Ўзбекистон | 14:25 / 18.08.2021
26691
7 дақиқада ўқилади

Журналист тадбирда маълумот давлат тилида берилиши кераклигини айтди. Депутат саволни рус тилида беришни сўради

17 август куни АОКА мажлислар залида Гидрометеорология хизмати маркази вакиллари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланиши билан боғлиқ баҳсли вазият юзага келди.

Анжуманда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Елена Бабенко Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши бўйича стратегияси ҳақида рус тилида маъруза ва тақдимот қилди. Kun.uz сайти мухбири Илёс Сафаров эса ундан анжуман давлат тадбири экани ва унда маъруза қиладиганлар ҳам ўзбек тилида гапириши кераклигини сўради.

«Нега сиз, депутат бу тадбирга ўзбек тилида тайёргарлик кўрмадингиз ёки таржимон олиб келмадингиз?» – дея савол билан юзланди журналист.

Депутат Елена Бабенко эса журналистдан саволини рус тилида беришини сўради. «Саволингизни русча берсангиз. Мен бу мулоқотни ўз каналимга жойлайман. Каналимда Америкадаги ўзбек диаспораси вакиллари ҳам бор ва улар бажонидил русча гапиришади. Сиз ҳам саволни русча берсангиз, видеони каналимга жойлардим ва улардан ҳолатни муҳокама қилишларини сўрардим», деди у.

Елена Бабенко
Илёс Сафаров

Ушбу жавобдан кейин Илёс Сафаров Елена Бабенконинг қайси ҳудуддан депутатликка сайлангани, неча фоиз овоз олгани ва у ўз сайловчиларига қайси тилда тарғибот олиб боргани билан қизиқди.

 «Андижон, «эски шаҳар», 85 фоиз овоз олганман», деди Бабенко саволга жавобан.

У шунингдек, Ўзбекистоннинг 2030 йилгача бўлган иқлим ўзгариши бўйича стратегияси ҳам аввал рус тилида ёзилгани, кейинчалик ўзбек тилига таржима қилинганини қўшимча қилди.

«Чунки кўплаб халқаро ҳужжатлар рус тилида ёзилган», дейди Қонунчилик палатаси депутати.

Анжуман давомида тортишувга «Ўзгидромет» бош директори Шерзодхўжа Ҳабибуллаев ҳам қўшилди ва ўз фикрларини билдирди.

Шерзодхўжа Ҳабибуллаев

«Бизнинг соҳадагиларнинг 85 фоизи русийзабонлар. Мен соҳада илмни ушлаб қолиш тарафдориман. Мен илк бор бу соҳага келганимда олдимизда рус тилида ишлаш ва давлат тилини қўллаш масаласи турди.

Елена Бабенко ҳам иқлим ўзгариши бўйича стратегияни ишлаб чиқишда профессионал даражада ишлади. Муаммо мутахассис йўқлигида, биз шундан қийналдик.

Бизнинг соҳадагиларнинг 74 фоизи ўрта маълумотлилар. Яъни илм томондан ҳам қийналганмиз. Катта олимлар бор, лекин ёшларда узилиш бўлган.

Биз бу соҳада Россия билан яқиндан ҳамкорлик қиляпмиз, нега десангиз иқлим муаммолари бўйича бизга яқини Россия. Бу давлат билан қўшма факультет ҳам очяпмиз. Бу билан биз Европа, Жанубий Корея ёки Хитой билан ҳамкорликни четга сурмаймиз. Мана шу факультет битирувчилари соҳага кириб келгандан кейин соҳада атамаларни ўзбек тилида қўллаш ҳам осон бўлади.

Бизда экология муаммоларини кўтарувчи блогерларнинг аксарияти рус тиллилар. Биз шунинг учун ҳам ўз устимизда кўпроқ ишлаймиз», – Шерзодхўжа Ҳабибуллаев.

Маълумот учун, «Ўзбекистоннинг давлат тили ҳақида»ги қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг 9-моддасида давлат ҳокимияти ва бошқарув органларида иш давлат тилида юритилиши ва заруриятга қараб бошқа тилларга таржима қилиниши таъминланиши белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Олий Мажлис Сенати 2021 йил 26 июнь куни «Ўзбекистон Республикасининг Давлат тили тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни муҳокама қилди. 

«Қонунда амалдагисида мавжуд бўлмаган кўпгина меъёрлар белгиланмоқда. Хусусан, амалдаги «Давлат тили ҳақида»ги қонунда мазкур қонуннинг амалга оширилишини таъминлайдиган, бу соҳада ягона давлат сиёсатини олиб борувчи махсус давлат органи ва унинг ҳуқуқий мақоми билан боғлиқ масалалар умуман очиб берилмаган.

Бундан ташқари, давлат хизматчиларига нисбатан давлат тилини билишга оид талабларнинг белгиланмагани ҳам ушбу қонуннинг амалда ишламаслигига олиб келмоқда.

Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий соҳада ҳамда миллий қонунчиликда амалга оширилаётган ислоҳотларни тўлиқ акс эттириш ва «Давлат тили ҳақида»ги қонуннинг тўғридан тўғри амал қилишини таъминлаш мақсадида у янги таҳрирда ишлаб чиқилди», дейилади Сенатнинг қонунга берилган изоҳида.

Ушбу қонунда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятида давлат тилининг қўлланиши, иш юритиш тили, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ўтказиладиган тадбирларда давлат тилининг қўлланиши, норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар, шунингдек, уларнинг лойиҳаларида фойдаланиладиган тил, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларида ишлатиладиган тил, суд ишлари юритиладиган тил, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, фуқаронинг шахсини ва ҳуқуқларини тасдиқлашда қўлланадиган тил масалалари ҳам батафсил белгиланган.

Жумладан, унинг 9–моддасида «Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ўтказиладиган илмий ва касбий форумлар, симпозиумлар, конференциялар, семинарлар, шунингдек, тантаналар, тақдирлаш маросимлари ва бошқа тадбирлар давлат тилида олиб борилади.

Ўзбекистон Республикаси ташкил этадиган халқаро даражадаги тадбирлар, шунингдек, тегишли давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан хорижий давлатларда ўтказиладиган ҳамда мазкур ташкилотлар вакиллари иштирок этадиган тадбирларда бошқа тиллардан ҳам фойдаланилиши мумкинлиги белгиланган.

Kun.uz мухбири хабарни тайёрлаш жараёнида Қонунчилик палатаси матбуот хизмати раҳбари Наврўз Ризаевдан депутат Елена Бабенконинг тадбирдаги ҳаракатлари юзасидан изоҳ сўради.

«Амалдаги ва парламентнинг икки палатасида ҳам тасдиқдан ўтган янги қонунда ҳам Ўзбекистонда ўтказиладиган тадбирларнинг давлат тилида олиб борилиши белгиланган.

Ходимларининг давлат тилини ўрганишига шароит яратиб бериш эса ташкилот зиммасидалиги кўрсатилган. Биз ҳам депутатларимизнинг ўзбек тилини ўрганиши учун шароит яратганмиз. Бунинг учун алоҳида марказ ҳам қилинди.

Умуман, давлат тилини ҳурмат қилган депутатлар борки, давлат тилини ўрганяпти. Мана масалан, депутатимиз Эмма Аслонова ва Виктор Пак .

Эмма Аслонова яқинда катта бир маърузасини ҳам давлат тилида қилди», деди у.

Бир муддат аввал Давлат тилини ривожлантириш департаменти мудири Абдуғаффор Қирғизбоев ҳам давлат тилини билмайдиган ва унда гапирмайдиган раҳбарлар ҳақида фикр билдирганди.

«Бу – шармандалик, бу – уят. Майли, вазирлик ёки ташкилот раҳбари Америкада ўқиб келгандир, Германия, Англияда ўқиб келгандир. Унинг чет тилларини билиши жуда яхши, лекин Ўзбекистонда раҳбар лавозимида ишлаб, давлат тилини, она тилини билмаслик – бу шармандалик», деганди у.

Мавзуга оид