Жаҳон | 15:47 / 29.07.2015
5882
1 дақиқада ўқилади

Мулла Умарнинг ўлими анча вақт олдин юз бергани хабар қилинди

Афғонистон ҳукуматидаги манбалардан бири "Толибонлар" етакчиси мулла Муҳаммад Умарнинг тирик эмаслигини тасдиқлаган. Бу ҳақда Interfax.ru нашри хабар берган.

Ҳозирча "Толибонлар" бу маълумотга муносабатини билдирмади. Лекин, расмий баёнот берилиши кутилмоқда.

Манбанинг маълум қилишича, жангарилар етакчиси бундан 2-3 йил муқаддам ўлдирилган.

Қайд этиш жоизки, мулла Умарнинг ўлими ҳақида бунгача ҳам бир неча марта хабар қилинган, бироқ ҳукумат расмийлар илк марта бу ҳақда чиқиш қилишди.

Маълумот учун, мулла Умар Афғонистонни Собиқ Иттифоқ аскарлари тарк этганидан кейин, ҳудуддаги жангарилар ўртасидаги жангларда устун келиб, уларни бирлаштирганди.

2001 йилда мулла Умар "Ал-Қоида" раҳбари Усама бин Ладенни қўллаб-қувватлагани туфайли АҚШ қўшинлари Афғонистонга кириб келганди. Ўшандан бери мулла Умарнинг қаердалиги маълум эмасди.

АҚШ ҳукумати унинг боши учун 10 млн доллар мукофот эълон қилганди.