Жаҳон | 23:31 / 03.08.2015
11392
2 дақиқада ўқилади

Нью-Йоркда самолётдан ўзиб кетган НУЖ баҳс-мунозараларга сабаб бўлди

Интернетда Нью-Йоркдаги Жон Кеннеди номидаги аэропортдан учиб чиққан самолётдан ўзиб кетган сирли жисм акс этган видео пайдо бўлди.

Ушбу антиқа видеони Virgin Atlantic авиакомпаниясига тегишли самолётлардан бири ҳавога кўтарилганида Рик исмли ҳаваскор режиссёр олишга муваффақ бўлди.

Видеода ўзгасайёраликлар кемасига ўхшаш сирли жисм йўловчи самолётига етиб олиб, ундан ўзиб кетганини кўриш мумкин.

“Менинг фикримча бу номаълум учар жисм бўлган, чунки менда бунга бошқача изоҳ йўқ. Мен видеони дўстларимга кўрсатганимда бизнинг фикрларимиз турлича бўлди, шунинг учун мен видеони интернетда жойлаштиришга қарор қилдим”, деб айтди Рик The Daily Mirror нашрига берган интервьюсида.
Интернетда видео борасида анча шиддатли баҳс-мунозара кўтарилди. Кимдир видеода оддий қушни кўрганини айтса, кимдир буни видеомонтаж ёки кадрга шунчаки ёт жисм тушиб қолганини айтган. Бироқ уфология соҳасидаги мутахассислар бундай кескин фикрлар билдиришга шошилмаяптилар.
“Буни ҳақиқатда нима эканини айтиш қийин. Боз устига видеонинг сифати ҳам кўнгилдагидек эмас. Бироқ шуни айтиш мумкинки, бу жисм қушга унча ўхшамайди. Агар яхшилаб қаралса, бу НУЖ эканлигини ҳам кўриш мумкин”, деб айтмоқда британиялик уфолог Русь Келлетт.