Жаҳон | 18:33 / 11.08.2015
6317
2 дақиқада ўқилади

Атырау яқинидаги Урал дарёси суви ноодатий яшил тусга кирди

8 август куни Қозоғистоннинг Атырау шаҳри яқинида Урал дарёсининг суви ноодатий яшил тусга кирди. Қайд этилишича, бу вақтда Урал суви ўзидан “органик ҳид” чиқаришни бошлаган.

Биринчи кундаёқ дарё сувидан намуналар олинган бўлиб, дастлабки таҳлиллар сувдаги ҳид 4 балл, рангдорлик даражаси эса 33 даражани ташкил этган. Бу кўрсаткичлар ичимлик сувида 2 балл ва 17 даражани ташкил этган.

Бундай ўзгариш шаҳардаги ичимлик суви сифатига ҳам салбий таъсир кўрсатгани боис ичимлик сувини тозалаш тизимлари кучайтирилган тартибда ишламоқда, дея хабар берди «Атырау Су Арнасы» коммунал сув ташкилоти.

“Тахминий ҳисобларга кўра, мазкур бирикма органик асосга эга бўлиб, кимёвий бўёқ эмас. Айни пайтда Экологик департаменти билан ҳамкорликда дарёдан намуналар олмоқдамиз. Қуйи қисмидан намуналар олдик, энди дарёнинг юқори қисмларидан ҳам тўплашга йўл олдик”, дейди «Ак Жайык» нашрига Атырау вилоят табиатни муҳофаза қилиш прокуратураси вакили Жаксылык Сакимов.