Жамият | 22:19 / 23.07.2015
19027
2 дақиқада ўқилади

Бекхэм мексикалик оилага 100 минг доллар ҳамда оиланинг ҳар бир аъзосига 10 йиллик алоқа пули тўланган iPhone совға қилди

Англия ва дунё футболи афсонаси Дэвид Бекхэм яна бир олийжаноб ишни амалга оширди. “Реал Мадрид”нинг собиқ футболчиси Fox каналидаги Knock Knock Live кўрсатувчида иштирок этди ҳамда мексикалик собиқ футболчи Гонсалеснинг оиласини хурсанд қилди.

Ушбу кўрсатувда машҳур инсонлар катта миқдордаги пулга чек бериш учун кам таъминланган оилаларнинг уйига меҳмонга боради. Бекхэм мексикалик Виктор Гонсалесни танлади.

Виктор профессионал футбол билан шуғулланган бўлиб, фаолиятини якунлагач, оиласини таъминлаш учун қурилишга ишга кирди. Унинг фарзандлари ўз отаси билан бир ойда бир маротаба учрашади.

Бекхэм 7 нафар кишидан иборат бўлган оила билан яқиндан танишиш учун уларнинг уйига меҳмонга борди. Дэвид ўз ташрифи билан барчани ҳайратда қолдирди. Бироқ футболчининг совғалари уларни янада хурсанд қилди.

Бекхэм оиланинг ҳар бир аъзосига 10 йиллик алоқа учун пули тўланган янги iPhone ҳамда оила бекаси Клаудияга 100 минг долларлик чек солинган конвертни топширди.

Бу совғалар оила аъзоларини бефарқ қолдирмади ва улар қувонч кўз ёшларини тия олишмади.

Виктор Гонсалес эса Дэвид Бекхэм ўзининг севимли ўйинчиларидан бири эканини айтди. 

Совғаларни топшириб бўлгач, Бекхэм оила аъзолари билан футбол ўйнади.