ бизда. Россиядан хавф бор деявериш мумкин, лекин Россия душман деган хулоса чиқиб қолади. Ҳушёрликка чорлаш дейиш мумкин, лекин бу ҳушёрлик ёмонликка ҳам олиб келиши мумкин.
Камолиддин Раббимов: — Ўта примитивлаштириш бўляпти, экспертлар даражасидаги гап эмас бу.
— Россия ва Украина томони келиша олмаётган шартлар қайсилар ва уруш тақдири қандай бўлади энди?
Сайфиддин Жўраев: — Украина ҳудудий яхлитлик ҳақида гапиряпти, Россия эса бунга кўнмаяпти. Бу ҳудудларда русийзабон аҳоли яшайди кўп, референдум ўтказган. Шу сабабли Россия бунга кўнмаса керак.
Запороже АЭС бўйича ҳам гап кетяпти. Хавфсизликни таъминлаш учун биргаликда қилиш мумкин, бироқ у ерда украиналиклар ишлаяпти. Лекин ядро хавфсизлиги нуқтаи назаридан назорат қилиб туриш керак, ҳозирча Россиянинг қўлидан келади бу, кейинроқ келишув бўлиши мумкин.
Украина Россия ўғирлаб кетган болаларни қайтариб берсин, деяпти. Лекин бу бўйича халқаро ташкилотлар билан иш кетяпти. Бу масаланинг ҳам кун тартибига қўйилиши 10 тадан ажратиб олиниб, суҳбат бошида айтганимдек, нимадир қилдик деб кўрсатиш учун бўляпти деб ўйлайман. Запороже АЭС ишлаб турибди, болалар алмашинуви кетяпти. Ҳозир урушни тўхтатиш бўйича иш бўлиши керак.
Урушга кирган икки томон келишиши керак бундай ҳолатда, бошқалар воситачилик қилади фақат. Швейцария саммити дейилганди, кейин конференция даражасига тушди. Келишувлар аҳамияти ҳам паст, ахборот майдонига қарасак.
Хайрулла Умаров: — Икки томон ҳам урушни тўхтатишни англаб етиши керак. Россия ўз позициясидан воз кечмайди. НАТО Россиянинг Қора денгиз флотини синдирмоқчи, урушнинг келиб чиқиш сабаби шунда, Украинадан фойдаланди шу мақсадда. Юқорида айтганимдек, Пентагонда Қримга ядро зарбаси бериб чиқиб кетиш концепцияси бор, шундай бўлса, Қора денгиз ҳудуди экологик бузилади.
Шуҳрат Расул: — Саммитнинг реал натижаси бўлмади умуман. Бу йилга бошқа саммитлар ҳам шундай натижасиз бўлади. Чунки томонлар позицияси бир-бирига жуда қарши. Россия 4 та ҳудудни талаб қиляпти, Украина 1991 йилги чегараларга қайтмоқчи, Россия ўша чегаралардан чиқиб кетсин, шундан кейин музокара бўлади, деяпти. Украина компенсация ҳам сўраяпти етказилган зарар учун. Икки томон позициялари яқинлашмас экан, ҳеч қанақа ўзгариш бўлмайди.
Иккинчи вариант бўлиши мумкин келажакда. Биринчиси, Ғарб босимни кучайтиради. Италия бош вазири Украина ғалабасини таъминлашимиз керак деди G7 саммитида. Шу маънода Ғарб томонининг ҳам эскалацияси кучайяпти, яъни Россия эскалациясига эскалация билан жавоб беряпти. Айтганимиздек, Россия мантиғи бўйича деэскалация учун эскалацияни кучайтириш керак. Лекин Ғарб Россия эскалациясига ён бермай, икки карра жавоб беряпти ҳар сафар. Шу тенденция бўлар экан, уруш якуни ҳақида гапириш қийин. Катта эҳтимол билан кейинги йил охирида нимадир дейиш мумкин бўлади.
Иккинчи вариант — урушни музлатиш. СССРнинг бунақа музлатиш бўйича тажрибаси катта бўлган, шу маънода Россияда ҳам тажриба бор бу бўйича. Агар уруш музлатилса, босиб олинган ерлар дефакто Россия қарамоғида бўлади ва Ғарбга тазйиқ ўтказиш учун механизм бўлиб қолиши мумкин.
Камолиддин Раббимов: — Кўпчиликда Трамп ҳокимиятга келса, уруш тақдири кескин ўзгаради, деган фикр бор, бунга қўшилмайман. Чунки Трампни таъбир қилиб бўлмайди, иккинчи томондан эса унинг атрофидагилар Трампга таъсир қилса, у кучлироқ эскалация амалга ошириши ҳам мумкин. Украинага ёрдам кўпайиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
20:40 / 07.11.2024
Google хариталардан Украинадаги ҳарбий объектлар тасвирини олиб ташлади
09:47 / 07.11.2024
ОАВ: Украина биринчи марта Каспий денгизидаги РФ кемаларини нишонга олди
11:29 / 06.11.2024
Украинага ёрдам: ЕИ АҚШ сайловлари натижаларини кутмоқда
21:46 / 05.11.2024