Фан-техника | 20:30 / 30.05.2015
8537
2 дақиқада ўқилади

Интернетда Виргиния ороллари яқинида сузиб юрган Стив Жобс яхтасининг суратлари пайдо бўлди

Интернетда Виргиния ороллари яқинида эркин сузиб юрган “Венера” яхтасининг суратлари пайдо бўлди. Таъкидланишича, Стив Жобс умрининг охирига қадар ушбу кемага зеб бериш билан шуғулланган.

Янги суратлар яхтанинг ташқи кўриниши ва айрим ички деталларини тўлақонли намойиш этиб бера олади. “Венера” илгари ҳам суратга олинган эди, аммо сафарги фотосуратлар илгаригиларидан сифати билан ажралиб туради.

Яхтани яратиш учун Жобс франциялик дизайнер Филипп Старкка мурожаат қилган. Бунга қадар Жобс дўсти Ларри Элисоннинг яхтасида бир неча марта дам олганди. Шундан сўнг у ўз яхтасига эга бўлишни ният қилди.

Аммо Жобс вафот этгач, “Венера” қурилиши якунланмай қолди. Бунинг учун яна бир йил сарфланди, аммо ишлар якунланмади.

Vanity Fair журналига берган интервьюсида Старк яхтада 6та ётоқхона ва уй автоматика мажмуаси борлигини маълум қилди.

“Стив унинг болалари яхтада вақт ўтказа олишини, ўзи эса шу пайтнинг ўзида каютада дам олишни ният қилганди. Тинчлик унинг учун муҳим жиҳат эди. Унинг уйидагилар оёқ учида юрарди. Болалари ҳам, рафиқаси ҳам, ити ҳам шовқин солмасди”, – унинг сўзларини келтиради нашр.

Бугунги кунда яхта Жобснинг турмуш ўртоғи Лорен Пауэлл Жобсга тегишли.