Фан-техника | 15:23 / 13.08.2015
4191
2 дақиқада ўқилади

Hyundai компанияси бўлғуси преимум-моделларнинг нишонасини намойиш қилди

Hyundai компанияси Лос-Анжелесдаги санъат музейида Vision G номли концептуал купесини намойиш қилди. Компания ушбу прототипни “бўлғуси премиум-моделлар оиласини яратиш учун илҳом берувчи машина” деб атади.

Концепт-кар компаниянинг АҚШдаги дизайн студияси томонидан яратилди. Шунга қарамасдан, прототипнинг яратилишида Hyundai’нинг бошқа давлатлардаги бўлинмалари ҳам иштирок этди.

Vision G автомобили 5 литрли 8 цилиндрли Tau оиласига мансуб двигатель билан жиҳозланди. Двигателнинг қуввати 420 от кучи ва 519 Нм айланиш лаҳзасини ташкил қилади. Машинада қандай узатмалар қутиси қўллангани номаълум, бироқ охирги авлод Genesis седанида шундай двигатель 8 поғонали “автомат” узатмалар қутиси билан жуфтликда ишлайди.

16 августда Hyundai Vision G прототипи АҚШнинг Пеббл Бич шаҳрида башанглик танловига қўйилади.

Бунгача Hyundai томонидан намойиш қилинган охирги прототип Enduro концепт кари бўлган эди. Автомобиль апрелда Сеул автосалонида илк бор намойиш қилинган. Компания Enduro ва Vision G моделларининг серияли тарзда ишлаб чиқарилиши бўйича ҳеч қандай маълумот тақдим қилмади.