Аргентина осмони узра катта ўлчамдаги оловли шар учиб ўтди
Аргентинада минглаб одамлар фалакда оловли шар учиб ўтганининг гувоҳи бўлдилар. Воқеа гувоҳлари ижтимоий тармоқларда дарҳол бу ҳолат акс этган фотосуратлар ва видеоёзувлар билан бўлишишни бошладилар.
Астрономларнинг айтишича, бу метеор бўлган. Метеорлар – астероидлар ва кометаларнинг майда бўлаклари бўлиб, доимий равишда Ерни “бомбардимон” қилиб турадилар, бироқ улардан аксарияти атмосферада тўлиқ ёниб кетади. Аргентинадаги ҳолат шуниси билан эътиборлики, уни минглаб одамлар смартфон ва камераларга ёзиб олдилар.
Мутахассисларнинг баҳолашича, YouTube “юлдузига” айланган Аргентина осмони узра учиб ўтган ушбу метеорнинг ўлчами 1 метрдан катта бўлмаган. Унинг яшил ёруғлик билан бориши эса ионлашган қизиган кислород айнан шундай тус олиши билан тушунтирилади.
Сайёрамиз атмосферасида ёниб йўқ бўлиб кетган ушбу жисмни нафақат Аргентинада, балки Уругвай ва Бразилиянинг жанубида ҳам кўриш мумкин бўлди.