Light | 17:52 / 13.07.2015
8494
2 дақиқада ўқилади

Жаннат райҳонларига меҳр-мурувват!

Муқаддас динимиз Исломда жамиятнинг ҳар бир аъзосига алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Зеро, хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир. Жумладан меҳр-мурувватга муҳтож етим болалар ҳам.
Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар билан бир қаторда тирик етимлар ҳам етарлича топилади. Уларнинг ота-онаси маълум сабабларга кўра ўз фарзандларини ташлаб кетганлар. Бироқ унутмаслик керакки, улар охиратда бунинг жавобини берадилар, фарзандларидан нима сабаб тонганлари, нима учун уларга меҳр-мурувват кўрсатмаганлари ҳақида сўроққа тутиладилар.


Динимиз Исломда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш, етимнинг ҳаққини емаслик лозимлиги бот-бот таъкидланади. Жумладан, Аллоҳ таоло Анъом сурасининг 152-оятида шундай деган: “Етимнинг молига то у вояга етгунича энг чиройли йўллар билангина яқинлашинг!” Ушбу оятда етимга валий бўлган кишиларга қарата: етимнинг молини зое қилманглар, уни яхшилик йўли билан тасарруф қилинглар, унинг молини кўпайтириб, етимнинг тарбияси, таълими ва таом-либоси учун сарфланглар! –деб таъкидланмоқда.
Бу борада давлатимиз томонидан амалга оширилаётган ишлар таҳсинга лойиқ. Айниқса, қатор ташкилотларнинг хамкорликда ташкил этилаётган хайрия тадбирларининг ўтказилиши юксак аҳамиятга эга.
Шу йилнинг 10 июл санасида, Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги Тошкент вилояти Бўстонлиқ тумани Қизилсув қишлоғида жойлашган "Меҳрибонлик" соғломлаштириш оромгоҳида "Халқ таълими вазирлиги", "UZINFOCOM" маркази "ZiyoNET" бўлими, "Muxlis.uz" ва Hozirchashu.com сайти ҳамда "Sog`inch Sadosi" онлайн радиоси ҳамкорлигида "Болаларга беринг дунёни бир кун" шиори остида хайрия тадбири ташкил этилди.

“Шайх Зайниддин” жоме масжиди матбуот хизмати