Жаҳон | 23:12 / 26.08.2015
3308
1 дақиқада ўқилади

Перу полицияси пингвин ортидан пойгага тушди

Перунинг Анкаш вилоятида Гумбольдт пингвини иштирокида антиқа воқеа юз берди, деб хабар бермоқда The Daily Mirror нашри. Нуэво-Чимботе аҳолиси ўзини “талмовсираб ва ҳовлиққан” тарзда тутаётган, автомобиллар орасида юрган қуш ҳақида полицияга хабар беришган. Пингвин қандай қилиб уни кўришган жойда пайдо бўлгани номаълум, бироқ у йўлда кетаётган машинадан тушиб қолгани тахмин қилинмоқда.

Воқеа жойига етиб келган полициячилар қочишга уста чиқиб қолган пингвинни дарров тута олмадилар. Нашрнинг таъкидлашича, перулик полициячилар “дунёдаги энг мулойим пойгани” уюштиришди.

Охир-оқибат қўрқиб кетган қуш қўлга олинди. Уни пижак билан ўраб, машинага солиб, полиция бўлимига олиб боришди ва у ерда балиқ билан меҳмон қилишди. Полициячилар унга ҳаттоки Пингви дея лақаб ҳам қўйишди. Пингви ҳайвонот боғига берилиши кутилмоқда.