Tesla электромобиллар учун роботлаштирилган қувватлаш қурилмаси прототипини намойиш қилди
Январь ойида Tesla компанияси ўзининг электромобиллари учун роботлаштирилган қувватлаш қурилмаси прототипини яратмоқчилиги маълум қилинганди. Хабарда қурилма ўзининг якунланган кўринишида автомобилга “механик илон” каби уланиши айтилган эди. Бироқ бу ҳақда батафсил маълумотлар берилмаган. Бугун Tesla твиттер орқали бу қувватлаш станциясининг прототипини намойиш қилди.
Қувватлаш станцияси ҳақиқатда ҳам роботлаштирилган механик илонга ўхшайди. У автомобилнинг қувватлаш коннекторига олиб борилиб, унга уланади. Таъкидлаш жоизки, бу прототип қурилманинг кичрайтирилган нусхаси бўлиб, автоматик қувватлаш қурилмасининг сўнгги версияси бу прототипдан бошқачароқ ва йирикроқ кўринишга эга бўлиши мумкин.
Аввалроқ Tesla компанияси эгаси Элон Маск янги қувватлаш қурилмаси универсал бўлиб, компаниянинг барча автомобиллари билан ишлай олишини маълум қилган эди.