«Челси» шифокори Ева Карнейро жамоа машғулотлари ва ўйинларида ишлашдан четлатилди
"Челси" жамоаси шифокори Ева Карнейро бош мураббий Жозе Моуриньонинг танқидидан кейин жамоа машғулотларида ишлашдан четлатилди. Бу ҳақида “The Telegraph” нашри хабар бермоқда.
Эслатиб ўтамиз, Моуриньо “Суонси”га қарши ўйинда жамоа шифокорлари ўйинни яхши тушунмаслигидан нолиб, улардан очиқчасига норози бўлганди. Ўшанда Ева Карнейро Эден Азар рақиб билан тўқнашиб кетганидан кейин унга ёрдам бериш учун майдонга югуриб чиққанди ва мураббийнинг норозилигига сабаб бўлганди.
Бунинг натижасида Азар шифокорлар билан бирга майдонни вақтинчалик тарк этишга мажбур бўлган, шундоқ ҳам бир киши кам ўйнаётган “Челси” футболчилари эса майдонда 9 нафар бўлиб қолишганди.
Карнейро клубда ишлашда давом этади, фақат жамоанинг машғулотлари, футболчилар жойлашган меҳмонхоналар ва ўйинларга бормайди. Шунингддек, у захира ўриндиғида ўтириш ҳуқуқидан маҳрум бўлди.
Шу тариқа, Ева Карнейро "Челси"нинг 15 август куни "Манчестер Сити"га қарши ўтказадиган 2 тур учрашувида ҳам майдон ҳудудида бўлмайди.