Жамият | 13:34 / 16.06.2015
2589
2 дақиқада ўқилади

Лондонда «Ўзбек киноси куни» бўлиб ўтди

2015 йил 11 июнь куни Ўзбекистоннинг Буюк Британиядаги элчихонаси ўзбек кинематографиясини халқаро майдонда тарғиб қилиш мақсадида «Ўзбеккино» Миллий агентлиги билан ҳамкорликда Лондонда «Ўзбек киноси куни» тадбирини уюштирди.

Ўзбекистоннинг Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Қўшма Қироллигидаги фавқулотда ва мухтор элчиси Отабек Акбаровнинг сўзларига кўра мазкур маданий-маърифий тадбирдан кўзланган асосий мақсад мамлакатимизнинг бугунги фаровон ҳаёти ва халқимизнинг миллий қадриятларини Лондон жамоатчилигига намойиш этишдан иборат эди.

Лондон-Сити ишбилармонлар марказида жойлашган Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банки бош қароргоҳи кинозалида ташкил этилган ва 300га яқин кино ихлосмандлари йиғилган тадбирда режиссёр Мирмақсуд Охунов томонидан 2008 йилда суратга олинган «Шабнам» бадиий фильми намойиш этилди.

«Ўзбеккино» МА масъул ходими Ася Батраеванинг қайд этишича давлат ва хусусий киностудиялар ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлган мазкур фильм Ўзбекистонда катта шуҳрат қозониб, кассабоплиги ва интернетда аудитория тўплаш борасида етакчи бўлган.

Намойишдан сўнг томошабинлар фильм ижодий гуруҳи вакиллари билан учрашиб, Ўзбекистонда кино санъатининг жорий ривожи ва истиқболи ҳақида маълумот олишди.

«Ушбу фильм драматургия жиҳатдан содда, унда ўткир сюжет линияси йўқ, албатта. Бизнинг қаҳрамонларимиз ўзлигини, севгисини англашга ҳаракат қилиб, оддий инсоний бахтга эришишга интилади. Бу каби фильмларда асосий конфликт ёшларнинг танлов эркинлиги ҳамда уларнинг кекса авлод вакиллари билан муносабатлари ҳисобланади», – дейди фильм режиссёри Мирмақсуд Охунов.