Гондураслик қиз дафн этилганидан бир кун ўтиб тобут ичида уйғониб кетди
Гондураслик 16 ёшли Нэйси Перез дафн этилганидан бир кун ўтиб тобут ичида уйғониб кетди. The Telegraph нашрининг маълум қилишича, қизни тобут ичидан чиқариб олишгунига қадар унинг жони узилган.
Ла Энтрада шаҳрида истиқомат қилувчи Перез отишма овозини эшитиб, қўрққанидан ҳушидан кетган. Маълум қилинишича, ўша пайтда унинг қорнида уч ойлик ҳомила бўлган. Қизнинг лабларида кўпик кўрган ота-онаси унинг ичига ёвуз руҳлар кириб олган деб ҳисоблаб, маҳаллий роҳибни чақиришган. Экзорцизм маросимидан сўнг қизни шифохонага олиб боришган, аммо шифокорлар унинг жони узилганини маълум қилишган.
Перез никоҳ либосида дафн этилган, негаки у бир ой муқаддам турмушга чиққан эди. Бир кундан сўнг унинг турмуш ўртоғи Руди Гонзалес қабристонга келганида қабр ичидан келаётган бўғиқ товушни эшитган. У дарҳол қариндошларини ёрдамга чақирган.
Қабр очилиб, тобут синдирилганда қиз ҳали тирик бўлгани айтилмоқда. У тезда шифохонага олиб келинганига қарамай, Нэйсининг ҳаётини сақлаб қолишнинг иложи бўлмади.
Тиббиёт ходимларининг тахмин қилишича, қўрқувдан ҳушини йўқотган қизнинг юраги вақтинчалик тўхтаб қолган. Бундан ташқари, қизда катаплексия хасталиги бўлгани айтилмоқда.