Фан-техника | 17:22 / 30.06.2015
37405
4 дақиқада ўқилади

Telegram’дан фойдаланувчилар учун 8 маслаҳат

Мессенжерлар бугунги кунда оддий SMS-хабарларнинг ўрнини тўлиқ эгаллаб бўлди. Улар тезкорлик, кўп функционаллик ҳамда бошқа турли хил қулайликларга эга. Мессенжерлар орасида Whatsapp ҳамда Telegram бошқаларига нисбатан анча оммабоп ҳисобланади. Бугун Telegram мессенжеридан фойдаланувчилар учун 8 та керакли маслатларни берамиз. Марҳамат. 


Тез-тез махфий чатлар яратиб туринг


Махфий чатлар (Secret Chats) нафақат ўзи ўчиб кетадиган хабарлар ҳамда юқори хавфсизликни, балки бир нечта инсон гаплашиш имконини ҳам беради. Махфий чатлар Telegram базасида сақланмайди ва ўз аккаунтингиздан чиқиб (Log out) кетишингиз билан улар ҳам ўчиб кетади.


Жавоблар, эслатмалар ҳамда хештегларни белгиланг


Узоқ давом этадиган суҳбатлар ҳамда гуруҳларда чалғиб қолиш ҳеч гап эмас. Шу сабабдан уларни таркиблаш, яъни жавоб ёзиш учун керакли хабарни белгилаб, Reply босилгач, @ белгиси орқали керакли инсонларни белгилаш, шунингдек, турли хил мазмундаги хабарларни # белгиси орқали хештеглардан фойдаланиб, хабарларни топишни осонлаштириш мумкин.


Telegram’да фойдаланувчи исмини рўйхатдан ўтказинг


Телефон рақамингизни билмайдиган фойдаланувчилар сизни исмингиз орқали топишлари мумкин. Шунингдек, сиз ўз аккаунтингиз учун telegram.me/[НИКНЕЙМ] форматидаги url-манзил яратишингиз мумкин. Бордию, сиз хоҳлаган исм банд бўлса, қўллаб-қувватлаш хизматига уни олиб беришга ёрдамлашади. Бунинг учун сиз 2 ёки 3 та машҳур ижтимоий тармоқларда шу ном билан рўйхатдан ўтган бўлишингиз керак.


Сўнгги маротаба онлайн бўлган вақтингизни бегоналардан беркитиб қўйинг


Созламалар ичида Settings — Privacy and Security — Last Seen бўйича кириб, My Contacts’ни танланг ва сиз ташриф буюрган вақт фақатгина дўстларингиз учун кўринади. (бундан ташқари, Nobody’ни ҳам танлаш орқали сўнгги ташриф вақтини барчадан беркитиш мумкин. )


Ўз аккаунтингиз хавфсизлигини оширинг


Телефон рақами ёрдамида авторизация қилиш ҳам ишончли бўлса-да, доимо энг яхши усулдан фойдаланган маъқул.  Бунинг учун Privacy and Security менюсида иккитомонлама аутентификацияни қўшимча паролни орқали ёқиш, уни тиклашни эса электрон почта орқали белгилаш керак бўлади. Шу бўлимнинг ўзида иловани рақамли пароль билан ҳимоялаш имкони ҳам мавжуд.

Манба: Xabardor.uz интернет нашри


Илованинг кэш хотирасини тўлдириб юборманг


Мессенжер орқали олинадиган сурат, видео, аудио ҳамда бошқа файллар доим ҳам керак бўлавермайди. Шу сабабдан уларни телефон хотирасида сақлаш шарт эмас. Кэшни тозалаш учун Chat Settings — Cache Settings бўлимига кириб, бир ҳафтадан ортиқ муддат ичида фойдаланилмаган файллар автоматик тарзда ўчириб юборилишини белгиланг.


Бошқа фойдаланувчиларда бор стикерлар тўпламини қўшинг


Telegram мессенжерида стикерлар сони жуда кўп. Бироқ илованинг ўзидан уларни қидириш имкони мавжуд эмас. Агар сизга суҳбатлашиш жараёнида кўрган стикер манзур келган бўлса, уни босиш ҳамда Info > Add Stickers қилиб белгилаш орқали шу тўпламдаги барча стикерларни ўзингизга кўчириб олишингиз мумкин бўлади.


Суҳбатда ботларни қўшинг


Яқинда Telegram мессенжерида ботлар яратиш имкони мавжуд бўлган тўлақонли платформа яратилди. Энди оддий чат-ботлардан ташқари оддий ҳамда GIF-суратлар ва видео қидириш имконини берувчи, шунингдек, турли мавзулардан сўровлар ўтказиш ва об-ҳаво маълумотини билиб берувчи ботлар ҳам мавжуд.